Шижоатга ундовчи даъват

1197

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган
«Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳали интервьюсини ўқиб…

Аввало, интервьюни ўқиб, биз она диёримизни ўзгача лутф, яъни «Янги Ўзбекистон» дея атаётганимиз ва амалга оширилаётган ислоҳотлар замиридаги мақсад кўз ўнгимда рўй-рост намоён бўлди.

Ростини айтганда, мазкур интервьюнинг моҳиятини чуқурроқ англашимга яна бир мақола катта туртки берди. Бу сиёсатшунос Қудратилла ­Рафиқовнинг «Ishonch» газетасида чоп этилган «Шавкат Мирзиёев феномени» мақоласи эди. Унда ана шу ислоҳотларнинг натижалари теран таҳлил ва халқона руҳда очиб берилган.
Одатда шундай. Биз яхшиликларни тез унутамиз. Биргина мисол, олдинлари давлат ва халқ орасида жуда катта тўсиқлар мавжуд эди. Бугун-чи? Интервьюни ўқир эканман, давлат ва давлат идораларининг халққа қанчалик яқинлашганини яна бир бор ­англадим.
Барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммолар ичига кириб борди. Одамларни бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш катта-ю кичикнинг бурчига айланди.
Ўзимдан қиёс. Турли соҳаларда узоқ йиллар раҳбар бўлганман. Одамлар дардини тинглашга ҳафтанинг бир неча соатлари ажратилиб, чекланган мурожаатчилар қабул қилинарди. Айниқса, ҳокимиятларда ана шу қабул кунларини кутиб қанчадан-қанча вақт бесамар ўтказиларди. Баъзан турли баҳоналар рўкач қилиниб, қабул кунларини ойлаб кутишга мажбур бўлингани ҳам бор гап.
Сира эсимдан чиқмайди. Пахтачи туманида яшовчи бир фуқаро касаба уюшмаларига ариза билан мурожаат қилди. У ўз хатига 70 рақамини қўйгани эътиборимизни тортди. Маълум бўлишича, бу фуқаро ўзи дуч келган муаммога ечим истаб 69 та ташкилотга мурожаат қилган экан. Жамоат ташкилотига мурожаати унинг етмишинчи номаси бўлиб чиқди. Қарангки, оддий бир фуқаронинг арзи ҳолини ҳеч ким тингламабди.
Бу – кечаги кун.
Катта авлод вакилларининг ёдида бўлса керак. Бир вақтлар колхознинг оддий бригадирига дардингни ёролмасдинг…
Ҳа, йиллар давомида оддий одамларнинг дарду ташвишларидан анча олислаб кетган эдик.
Хўш, бугун-чи?
Эндиликда бирор бир фуқарога ўз муаммосини ҳал этиши учун эшик санаб юриши, раҳбарни кутишига ҳожат йўқ. Ҳамма муаммосини уйида ўтириб, онлайн тарзда етказмоқда. Хоҳласа, вилоят ҳокими, ҳатто, давлат раҳбари билан мулоқот қилиш имкониятига эга. Энди айтинг-чи, қайси даврда фуқароларга бундай шароит яратилган?
Фаолият тақозоси билан шундай мулоқотларда биз ҳам иштирок этяпмиз. Каттақўрғон туманида аҳолининг ижтимоий аҳволи ўрганилганда, ўн нафар ҳаётда қийналган, мутлақ бошпанага эга бўлмаган аёллар истиқомат қилиши аниқланган эди. Бу ҳолат туманнинг ўша даврдаги ҳокими (раҳматли Аъзамхон Баҳромов)ни қаттиқ ташвишга солгани кечагидек эсимда.
Бу мавзуда кўп фикрлашдик. Оқибатда, туман ҳудудида ўнта намунавий уй қурилиши лозим деган қарорга келинди. Очиғи, битта умумий (оилавий ётоқхона) уй қурилиши билан бу оилаларнинг муаммоларини ҳал этиш мумкин эди. Аммо фарзандлар ва оила келажагини ўйлаб, уларга бир умрга асқотадиган турар жой қуриш афзал кўрилди. Ҳокимлик ва касаба уюшмалари ҳамкорлигида ихчам бир маҳалла бунёд этилди. Ўнта коттеж уй ҳокимлик ташаббуси билан тўла жиҳозланди. Мана бугун шу хонадонларда яшовчиларнинг баъзилари тўй қилиб, келин туширмоқда.
