Янги Ўзбекистон – янги қўшничилик: Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг страгетик йўналиши сифатида

659

Ҳар бир суверен давлат ўз истиқболига эришиш учун бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда самарали фаолият юритиши талаб этилади. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ривожлангани сари ташқи сиёсатдаги тенденциялар ҳам янги қирралар билан бойиб боради.

Ўзбекистон ҳам мустақилликнинг илк йиллариданоқ ўз ташқи сиёсатининг асосий йўналиш ва параметрларини белгилаб олишга ҳаракат қилди. Унинг ташкилий-институционал ва норматив-ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб борилди. Мамлакат ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, аввало, Ўзбекистон Республикаси ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш билан белгиланади. Республиканинг замонавий ташқи сиёсий курси дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосан шаклланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 130 дан ортиқ давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 44 та чет эл элчихонаси, 1 та бош консуллик, 8 та фахрий консул, 17 та халқаро ташкилот ваколатхоналари, 13 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та дипломатик мақомга эга савдо ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 55 та ­дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, мамлакатимиз турли хил кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантириб келади.
2016 йилдан кейин мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида кечган янгиланишлар ташқи сиёсат соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан янги таҳрирдаги Ўзбекис­тон Республикасининг Мудофаа докторинаси, қўшимча ва ўзгартиришлар билан Миллий хавфсизлик концепцияси қабул қилинди ҳамда Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ҳам янгиланмоқда.
Ташқи сиёсатнинг янги формулалари кўпроқ прагматизм, прогнозлаштириш, миллий манфаатларни ихтилофсиз қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг янада очиқлиги ва шаффофлигига эришиш фойдасига ўзгарди.
Дунёнинг геоиқтисодий алоқалар тизимида Ўзбекистоннинг мавқеини ошириш, халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида ўрни ва ролини мустаҳкамлаш; мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик камарини яратиш; миллий маданият ва фан ютуқларини, тарихий меросни ва Ўзбекис­тон халқларининг маданий ўзига хослигини ­оммалаштириш; глобал ахборот маконида оммавий ахборот воситалари ва оммавий коммуникацияларнинг мавқеини мустаҳкамлаш ва халқаро жараёнларга нуқтаи назарни кенг дунё ҳамжамиятига етказиш каби вазифаларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон ­Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу йўналишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Агар охирги тенденцияларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати икки томонлама алоқалар устуворлиги принципидан аста-секин кўптомонлама ҳамкорлик форматига ўтиб бормоқда, дейиш мумкин.
Бир қарашда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати мамлакатни ривожлантиришнинг устувор иқтисодий вазифалари билан белгиланади. Аммо мавзуни чуқурроқ ўргансак, миллий хавфсизликни таъминлаш ҳалиям долзарб вазифа экани аён бўлади. Бунга, асосан, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини амалга оширмасдан эришиш мумкин эмас. Ўз навбатида, иқтисодий лойиҳалар хавфсиз ишлашини таъминламасдан муваффақиятли ривожлана олмайди. Шу нуқтаи назардан, бизнингча, Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи сиёсати хавфсизлик ва иқтисодиётнинг ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ва бир-бирини кучайтирувчи омиллари уйғунлигида ривож­ланмоқда, дея таъкидлаш мумкин.
Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш эканини Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан кейин илк давлат ташрифларидан ҳам англаш мумкин эди (2017 йил март ойида Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат ташрифлари Туркманистон ва Қозоғистон Респуб­ликаларига амалга оширилди – муаллиф). Мамлакатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликка қаратилган ташаббусларни 2017 йил 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференция давомида ҳам илгари суриб, жумладан: «Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини беради», дея эътироф этган эди. Хусусан, у Марказий Осиё давлатлари учун транспорт коммуникацияларини ривожлантиришнинг ягона дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ҳамда минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари уюшмасини тузишни таклиф қилди. Бу, ўз навбатида, қўшни мамлакатлар минтақаларининг саноат-инвестиция ва интеллектуал салоҳиятидан бевосита фойдаланишга имкон беради ва бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида: «Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир… Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир», дея таъкидлаши Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси учун масъулиятни ўз елкасига олганидан далолат берарди. Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, айнан шу минбардан туриб, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаб­бусининг илгари сурилиши ҳам муҳим тарихий воқелик бўлди.
