Аккредитация соҳасида халқаро стандартлар: биз фақат қабул қилувчи эмас, қоидаларни ўрнатувчи томон даражасига чиқмоғимиз лозим

1494

“Ўзбекистон аккредитация маркази”нинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шахноза Юлдашова билан суҳбат

— Шахноза Ахматовна, аккредитация фаолиятини халқаро талабларга мослаштиришда соҳага халқаро стандартларни кенгроқ жорий қилиш мақсадга мувофиқ кўрилади. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Бу борадаги ишлар қандай кетяпти?

— Аввалом бор, стандартлар ким томонидан ишлаб чиқилиши ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман. ISO (ISO — International Organization for Standardization) Халқаро стандартлаштириш ташкилоти деган идора мавжуд. Унга 1946 йил иккита: ISA (International Federation of National Standardizing Associations) ва UNSCC (United Nations Standards Coordinating Committee) ташкилотлари негизидаги 25та стандартлаштириш бўйича миллий ташкилотлар томонидан асос солинган. ISO товарлар ва хизматларнинг халқаро алмашинувини таъминлаш мақсадида дунёда стандартлаштириш ва унга алоқадор фаолиятни ривожлантиришга кўмаклашади, шунингдек интеллектуал, илмий, техник ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириб боради. Халқаро стандартлар айнан мана шу ташкилот доирасида ишлаб чиқилади.

Стандартларнинг яратилиш жараёнида дунё мутахассисларини ўзида қамраб олган техник қўмиталар иштирок этади. Албатта, бу узоқ давом этадиган жараён. Дастлаб стандартнинг йўналиши, унинг талаблари қандай бўлиши керак деган саволлар таҳлил қилинади. Дунё бўйича энг яхши амалиёт, тажриба ва фикрлар ўзаро бахслашув орқали ўрганилиб, умумий ечимга келинади.

— Ушбу техник қўмиталарнинг аъзолари ким?

— ISO доирасидаги техник қўмиталарнинг аъзолари бу миллий стандартлаштириш идораларидаги мутахассислар. Шунингдек, Миллий стандартлаштириш идораси орқали соҳа бўйича эксперт лаёқатига эга бўлган исталган мутахассис Халқаро стандартлаштириш ташкилоти доирасидаги техник қўмитанинг аъзоси бўлиши мумкин. Ҳудди шундай, маҳаллий мутахассисларимиз стандартлаштириш бўйича миллий техник қўмиталар иштироки орқали Ўзбекистон номидан Халқаро стандартлаштириш бўйича техник қўмита фаолиятида қатнашиш имкониятига эга. Ёки мамлакатимиздаги миллий стандартлар ишлаб чиқиш бўйича техник қўмиталарнинг аъзолари ўз фикрларини халқаро майдонга кўтариб чиқишлари ҳам мумкин. Бу жараён Халқаро стандартлаштириш ташкилотига аъзо бўлган Ўзбекистондаги миллий стандартлаштириш идораси орқали амалга оширилади.

— Сиз айтиб ўтган ISO ташкилотининг техник қўмитасида Ўзбекистондан ҳам вакиллар борми?

— Айнан мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги халқаро стандартлаштиришда ISO доирасидаги ISO/CASCO (Committee on conformity assessment — Мувофиқликни баҳолаш бўйича қўмита) қўмитаси фаолиятида Ўзбекистондан вакиллар қатнашадилар.

