Муҳаббатни қатағон қилиб бўлмас…

877

ёхуд илоҳий нур ила йўғрилган анъана

Акбар Исломов номини илк бор ўтган асрнинг 90-йиллари арафасида, Чўлпоннинг КГБ архивида сақланаётган иши билан танишаётганимда учратган эдим. Бу ишдан маълум бўлишича, атоқли шоир 1934 йил охирида ­Москвадан Акбар Исломов билан бир поездда қайтган, Тошкентга етиб келишгач, Акбар Исломов хайрлашиш олдидан унга моддий ёрдам тариқасида маълум миқдорда пул берган.
Мен аввалбошда Чўлпонга меҳрибонлик кўрсатган киши кимлигини билмаганман. Аммо кейинроқ у киши ўша кезларда Ўзбекистон молия халқ комиссари бўлганини аниқладим. 1896 йили Қўқонда камбағал оилада туғилган Акбарнинг ҳарф терувчиликдан халқ комиссари даражасига қадар бўлган хизмат пиллапоясини қисқа муддатда босиб ўтгани унинг қандай инсон бўлганини ёрқин ифодалайди.

Ушбу мақола гарчи молия комиссарининг хотини хусусида бўлса-да, унинг ўзи ҳақида ҳам бир оғиз сўз айтиб ўтиш жоиз. Акбар Исломовнинг ҳозир ҳам ДХХ архивида сақланаётган тергов ишида унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятига оид бирор жўяли гап йўқ. Аммо ўша пайтлар Тошкент шаҳрининг 2-Оққўрғон кўчасидаги 5-уйда яшагани ва 1937 йил 3 августда қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташлангани, шунингдек, мол-мулки мусодара этилгани, 1956 йил 29 июнда эса оқланганини билиш қийин эмас. Ўша кезлар бу хонадонда 32 ёшли хотини, 10 ёшли ўғли Темур (Асқар), марҳум акасининг 6 ёшли қизи Муқаддас ва 81 ёшни қоралаган онаси Ойша, 28 яшар синглиси Комила Тўрақулова, 55 ёшли акаси Умар Исломов ҳам истиқомат қилган.
Акбар Исломов қамалганидан кейин кўп ўтмай, хотини Кетеван Давидовна Исломова-Клдиашвилининг ҳам озодликдаги ҳаётига нуқта қўйилди: у 1937 йил 2 октябрь куни ҳибсга олинди. Агар шу кунларда Кетеван Давидовна Маҳаллий саноат халқ комиссарлигида иқтисод­чи-режачи бўлиб ишлагани туфайли Халқ Комиссарлари Советига қарашли Дзержинский кўчасидаги уйда яшаганига эътибор қаратсак, эри Акбар Исломов қамалгач, уларнинг оиласидан 2-Оққўрғон кўчасидаги 5-уй ҳам тортиб олингани аён бўлади. Ўша кезларда бошқа «халқ душманлари»нинг хотинлари ҳам ҳибсга олинаётгани туфайли Кетеван Давидовна эҳтиёт юзасидан Муқаддасни Чимёндаги болалар лагерига юборган, ўғли Темур эса 2-Оққўрғон кўчасидаги 26-уйда акаси билан яшаётган эди.
СССР НКВДсининг 1937 йил 13 августдаги буйруғига кўра, Кетеван Давидовна «халқ душмани»нинг хотини сифатида қатағон қилиниши, фарзандлари Темур ва Муқаддас эса давлат тарбия муассасалари ихтиёрига топширилиши лозим эди. Бу буйруқни ўзлари учун дастуриламал деб билган ходимлар Акбар Исломовнинг 3 августдаги тинтувдан омон қолган 4 минг 60 сўмлик заёми, «Павел Бурс» русумли тилла чўнтак соати, Марказий Ижроия Қўмитасига аъзо бўлгани ҳақидаги 2 нишони, 17 бетлик ёзишмаси, ён дафтари ва расмлари, шунингдек, Кетеван Давидовнанинг минг сўм пули, «Невада» русумли тилла билакузукли соати – жами 70 та мол-мулкни хатлаб, давлат фойдасига мусодара қилишади.
Қизлик фамилияси Клдиашвили бўлган Кетеван Давидовна 1905 йил 20 январда Батумида туғилган. Отаси Давид Самсонович грузин халқининг ифтихори бўлган сиймолар жумласидан. У 1862 йили Ғарбий Грузиядаги Симонети қишлоғида камбағаллашган ­дворян оиласида туғилади. Етти ёшида Кутаисига ўқишга боради. Чор ҳукумати ўша йилларда грузин дворянлари фарзандларини ҳар йили Россия­даги ҳарбий ўқув юртларига йўллаб турарди. 1872 йили Давид Клдиашвили ҳам Киевдаги ҳарбий гимназияга юборилади. Саккиз йил ўтгач, ўқишни Москва ҳарбий билим юртида давом эттиради. Сўнгра ҳарбий хизматни ўташ учун Батуми шаҳрига келади.
«Сен дўстинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман», деган нақл бор. Бу нақл яқин-яқинларгача грузин халқида бош­қача шаклда яшаб келган: «Сен отанг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман». Модомики, шундай экан, келинг, энди Кетеваннинг отаси билан яхшироқ танишайлик.
Давид Самсонович Батумига кўчиб келганида Ожаристон пойтахти эндигина Туркия тасарруфидан тортиб олиниб, Грузия­­га қайтарилганди. Боку-Батуми темир йўли ва керосин трассаси ўтиши муносабати билан йирик саноатчилар, савдогарлар оқими маҳаллий аҳолини бу ердан сиқиб чиқара ­бошлаганди. Шунда Давид Клдиашвили машҳур грузин ёзувчиси Георгий Церетели билан бирга маҳаллий аҳолининг ижтимоий ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишга киришди. Чор армиясининг подполковниги ҳисоблангани ҳолда, ўз халқининг миллий озодлик учун олиб борган курашига мададкор бўлди. Оқибатда, 1905 йили ҳарбий хизматдан четлаштирилди. Кутаисига кўчиб бориб, жўшқин адабий ва ижтимоий фаолиятга берилди.
Кетеван ана ўша олижаноб грузин зобити ва грузин адабиётининг классиги оиласида туғилиб, оиланинг илғор анъаналари руҳида тарбия топди. Вояга етгач, нафақат гўзаллиги, балки юксак маданияти билан ҳам ўзбек йигити Акбар Исломовни ўзига ром этди. Улар 1927 йили Москвада танишиб, турмуш қуришди. 1928 йил бошида оиланинг якка-ю ягона фарзанди туғилди. Бу пайтда Акбар Исломов Ўзбекистон ҳукуматининг Москвадаги доимий вакили эди. У ўғлига ўз исмига қофия­дош қилиб, Асқар исмини қўйди. Аммо оилада болакайни негадир Темур деб чақиришга одатланишган. Орадан йиллар ўтиб, Акбар Исломовдан ном-нишон қолмаган пайтларда уни Темур деб аташ марҳум ота хотирасига нисбатан ҳурматсизликдек бўлиб туюлди. Ва унинг ёлғиз ёдгори Асқар Акбарович Исломов исм-шарифи билан ҳаётда ўз ўрнини ­топди. Аммо бунга ҳали анча вақт бор эди…
1937 йил 2 октябрда «халқ душмани»нинг хотини сифатида қамоққа олинган Кетеван 24 кун сўроққа чақирилмади. Чунки, терговчининг фикрича, бу муддат ичида унинг иродаси синиши, фожиали қисмати олдида ­таслим бўлиши ва барча саволларга кутилган жавобларни бериши керак эди. Қолаверса, калаванинг Акбар Исломов қўлидаги учи ҳамон ечилмаётган, уни қатл қилиш учун зарур далиллар етишмаётган эди. Шу боис 25 октябрь куни бўлган биринчи ва сўнгги сўроқ пайтида терговчи Кетевандан эрининг аксилинқилобий фаолиятини фош этувчи маълумотларни олиш учун кўп уринди. Лекин ундан фақат мана бу жавобларни эшитди, холос:
«…1934 йилга қадар Исломов Акбарнинг уйида қуйидагилар бўлган: Болтабоев, Каримов, Енгил саноат халқ комиссарлиги ходими Ёқубов Ғулом, 1934 йилдан Исломов Акбар қамалгунга қадар Тошкент шаҳар советининг собиқ раиси бўлган Тожиев, Фрунзе тумани партия қўмитасининг собиқ котиби Тошмуҳамедов, ЎзК(б)П МК қишлоқ хўжалиги бўлимининг собиқ мудири Шермуҳамедов. Тошмуҳамедовдан бошқалари аҳён-аҳёндагина бизникига келишган».