2018 йилнинг 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона (ҳозирги Нурсултон) шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманис­тон (парламент спикери) ва Ўзбекистон Президентларининг узоқ кутилган «маслаҳатлашув учрашуви» бўлиб ўтди. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбаев таъкидлаганидек, бундай учрашув минтақада сўнгги 10 йил ичида дастлабкиси бўлди. Аниқроғи эса беш томонлама учрашув (Туркманистон иштирокида) ундан ҳам узоқ вақт давомида ўтказилмаган эди. Мазкур ҳолат эса, аввало, Шавкат Мирзиёев илгари сурган янги минтақавий сиёсат натижаси ўлароқ амалга ошди, дейиш мумкин.
Маслаҳат учрашувининг «пишиб етилиши»да икки босқични алоҳида эътироф этиш лозим: Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясидаги тарихий нутқи ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак» номли халқаро конференциядаги ташаббуслари. Ушбу ғоялар, шубҳасиз, бугун тобора анъанавийлик касб этиб бораётган минтақадаги янги муносабатлар форматига старт берди.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг дастлабки саммитида минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик, терроризм, экстремизм, наркотик моддалар ва қуролларнинг ноқонуний контрабандасига қарши биргаликда курашиш борасида келишувларга эришилди. Марказий Осиё – нафақат географик ва геосиёсий, балки ягона маданий-цивилизациявий макон эканини эътироф этиш мумкин. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, саноат, инвестициявий ва интеллектуал салоҳиятини биргаликда ишга солиш лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, сув ресурсларидан рационал фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масалалари ҳам анжуманнинг диққат марказида бўлди. Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, анжуманнинг энг асосий натижаси – кўп йиллик танаффусдан сўнг илк бора ўтказилаётгани эди.
Бу воқеа тезда халқаро ва минтақавий ОАВ ҳамда таҳлилий доиралар эътиборини тортди. Масалан, россиялик журналист Аркадий Дубнов мазкур учрашувни Россиядан масофалашиш дея баҳолаб, Остона учрашувининг энг нозик томони сифатида «у Россиянинг ҳеч қандай вакиллигисиз, умуман Москва билан келишилмаган ҳолда ўтказилди. Бу Россиядан масофалашишдир», дея баҳо беради.
Бошқа бир таҳлилчи, Россия стратегик тадқиқотлар институти ходими Аждар Куртов Остонада бўлиб ўтган камтаргина учрашувдан саросимага тушиб қолишига оз қолди. У Марказий Осиё давлатлари 90-йиллар тажрибасини так­рорлашлари ва минтақавий бирлашма тузиш­лари мумкинлиги ҳақида гапириб, мулоҳазалари поёнида мазкур уюшма келажагига шубҳа билдиради. Таҳлилчи давлат раҳбарларининг дўстона муносабати ва Ўзбекистоннинг янги сиёсати асосида минтақавий масалаларни яхшилашга бўлган умумий тенденцияни эътиборга олмагани ҳолда, минтақада тарихий «фобия»лар сақланиб қолганлигини ҳамда бу ҳозирда инобатга олинмаётганини таъкидлайди. Масалан унинг ­фикрича, – келажакда Марказий Осиёда дунёдаги бошқа ташкилотларга рақобатлаша оладиган ички-минтақавий блок тузилишини тасаввур қилиш қийин; нотинч Афғонистон билан умумий чегара мазкур вазиятни янада чигаллаштиради; ушбу бирлашма агарда тузиладиган бўлса, албатта, АҚШнинг таъсир доирасига тушиши ва АҚШ Марказий Осиё давлат раҳбарлари ҳаракатларига босим ўтказиши мумкин; минтақада Россия ёки Хитой иштирокисиз қандайдир тузилмаларни шакллантиришга бўлган ҳар қандай интилиш шундай шароит яратадики, ундан охир-оқибат мусулмон дунёсининг консерватив кучлари, АҚШ ёки яна бошқа кучлар ўз манфаати ва мақсадлари йўлида фойдаланишига интилишади.
