Қаршидаги колонияда маҳкум лезвие билан ўзига бир неча бор жароҳат етказди

896

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги қамоқхонада 19 ёшли йигит ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан Қарши махсус прокурори ходимларга нисбатан иш қўзғатганлиги ва тергов ҳаракатлари бошланганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бош прокуратура матбуот хизмати шу бўйича қуйидагиларни маълум қилди.

Аниқланишича, Қарши шаҳридаги манзил-колониясида жазо ўтаётган маҳкум Д.Ж. муассасада жойлашган озиқ-овқат дўконидан чиқиб, чўнтагида бўлган соқол олиш учун мўлжалланган олмос бўлаги (лезвие) билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилган.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, маҳкумда енгил тан жароҳатлари аниқланган.

Қарши махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Қарши махсус прокурори колония ходимларига нисбатан иш қўзғатганлиги ва тергов ҳаракатлари бошланганлиги ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.