Ўтган қисқа даврда Самарқанд вилоятида кўмакка муҳтожлар учун 80 дан ортиқ шинам уй қуриб берилди. «Аёллар дафтари»га киритилган 80 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди.
Шу ўринда яна бир ҳолат ёдимга тушмоқда. Самарқанд шаҳрига раҳбар бўлганимда туризм ҳудудидаги ҳолатлардан кўп куйинганман. Имкон яратилмагани сабабли шаҳар аҳли, меҳмонлар транспорт воситаларини шундоқ катта кўчанинг истаган ерида қолдириб кетишарди. Бу эса йўлларда тирбандлик, ҳаракатда ноқулайлик­ларга сабаб бўларди. Ҳоким сифатида кўп уриниб ҳам бу ҳолатни бартараф этиш қийин бўлган эди. Топшириқлар кўп бўлса-да, молиявий манбаси аниқлаб берилмагани боис, кўплаб камчиликларнинг ўз вақтида ечилишига мутлақ имкон йўқ эди.
Бир пайтлар бу масканга ташриф буюрувчилар сони эллик мингга етганда бизда туризм равнақ топмоқда, дея суюндик. Шаҳардаги бир-икки кўчанинг жиҳозланиши ва шу йўл бўйлаб ўтавериш сайёҳларга ҳам ёд бўлиб кетганди.
Бугун туризмга бўлган эътибор боис кўҳна шаҳарга ташриф буюрувчилар сони кескин ўсди. Ҳудудда туризм инфратузилмаси ривожлантириш бемисл юксалди. Аждодларимизнинг анъанавий меросларини ўзида мужассамлаштирган қишлоқлар пайдо бўлди. Бугун туризм қишлоғига айлантирилган Конигилда бўлган киши бу сўлим масканни тарк этиши осон эмас. Ургут туманидаги эко ва агро туризм истиқболини кўзлаб қилинаётган ишлар нафақат хориж, балки диёримиз фуқароларини ҳам лол этмоқда.
Буларнинг барчаси бугуннинг ҳақиқатлари. Биз кутган кунлар эмасми?
Яна бир ҳолат, ўша даврларда ҳатто, қўшни мамлакатлардаги қон-қардош­лар етти ёт бегонага айланишига бир баҳя қолди. Эсимда, Тойлоқ тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарининг қизи тақдир тақозоси билан қўшни давлатнинг Панжакент туманига келин бўлиб тушади. Ота фарзандидан айро яшаб ҳам келди. Бориш-келиш азобини эса қўяверинг. Кунларнинг бирида қиз тушган хонадондан тўйга таклифнома келади. Бобога набирасининг тўйида иштирок этмаслик таъна-маломатдек туюлади. Нима бўлса бўлар, дея ўша оғайнимиз қўшни давлатга бориб, жигаргўшалари ҳуррамлик кунига шерик бўлади. Бир кунлик тўй ўтади-кетади. Аммо собиқ мулозимнинг боши маломатдан чиқмай қолди. Охир-оқибат, бу «хатосини» «жазо» билан оқлашига тўғри келди. Бугун у кунларни бош чайқаб эслаймиз, холос.
Президентимизнинг эзгу ташаббуси минтақада аҳил қўшничилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаб берди. Буни бугун барчамиз ҳаётимизда яққол кўриб турибмиз. Назаримда, бунга яна мисол келтиришнинг ўзи ортиқча.
Маҳалладошлар, тенгу-тўшлар даврасидаги гурунгда энг кўп тилга олинадиган бир ҳолат бор. У ҳам бўлса – юртимизда бўлаётган ўзгаришлар. ­Бунёдкорлик кишилар дилидаги қулф­­ни ечиб юборди. Аҳолининг турмуш даражаси сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурлар самараси нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг интервьюдаги фикрларини кишини мушоҳадага ундовчи теран чақириқ сифатида қабул қилдим. Юртимизда олиб борилаётган одилона ва оқилона сиёсатни қўллаб-қувватлаш фуқаролик бурчимиздир. Бу Ватан – бизники. Унинг янада гуллаб-яшнаши сизу бизнинг ­саъй-ҳаракатимизга ҳам боғлиқ. Шундай экан, шу юрт учун хизмат қилиш ҳар биримиз учун шон-шарафдир.

Суҳроб РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Самарқанд вилояти кенгаши раиси