Мазкур билдирилган фикр ва қарашларга нисбатан ўзига хос муқобил аргументларни илгари суришимиз мумкин:
– нега ички-минтақавий блок ўз ҳаётийлигини таъминлаши учун ҳар доим дунёдаги қайсидир бошқа ташкилот билан рақобатлашиши лозим? Дунёда қандай муқобиллари бўлишига қарамай, минтақа ўзининг ички ривожланиш мантиқига эга;
– «нотинч Афғонистон билан умумий чегаранинг мавжудлиги», балки аксинча, минтақа давлатларини нотинч ҳудуддан келадиган умумий таҳдидлар сабаб бирлашиш учун ўзларида маънавий журъат топишга ундаши мумкин эмасми?
– бирлашган минтақа, албатта, АҚШ таъсирига тушади деган хулосага келишга нима асос бўлмоқда? Агар А.Куртов мантиғи бўйича фикрлайдиган бўлсак, минтақа давлатлари ҳозирча АҚШ таъсирига тушмаган, нега энди бирлашса, унинг таъсирига тушиб қолади?
Марказий Осиё минтақаси ички ишларига ­доимо Россия ёки Хитой таъсирини тиқиштириш, яна АҚШдан келадиган «афсонавий» таҳдидга қарши улар билан бирлашиш ғоялари – бу минтақа давлатларига бўлган ҳурматсизлик сифатида қараш, дейишимиз мумкин. Масаланинг бундай асосда қўйилиши жуда содда ва жўн ҳисобланиб, у ё мазкур давлатларни АҚШ ёрдамида гўё Россия (Хитой)га қарши бирлашмоқчидек тасвирлайди ёки уларни заиф ва ўз иродаси йўқлигига ва шунинг учун улар ҳар доим ташқаридан (Россия ёки АҚШ томонидан) бошқарилиб туриш керак, деган асоссиз ғояларни келтириб чиқаради.
Умуман олганда, А.Куртов, А.Дубнов ва ­бошқа таҳлилчиларнинг мазкур фикрлари, мана, чорак аср давомида янграб келган ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган эски, сийқаси чиққан плас­тинканинг овозига ўхшайди. Россиянинг айрим ОАВ ва таҳлилчилари минтақамизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳаддан ташқари сиёсий тус бериши, охир-оқибат Россиянинг эски империячилик мақсадлари ҳанузгача сақланиб келиши тўғрисидаги фикрлар реанимациясига сабаб бўлади ва унинг имижига зарар етказади. Ажабланарлиси шундаки, Россия томонидан номақбул репликаларнинг келишини олдиндан билгандек, Марказий Осиё давлат раҳбарлари ўз учрашувини фақатгина «маслаҳатлашув» дея номлашди.
2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви, тўлиқ таркибда (Туркманис­тон Президенти иштирокида) бўлиб ўтди. Саммитда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарга келиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Бу ташаббусларни шартли равишда бир нечта йўналишга бўлиш мумкин:
Биринчидан, улкан бозорга эга, табиий ­хомашё ва инсон ресурслари салмоқли бўлган минтақамизнинг рақобатдош устунликларини имкон қадар тўлиқ ишга солиш мақсадида минтақада савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш;
Иккинчидан, минтақанинг транспорт-логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини ­мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш;
Учинчидан, Марказий Осиёнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини кенгайтириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
Тўртинчидан, минтақанинг улкан туризм салоҳиятини амалга ошириш мақсадида «Марказий Осиё бўйлаб саёҳат» халқаро туристик брендини яратиш;
Бешинчидан, Афғонистонда тинчлик, миллий муроса ва иқтисодий тикланишга эришишга кўмаклашиш йўлида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш.