Бу мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги стандартларни ишлаб чиқувчи махсус қўмитадир. CASCO маҳсулотлар, хизматлар, жараёнлар ва сифат тизимларининг стандартлар талабига мувофиқлигини тасдиқлаш, ушбу фаолият амалиётини ўрганиш ва маълумотларни таҳлил қилиш масалалари билан шуғулланади. Қўмита маҳсулотлар, хизматлар, сифат тизимларини сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш, синов лабораториялари ва сертификатлаштириш органларининг ваколатларини тасдиқлаш бўйича кўрсатмаларни ҳам ишлаб чиқади. CASCOнинг муҳим йўналиши халқаро ва минтақавий мувофиқликни баҳолаш тизимларининг ўзаро тан олиниши ва қабул қилинишига кўмаклашиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш, синов, сертификатлашириш ва тасдиқлаш соҳасида халқаро стандартлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистондан Аккредитация марказининг икки вакили, жумладан, мен ҳам, CASCO аъзоси ҳисобланамиз ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этамиз. Биз шу кунгача 20дан ортиқ янги яратилаётган стандарт лойиҳалари ёки қайта кўриб чиқилаётган стандартларга овоз бериш жараёнида қатнашиб, ўз фикр мулоҳазаларимизни билдирганмиз ва билдириб келмоқдамиз. Тартиб бўйича, ҳар бир янги қабул қилинган стандарт 5 йил ўтгач, қайта кўриб чиқилади. Чунки 5 йил ичида стандартлар ўзига хос синовдан ўтади, ютуқ ва камчиликлари кўринади, қолаверса, шароит ва талаблар ўзгаргани сари, кун талаби ўлароқ қанчалик долзарб ва бугунги кунга қанчалик жавоб бериши нуқтаи назаридан ўрганилиб, овозга қўйилади. Ўзбекистон вакиллари мана шу жараёнларда қатнашиб, техник қўмитада ўз амалиётлари билан бўлишиб келмоқдалар.

— Соҳага халқаро стандартлар қай тарзда жорий қилинади? Тўғридан тўғрими ёки уйғунлаштирган ҳолда?

— Бу ўринда стандартларни қабул қилиш бўйича тушунча бериб ўтмоқ жоиз. Халқаро стандартлар аслида уч усулда давлатлар томонидан миллий стандарт сифатида қабул қилинади. Биринчиси, тўғридан тўғри қабул қилиш- бунда стандартга ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди;

Иккинчиси, ўзгартириш киритилган, яъни модификация қилинган ҳолда қабул қилиш — бунда Миллий стандартлаштириш идораси томонидан юритиладиган техник қўмита мутаҳассислари давлатнинг ички манфаатлари, қонунчлиги, шароитга мослиги нуқтаи назаридан стандартни кўриб чиқиб, ўзгартиришлар киритиб, қабул қиладилар.

Учинчи бир қабул қилиш усули эса — стандартнинг “нон эквивалент” (non equivalent), яъни мос бўлмаган, уйғунлашмаган тарзда қабул қилинишидир.

Хўш, мос бўлмаса у қандай қилиб амалиётга жорий қилинади, деган савол туғилиши табиий. Бу ҳолатда унга киритиладиган ўзгаришлар 50 фоиздан кўп бўлади. Стандартга киритилган ўзгаришлар 50 фоиздан кўп бўлса, эквивалент бўлмаган холда стандарт қабул қилинади.

Аксарият экспертлар, халқаро стандартларни уйғунлашган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. Нега деганда, стандартлар, таъкидлаб ўтганимиздай, ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади. Демакки, биз стандартни уйғунлашган ҳолда қабул қилсак, кейинги 5 йилликда унга киритилаётган ўзгартиришларни кузатиб боришимиз, билишимиз ва унга тайёр бўлишимиз мумкин. Яъни, кузатувчанлик бўлади. Агарки, ўзгартирилган ҳолда жорий қиладиган бўлсак, стандартнинг қайси жойига муҳим ўзгартиришлар ва тузатишлар киритилганлигини билмай қолишимиз мумкин.

Мисол учун, ISO/IEC 17000 сериядаги стандартларини биз ўзгартирган ҳолда қабул қилдик, дейлик. Орадан вақт ўтиб ўша стандартларга халқаро даражада яна ўзгартиришлар киритилаётган бўлса, биз уни кузата олмаган бўлсак, халқаро тенденциядан чиқиб кетишимиз мумкин. Бунинг натижасида халқаро даражадаги талабларга мослашувимиз пасайиб кетади. Бу эса лабораторияларимизнинг халқаро талабларга мослашувини, тан олиниши, миллий аккредитация тизимини эквивалентлик тамойилига эришиш истиқболларини, табиийки, чегаралаб қўяди.

