ССВ: “Тез ёрдам” хизматида фаолият олиб бораётган шифокорлар сони 13 ярим минг нафардан ошди

913

2021 йилнинг айни шу даврига келиб, “тез ёрдам” хизматида меҳнат қилаётган шифокорлар сони 13 минг 660 нафарга етди ва соҳани ушбу кадрлар билан таъминланганлик даражаси 90 фоизни ташкил қилмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг энг муҳим йўналиши бўлган тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, бундан 4-5 йил аввал тез тиббий ёрдам хизматида кадрлар масаласи энг оғриқли муаммолардан бири эди. Шу боис, кейинги йилларда айнан мазкур йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, “103” хизматини етук ва малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга жиддий эътибор берилди.

Натижада 2021 йилнинг айни шу даврига келиб, соҳада фаолият олиб бораётган шифокорлар сони 13 минг 660 нафарга, таъминланганлик даражаси эса 90 фоизга етди.

Жумладан, бу кўрсаткич Наманган ва Бухоро вилоятларида 100 фоиз, Самарқанд вилоятида 99 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон вилоятида 96 фоизни ташкил қилмоқда.

“103” хизматида фаолият юритаётган шифокорларнинг 2289 нафари юқори малака тоифасига, 2385 нафари 10-20 йиллик, 2057 нафари эса 20 йилдан ортиқ стажга эга.

Шунингдек, ҳозирги пайтда “тез ёрдам” хизматини реаниматолог-шифокорлар билан таъминлаш борасида ҳам ижобий кўрсаткич қайд этилиб, тизимда фаолият олиб бораётган ушбу мутахассислар сони 661 нафарга етказилди. Бу борада энг яхши кўрсаткич Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда “103” хизмати тўлиқ ушбу мутахассислар билан таъминланган.

Шу билан бирга, бугунги кунда соҳада меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари 28 минг 408 нафар, таъминланганлик даражаси 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айтиш лозимки, уларнинг 5361 нафари юқори малака тоифасига, 5637 нафари 10-20 йил, 4145 нафари эса 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ўрта тиббиёт ходимларидир.