Мана, қисқа танаффусдан сўнг 2021 йил 6 август куни Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир қанча амалий таклифларни илгари сурди. Жумладан, унда бугунги реал воқеликдан келиб чиқиб, Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш, узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётимизнинг янги драйверларини белгилаб олиш муҳимлиги; муштарак стратегик манфаатларимиз йўлида минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз зарурати; минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласидан келиб чиқиб, «яшил» энергетика ва энергия соҳасидаги самарадор технологияларни жорий этиш; аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммолари; минтақадаги экологик муаммолар, жумладан, Орол денгизининг ҳалокати оқибатларини юмшатиш учун барча зарур чораларни кўриш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Агар Марказий Осиёга ва умуман минтақадаги интеграциявий жараёнларга нисбатан айрим йирик халқаро акторларнинг позицияси ва қарашларини таҳлил қилсак, АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиёдаги қарашлари турлича дейиш мумкин. АҚШ (шунингдек ЕИ)нинг расмий ва таҳлилий доираларида Марказий Осиё минтақасининг бирлашуви ва мустақил тарзда ривожланишини қўллаб-қувватлашади. «С5+1» каби Америка формати ёки ЕИнинг Марказий Осиё Стратегияси бунинг яққол намунаси­дир. Россия томонидан эса кўп ҳолларда юқорида таъкидланган фикрларда минтақанинг бирлашуви ва яқинлашувига қаршилик ҳолатларини кузатиш мумкин.
Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатларига «-параст» ёки «анти-» қўшимчаларини қўшиш – 30 йил давомида ўзини ҳеч қандай ҳолатда оқламаган таҳлилий, илмий услуб ҳисобланади, у фақатгина илмий ва жамоатчилик манфаатларини минтақавий эволюциядан чалғитиш ва афсонавий таҳдидларни хаспўслаш мақсадида олиб борилади.
Халқаро вазиятнинг мураккаблашуви ва глобал таҳдидларнинг тобора ошиб бориши ҳам минтақа мамлакатларини яқин ҳамкорликка ундамоқда. Расмий Тошкент томонидан эълон қилинган янги минтақавий сиёсат нафақат Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришни, балки Афғонистонни ҳам қамраб олиши билан муҳим аҳамият касб этади. ­Ш.Мирзиёев Қозоғистоннинг «Казинформ» агентлигига берган интервьюсида таъкидлаганидек: «…қўшнилар билан алоқаларни фаоллаштириш Афғонистонни ҳам назарда тутади, унинг тинч йўлга ўтиши асосан иқтисодий ривожланишга боғлиқ бўлиб, унда Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари иштирок этиши мумкин ва зарурдир». Унинг фикрига кўра, «бу жараёнларда эса минтақа давлатларининг Жанубий Осиё, Форс кўрфази ва Яқин Шарқ мамлакатлари портларига кириши учун ижобий аҳамиятга эга бўлган трансафғон транспорт коридорини ривожлантиришни ўз ичига олган қўшма инфратузилма лойиҳалари катта роль ўйнаши мумкин».
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ташқи сиёсатни изоҳлар экан, халқаро экспертлар ундаги асосий уч векторга, урғу беради. Биринчи вектор – минтақавий вектор бўлиб, Ўзбекистон ўз қўшниларига кўпроқ эътибор бера бошлади, бу жуда тўғри ва «фундаментал муҳим» масаладир. Иккинчи вектор – ҳамкорликнинг кўп томонлама шакли. Уларнинг ­фикрига кўра, дунёда икки томонлама даражада ҳал қилинмайдиган кўплаб муаммолар мавжуд. Бу атроф-муҳит, терроризм, халқаро савдо режими ва бошқалар билан боғлиқ муаммолар. Бунда эса яқин халқаро ҳамкорлик талаб этилади. Янгиланаётган ташқи сиёсатнинг учинчи вектори – Ўзбекистон манфаатларига жавоб берадиган вазифаларнинг аниқ баён этилиши, халқаро даражада «янада ишончли» ҳаракат қилиш қобилиятидир.
Мазкур ғояни ривожлантирганимиз ҳолда, унга қўшимча сифатида яна битта вектор (тўртинчи вектор) – «масъулиятли етакчилик» векторини ҳам қўшишимиз мумкин. Ўзбекистон сўнг­­ги йилларда жаҳон ҳамжамиятида нафақат миллий манфаатларни, балки Марказий Осиёнинг умумий минтақавий манфаатларини ифодаловчиси сифатида намоён бўлмоқда. Бу, аввало, Ўзбекистоннинг минтақадаги энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фожиа, Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш каби кўплаб халқаро ташаббусларида ўз аксини топмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашда, аввало, оддий фуқароларнинг, халқларимизнинг ўзаро муштарак алоқалари ҳам катта роль ўйнайди. Бунда, энг муҳими, маданиятимиз, қадрият ва анъаналаримиз бир-бирини тўлдиради. Урф-одатларимиз ва удумларимиз бир, динимиз бир, тил тўсиғи йўқ. Аслида, сиёсий ҳамкорлик ва интеграция жараёнлари жамиятдан, унинг эҳтиёжларидан куч олади. Шундай экан, сўнгги пайтларда минтақа жамиятлари ва халқлари ўртасида ҳам алоқалар жадаллашиб бормоқда.
Масалан, 2018 йил Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» деб эълон қилинди. Унинг доирасида 80 дан ортиқ маданий, спорт тадбирлари, кино кунлари, турли фестиваллар ўтказилди. 2019 йил эса Ўзбекистонда «Қозоғистон йили» бўлди. Худди шундай кўплаб маданий тадбирлар ташкиллаштирилди. Шундай гуманитар ҳамкорлик Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон билан ҳам муваффақиятли олиб борилмоқда.
Агар хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда Марказий Осиёга қаратилган АҚШ, ЕИ, Россия ва Хитой каби глобал акторлардан ташқари Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва бошқа минтақавий «ўйинчи»ларнинг ҳам стратегия ва геосиёсий форматлари ишлаб чиқилган. Уларнинг Марказий Осиёга ёндашувларида айрим умумий жиҳатлари бўлса-да, мазкур стратегиялар бир-биридан жиддий фарқ қилади. Сўнгги тенденциялар шундан далолат берадики, Марказий Осиёда геосиёсий «катта ўйин» янги куч ва шаклда қайта тикланмоқда.
Мазкур шароитда эса Марказий Осиё ­интеграциясини қайта тиклаш ва кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бунда алоҳида эътибор берилиши лозим бўлган факторлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
1) глобал ва минтақавий доирада ўсиб келаётган геосиёсий рақобатга нисбатан Марказий Осиё давлатларининг умумий позицияси ва ҳаракат тактикаларини шакллантириш;
2) Марказий Осиё давлат раҳбарларининг «Масалаҳат учрашувлари» форматини институционаллаштириш ва яқин келажакда Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти (МОҲТ)ни қайта тиклаш;
3) Марказий Осиё мамлакатларининг бошқа ташкилотлардаги аъзолиги (масалан, ЕАЭС ва б.) Марказий Осиёнинг умумий манфаати ва минтақавий бирлашувига тўсиқ бўлмаслигини таъминлаш;
4) минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларига «халқ дипломатияси» методларини кенгроқ татбиқ этган ҳолда демократик тараққиёт ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш.
Шу ўринда, сиёсатшунослик соҳасидан яна бир эслатмани келтириш фойдадан ҳоли эмас. Давлатлараро ҳамкорлик ва интеграциянинг мавжудлиги бу – бир масала, улар амалда қандай ­фаолият юргизишини тушуниш – бошқа масала. Дунёдаги ҳар хил форматга асосланган интеграциявий бирликлар турли шаклда иш юритади. Уларнинг ғоявий асослари ҳам турличадир. Лекин том маънодаги замонавий интег­рация, энг аввало, демократия, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари устуворлигига асос­ланиши даркор. Бугун жамиятлар ва давлат институтлари глобаллашув даврида ҳамда жадал информацион жараёнлар муҳитида жуда мураккаблашиб бормоқда. Демак интеграцион лойиҳалар ҳам бундай шароитда жиддий синовдан ўтиши муқаррар. Бунинг олий ўлчови эса, ўз навбатида, халқ ва унинг манфаатларига хизмат қилиш билан баҳоланади.

Санжар САИДОВ,
сиёсий фанлар бўйича
фалсафа доктори (PhD),
Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети
«Ижтимоий фанлар»
кафедраси доценти