Хўш, қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкин? Нима қилсак ISO/IEC 17000 сериядаги стандартлар ҳам миллий талабларимизга мос келади, ҳам халқаро даражада уйғунлашган бўлади? Тўғри, бу бироз бир бирига қарама қаршидур, лекин бунинг ҳам ечими бор. Биринчи ўринда CASCO қўмитасининг стандартлар ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этмоғимиз лозим. Бу қўмитада Ўзбекистон вакиллари сонини кўпайтиришимиз ва кенг қамровда иштирок этишни таъминлашимиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Аммо, ҳозирча бу борада сустмиз.

Агар биз бевосита мувофиқликни баҳолаш соҳасига тегишли стандартларнинг ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этсак, биз стандартга киритилаётган ўзгартиришларни дастлабки босқичиданоқ билишимиз ва қонунчилигимиз, амалиётимиз нуқтаи назаридан ўзимизга тегишли бўлган таклифларни беришимиз мумкин бўлади. Халқаро стандартни қабул қилиш учун одатда, уч йилдан беш йилгача вақт сарфланади. Чунки бу глобал масала. Биз ҳам мана шу беш йил ичида бу жараённи кузатиб боришимиз керак. Шу билан бирга лабораториялар, мувофиқликни баҳолаш органлари фаолиятида, амалиётида қандайдур янгиликлар бўладиган бўлса, уларни халқаро даражага олиб чиқсак, кейинчалик фаолиятимизни ўзгартиришга ҳожат қолмайди биз учун.

— Янги стандартларни қабул қилиш жараёни осонлик билан кечадими? Қандай қийинчиликлар бўлиш мумкин, масалан лабораториялар фаолиятида?

— Стандарт аслида ҳужжат, у бир гуруҳ мутахассислар иштирокида ёзилади. Унда акс этган талабларнинг барчаси эса халқаро амалиётдан, айтайлик, Европа амалиёти, Ўзбекистон, Қозоғистон ёҳуд АҚШ каби бир қатор давлатлар амалиётидан келиб чиқади. Стандартнинг яратилиш жараёнида бу давлатларнинг барчаси ўз ютуқ, камчилик ва таклифларини ўртага қўядилар. Бундан англашиладики, маҳаллий мутахассисларимиз бу қўмиталарда қанчалик фаол бўлиб, ўзбек амалиёти, тажрибасидаги яхши ва мунозарали томонларни халқаро миқёсга олиб чиқиб, муҳокамага қўя олсалар, бу катта ютуқ. Чунки, амалиёт ва тажрибалар лабораториялардаги фаолиятдан, аккредитация қилиш жараёнидан олинган бўлади. Демак, стандарт яратилишининг асосида иштирок этиш — ўз овозимизни бера олишимиз дегани. Биз ўз шароитимиз ва қонунчилигимиз манфаатларидан келиб чиқиб қўмиталарда овоз берсак, стандарт яратилиб, Ўзбекистон уни жорий қилаётганда, лабораторияларимиз шунчалик тез мослашадилар. Айтмоқчиманки, биз фақат қабул қилувчи томон эмас, қоидаларни ўрнатувчи томон даражасига ҳам чиқишимиз керак.

— Мавжуд муаммолардан қатъий назар Фармон ва Қарорда халқаро стандартларни қабул қилишга маълум муддат қўйилган. Бу борада Марказга тегишли бўлган йўналишда қандай ишлар олиб бориляпти?

— Агар нокамтарлик демасангиз, Аккредиация марказининг CASCO қўмитасидаги иштироки катта ютуқ. 20дан ортиқ ҳужжатларга овоз берганимиз иштирокимизнинг намунаси.

Иккинчидан, лаборатория ходимларини ўқитиш масаласи. Марказ уларнинг малакасини ошириш учун бир қатор тренинглар, семинарлар ва экспертлар билан машғулотлар ташкил этиб келаяпти. 2020 йил давомида 100та, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 173 та мутахассисларни қайта ўқитган бўлсак, йил оҳирига қадар яна 300дан ортиқ мутахассислар янги стандарт талаблари бўйича малака оширадилар.

Шунингдек, хорижий аккредитация идоралари билан имзоланган Битимларимиз бор. Ушбу ҳужжатлар доирасида ҳамкор давлатларимизнинг амалиёти билан мунтазам равишда танишиб бораяпмиз.

