Чирчиқ чирой очмоқда

596

Чирчиқ ўзининг тоза ҳавоси, мафтункор табиати билан барчани ўзига жалб эта олса-да, кейинги йилларда замон талабидан анча ортда қолганлиги ҳам бор гап эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ривожлантириш билан танишиш мақсадида жойларда бўлганида шаҳарни ободонлаштириш борасида бир қанча кўрсатмалар берганди. Хўш, белгиланган ушбу вазифалар ижроси қандай кетяпти?

Вазирлар Маҳкамасининг «2018 – 2019 йилларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис лойиҳаларини амалга ошириш учун 51 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар 22 та лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, саноат йўналишида 5 та лойиҳа ­бўйича қурилиш, таъмирлаш ҳамда замонавий технология­­га асосланган янги асбоб-­ускуналарни олиб келиш ишлари олиб борилмоқда. Чирчиқ шаҳрининг биринчи ва иккинчи секторларида аввалгиларга қўшимча яна иккита кичик саноат зонасини ташкил этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу чет эл инвесторлари ва тадбиркорларимиз учун фаолиятнинг янги истиқболли эшикларини очиб беради.
– Бугина эмас, ижтимоий йўналишдаги қурилиш-реконструкция ишлари ҳам жадаллик билан амалга оширилаётганини кўриб кўзингиз қувнайди, – дейди Чирчиқ шаҳар Мактабгача таълим муассасалари методисти Мас­тура Йўлдошева. – «Аҳмад Яссавий», «Воҳид Ҳайдаров» номли маҳаллаларда янги мактабгача таълим муассасалари янгидан ишга тушди, 2-, 21-, 22-, 37-МТМларда таъмирлаш ишлари давом этяпти. «Обод маҳалла» дастурига кирган 22-, 37-боғчалар фойдаланишга топширилиш арафасида.
Ҳозирда «Extrem fiy» МЧЖ томонидан давлат бюджети билан шерикчиликда 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси маҳаллий бюджет ҳисобидан қайта реконструкция қилинди. ­2-оилавий поликлиника ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, айни ­пайтда пардозлаш ишлари бажариляпти.
Шаҳарда янгидан қад ростлаган Ёшлар маркази йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш­лари учун хизмат қилади.
Шаҳарнинг «Бирлик» маҳалласи ҳудудидаги илгари қаровсиз, ташландиқ ҳолатда бўлган «Машинасозлар» истироҳат боғи янгича қиёфа касб этди. Бу ерда йигирмага яқин аттракционлар ўрнатилди. Боғ оралаб атрофни кузатар экансиз, ушбу сўлим гўша шаҳар аҳлининг, айниқса, болажонларнинг севимли масканига айланганига гувоҳ бўласиз.
Чирчиқнинг эски бозори ўрнида 3 қаватли гипермаркет, 10 та икки қаватли гипермаркет кўринишидаги турғун савдо дўконлари ҳамда 8 та очиқ павильонли бозор қурилиши давом этяпти.
– Амир Темур шоҳ кўчасида 5 та етти қаватли уй қуриб битказиляпти, – дейди Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари Дониёр Йўлдошев. – Келгуси йилги дастурга кирган 10 та етти қаватли уй қурилишини ҳозирданоқ бошлаб юбордик. Бундан ташқари, ўтган йили ҳарбийларга мўлжалланган уч қаватли 8 та уйни топширган эдик, бу йил эса беш қаватли 9 та уй барпо этиляпти, айримларининг қурилиш ишлари якунига етай деб қолди. Давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан шаҳримизда амалга оширилаётган барча ишлардан аҳоли миннатдор, буни уларнинг юз-кўзидан, юрагидаги кучли иштиёқдан ҳам илғаб олиш мумкин.
Дарҳақиқат, иш суръати шу тахлит давом этса, яқин йилларда Чирчиқ нафақат табиати, балки кўркам, муҳташам бинолари билан ҳам ҳар қандай кишини ўзига мафтун эта оладиган гўзал шаҳарга айланади.

Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар