Сув остида қолган қалъалар

921

Хорижлик сайёҳларга гидлик хизмати кўрсатадиган нукуслик Октябрь Доспанов бир куни Оролнинг қуриган тубидан, яъни айни ­пайтда саксовулзорга айлантирилаётган Сургул массивидан қадимий буюм қолдиқларини топиб олганини айтган эди.
«Сургул» – «Шўр кўл» дегани. Чингизхон истилосидан кейин Амударё Сариқамиш кўлига қуйилган пайтда Орол денгизи шиддат билан чекинган. Табиийки, одамлар ҳам уни овул ва қалъалар қуриб, қувиб борган.

Ўша даврда сув тортилиб, бора-бора шўр кўлга айланиб қолади. Худди ҳозирги денгизнинг қолган қисми каби. Денгизнинг қуриган қисмидан ҳатто карвон йўллари ҳам ўтган. XVI асрга келиб, Амударё яна Оролга қуйила ­бошлагач, ўша бино ва иншоотлар, қалъалар денгиз остида қолиб кетади.

Ҳаким ота мақбараси

Яқинда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари Мўйноқ туманидаги «Ҳаким ота» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний зиёрат мажмуаси»да археологик-этнография тадқиқот ишларини олиб бориш давомида XII-XIV асрларга оид тарихий бинолар ва моддий маданият намуналарини топишга муваффақ бўлишди.
Қорақалпоқ давлат университети «Археология» кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди, доцент Ж.Ҳакимниязовнинг таъкидлашича, тадқиқот ўтказилаётган ҳудуддан намозгоҳ, масжид, 5 гектардан ортиқ майдонда аҳоли яшаган ҳудуд ва 1,5 гектар майдонда қабристон борлиги маълум бўлган. Ҳудуддан турли керамика буюмлари ҳам топилган. Топилмалар фанга қизиқарли маълумотлар ва янгиликлар тақдим этади. Зеро, «Ҳаким ота» зиёратгоҳида аввал археологик изланишлар ўтказилмаган эди. Тадқиқот ишлари биринчи маротаба олиб борилмоқда.

Нуқбоғ қалъаси топилдими?

2017 йил январь ойида Тахиатош туманининг «Кенегес» ОФЙ ҳудудида ариқ қазиётган экскаватор тишига сопол қолдиқлари илиниб чиқади. Кейинчалик мазкур идиш синиқлари тумандаги 4-мактаб қошида ташкил этилган музейга экспонат сифатида қўйилади.
– Болалигимизда шу ерларда ўйнаб юрардик, – дейди «Кенегес» ОФЙ ҳудудида яшовчи Валерий Моллабаев. – Ўшанда ер юзасига чиқиб турган деворларни кўрардик. Югуриб ўйнаганимизда бирданига ер ўйилиб, чуқур жойга тушиб кетардик…
2018 йилда бу ерда марҳум археолог олим Ғайратдин Хўжаниязов раҳбарлигида илк бор қисқа муддатли археологик ишлар олиб борилгач, Тахиатошда топилган қалъанинг ёши 1800-2000 йилга тенг экани тасдиқланади. Олимларнинг фарази­­га кўра, бу Тахиатошда сув остида қолган Нуқбоғ (Тоза боғ) қалъаси бўлиши мумкин.
Ўрта аср араб манбаларида Миздакхон (Ҳозирги Хўжайли тумани маркази) ўзининг ҳудуди ва аҳоли сони ­бўйича Қиёт ва Гурганждан (Кўҳна Урганч) кейин Жанубий Орол бўйидаги учинчи шаҳар экани қайд этилади. Миздакхон ҳудудида 1200 та овул (қалъа) бўлган. Тахиатош шаҳри қадимий шаҳар қурилишига эга бўлган ҳудудда барпо этилган. Унга 2000 йили ҳудуддан топилган («Кетмончи бобо» мозори) эрамизнинг II-IV, VII-IX, X-XIV асрларига оид буюмлар мисол бўла олади. 2012 йили тоғ бошидаги «Кетмончи-2» мозори қошидан ўрта асрларга оид минора қолдиқлари ҳам аниқланган.
Тарихий манбалардан ўрта асрлардаги халқаро карвон йўлининг бир қисми Бухоро – Варахша – Қизилқум – Шорахан (Тўрткўл) – Кат (Шоббоз-Беруний) – Нузкат – Вайхан – Нуқбоғ – Миздакхон (Хўжайли) – Гурганж (Кўҳна Урганч) йўналишида ўтгани маълум.
Чингизхон аскарлари Гурганж (Кўҳна Урганч)ни сув остида қолдириш мақсадида Жайҳун дарёси оқимини ўзгартириб юборишган. Шунда барча қалъалар, хусусан, Нуқбоғ ҳам сув остида қолган.

Қоратеран тагидаги шаҳар

Тахтакўпир туманидаги Қоратеран кўлининг остида ҳам катта қалъа қолиб кетгани ҳақида ривоятлар бор.
Ривоятга кўра, ҳозирги Қоратеран кўлининг ўрнида бир салтанат бўлган. Тўрт томони тик жарликдан иборат жойдаги бу шаҳарни ҳеч бир душман босиб олишга журъат қилолмаган.
Ўша даврда бир чўпон йигит адашиб, ушбу кентга келиб қолади. У шоҳнинг гўзал қизига кўнгил қўяди. Қиз ҳам унга ­мойиллик билдиради. Шоҳдан қизнинг қўлини сўрайди. Аммо уни шаҳардан судраб чиқариб ташлашади. Шунда аламзада йигит ўч олиш мақсадида шаҳарга келаётган сув йўлидаги тўғонни бузиб ташлайди. Қалъа ҳам, одамлар ҳам сув остида қолиб кетади. Йигит ҳам қизни қутқариш учун шаҳарга тушиб, шу жойда ҳалок бўлади.
Ривоят ўз йўлига. Лекин кўлда балиқ овлаган балиқчиларнинг тўрига баъзан кўплаб кўҳна буюмлар илашиб чиққани ҳақида гап-сўзлар юради.
Номидан маълумки, Қоратеран кўлининг туби кўринмайди. Ўтган асрнинг 60-йилларигача дарё суви тушиб турган кўлга кейинчалик коллектор сувлари ­қуйила бошлаган. Ҳозирда сув ости янада қоронғулашиб кетган. Кўл эса зулмат тубидаги сирни янада яширишга урингандек сокин мавжланиб туради.

Орол Атлантидаси

2000 йил бошларида Орол денгизининг Қозоғистон қисмидаги суви қуриган майдонидан, яъни Сирдарёнинг денгизга сув қуйиб турган жойидан тахминан 45-50 км. ичкарида тарихий ёдгорликлар топилди. Бу қадимий шаҳарнинг осори-­атиқалари эди.
Топилган керамик идишлар XIII-XIV асрга тегишли бўлиб чиқди. Денгиз остида қолган ушбу шаҳарга Кердери деб ном берилди. Ҳайрон қоларли жиҳати, у ердан масжид, буюмлари билан дафн қилинган бўйи икки метр келадиган йирик одамларнинг қабрлари чиқди.
Мазкур топилмани дунё археолог олимлари «Орол Атлантидаси» деб атади. Демак, бу шаҳар Амударёнинг Каспийга оқиб турган пайтида бунёд этилган. Кейин қайтадан Оролга кела бошлаганида сув остида қолиб кетган.

Адақ қалъа қаерда?

Орол денгизи остида Адақ номли катта қалъа қолиб кетгани ҳақида илмий қарашлар мавжуд.
Қорақалпоғистонлик марҳум археолог олим Х.Есбергенов «Қўнғиротнинг тарихий ва маданий эсдаликлари» китобида Мўйноқдаги «Тоқмақ ота» ­қабристонидан топилган бир қабртошда ёзилган қўшиққа эътибор қаратади:
Аслимни сўрасанг Адақ ичида,
Ала буйрак эдим Аджар ичида.
Ушбу қўшиқдан Адақ қалъанинг ҳақиқатан мавжуд бўлгани англашилади, дейди олим. Унинг фикрича, қўшиқдаги Адақ – тарихий қалъа. Сариқамишга яқин 16-17 км. масофада Адақ деган қалъанинг қолдиқлари ҳозир ҳам бор. Адақ ­қалъаси Сариқамиш қирғоқларида XIV-XV асрларда, Амударё Сариқамиш кўлига ­қуйилган даврларда пайдо бўлган. Сўнг XVI асрдан бошлаб Амударё қайтадан аввалги асосий ўзани бўйича Орол денгизига оқа бошлаган вақтларда адақликлар сув ёқалаб Орол денгизига қараб кўчган.

* * *

Туркшунос олим, профессор ­Ауелбек Қўнғиротбоевнинг таъкид­лашича, Оролнинг остида шундай 40 та қалъа бор.
Нима бўлганда ҳам, Оролбўйи­даги сув остида қолган қалъалар тарихи ҳамон сирли бўлиб қолмоқда. Бу синоатларни очиш эса тарихчи ва археологлар учун худди денгиз мисол чексиз манбадир.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»