Аммо қатор давлатларда бирдай учрайдиган муаммо ҳам бор, бу терминология масаласи. Стандартни тўғри талқин қилишда терминология ғоятда муҳим. Ҳатто, стандартдаги айрим терминлар икки ёки уч ҳил талқин қилиниши натижасида терминлар чиқарилиб ташланиши ҳолатлари халқаро амалиётда кузатилган. Масалан, ISO/IEC 17011 стандартининг аввалги нашрида “surveillance” — назорат текшируви деган термин бўлган. Аккредитация соҳасида назорат йўқ, даврий баҳолаш бор. Шундан келиб чиққан ҳолда халқаро амалиётга янги термин киритилган.

Бундан хулоса шуки, стандарт ҳар доим бир ҳил талқин қилиниши ва қўлланилиши керак. Агар бир ҳил қўлланмаса, номувофиқликлар келиб чиқади, ҳамма давлатлар гўёки, турли тилда гапираётгандек бўлади. Давлатлар томонидан шу каби мунозарали ҳолатларнинг халқаро даражага олиб чиқилиши стандартларнинг такомиллашувига олиб келади ва ушбу мамлакатда бу соҳа қанчалик ривожланиб бораётганлигини кўрсатади.

— Янги кириб келадиган халқаро стандартларни қабул қилиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнига “Ўзбекистон аккредитация маркази” ва унинг мутахассислари қанчалик тайёр?

— Ҳам тайёр, ҳам тайёр эмас. Айни дамда биз қабул қилаётган стандартларимиз учун мутахассислар тўлиқ тайёр. Тайёр эмас, деганимнинг сабаби, стандартлар масаласи ўзгарувчан ва динамик жараён эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, мутахассисларимиз доимий равишда ўз устида ишлаши лозим. Янги кириб келаётган стандартлар эса бизнинг тажриба майдонимизда, яъни, фаолиятимиз давомида синовдан ўтади. Асосий урғу, уларни тўғри талқин қилишда. “Мана бу стандартни тўлиғича ўқиб чиқдим, бўлди, биламан” деган фикр, янглишдир. Чунки, технологик жараёнлар, маҳсулотларни синаш ва мувофиқликни баҳолаш услублари ўзгариб туради. Соҳага янги стандартлар кириб келар экан, мутахассисларга қўйиладиган энг катта ва асосий талаб — ўз устида тўхтовсиз ишлаш.

Аккредитация маркази аслида сўнгги уч йилликда жуда кўп халқаро стандартлар асосида фаолият юритишни бошлади ва ISO/IEC 17000 сериядаги стандартларни жорий қилиш жараёни ҳам жадал кетмоқда. Ҳозирда эса лабораториялар ISO/IEC 17025 стандартининг энг сўнгги таҳриридаги талаблари асосида аккредитациядан ўтишмоқда. Ундан ташқари бир нечта ISO/IEC 17000 сериядаги стандартлар миллий стандарт сифатида жорий қилинган. Марказнинг ўзи ISO/IEC 17011:2017 стандартининг энг сўнгги таҳрирдаги талаблари бўйича фаолият юритиб келмоқла. Бу жараёнда кўплаб халқаро мутахассислар ва экспертлар билан ҳамкорликда ишланмоқда.

Лекин, муаммолар ҳам борлигини тан олиш керак. Энг катта муаммо- мутаҳассиларнинг лаёқати ва малакаси. Халқаро стандартлаштириш жараёнида иштирок этиш учун иккита асосий талаб бор, бири тил билиш, чунки халқаро стандартлар инглиз тилида тайёрланади. Иккинчиси, соҳанинг ютуқ ва камчиликларини кўра била оладиган лаёқатли мутахассислар. Ҳали биз бу соҳада жуда ҳам янгимиз. Лекин, имкониятларимиз ҳам бор. Фаолиятимизда муаммо бўлиб турган масала, талаб даражасидаги мутахассисларнинг камлиги. Янги қабул қилинаётган стандартларни тезроқ ва тўғри жорий қилишимиз учун лаёқатли мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Чунки, мамлакат миллий сифат инфратузилмасининг ривожланганлиги ҳам бевосита лаёқати халқаро даражага етган мутахассислар билан ҳам белгиланади.

Суҳбатдош:

С.Ҳикмат,

Тошкент давлат шарқшунослик

университети талабаси