Терговчининг илмоқли саволига жавобан Кетеван шундай деган:
«Меҳмонлар уйимизга тўп-тўп бўлиб келишмаган… Менинг ҳузуримда ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган. Икромов ва Файзулла Хўжаев хотинлари билан бизникига келишганда, сиёсий мазмунда суҳбат қуришмаган».
Шубҳасиз, терговчи уч ярим ҳафта мобайнида тек ўтирмай, Акбар ва Кетеван Исломовларнинг уйларига келиб-кетиб юрган кишилар ҳақидаги маълумотларни синчиклаб ўрганган. Улар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, маҳбуса бундай деган: «…Самарқанд шаҳар совети раисининг ўринбосари Сорец Тошкентга келганида, бизникида бир марта ётиб қолган. Яна қўшимча қилишни истардим: 1936 йили, молия ходимлари аълочиларининг слёти бўлган кунларда уйимизда ­аълочилар шарафига зиёфат берилди (Сорец бир неча марта бизникида тунади). Шунда (биз билан бирга) тахминан 12 киши бўлган: Тошкент шаҳар молия бўлими мудири Мане, унинг ўринбосари Обиджонов, Қўқон шаҳар молия бўлими мудири Коваленко, Молия Халқ Комиссарлиги ходими Черкасов ва бошқалар (уларнинг исм-шарифларини билмайман)».
Сорецнинг Исломовлар уйида тунаб қолишининг сабаби аён: Акбар Исломов бирмунча вақт ўша ерда Сорец билан бирга ишлаган. 12 кишилик зиёфат пайти турли миллатга мансуб кишилар ўртасида аксилинқилобий мазмундаги гап-сўзлар бўлмаслиги эса табиий. Аммо, наҳотки, уч-тўртта маҳаллий миллатчи тўпланганда бундай суҳбатлар бўлмаган бўлса?!. Ўйлаб кўринг, Кетеван Давидовна, ахир сиз совет ҳокимиятининг ишонган кишисисиз!..
Тахминан шундай аврашлардан кейин Кетеван сўнгги саволга жавоб беради: «…1930 йил август ойида таътилга чиқиб, Самарқандга бордим. Эрим ўша ерга хизматга юборилган эди. Ўша кунлари у яшаган уйга Ёқубов Ғулом билан Али Мусаев келишди. Улар дастурхон атрофида ўзбек тилида бир оз қизишиб, гаплашиб ўтиришди. Ўзбек тилини билмаганим учун улар нима ҳақида гаплашганларини айта олмайман».
Атиги бир марта ўтказилган сўроқ чоғида Кетеван эри ҳақида берган кўрсатмалар асосан шулардан иборат бўлган. Ундан Акбар Исломовнинг аксилинқилобий фаолияти тўғрисида бирор асосли далил-маълумот олиш амримаҳол эди. Негаки, у эрининг олижаноб инсон, ҳалол ва покиза халқ комиссари эканига астойдил ишонган. Шунга қарамай, терговчилар 1937 йил 30 октябрда «халқ душмани»ни яшириб келгани ва унинг аксилинқилобий фаолиятига ёрдам бергани учун Кетеван Исломовани жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилиб, ишни кўриб чиқиш учун СССР НКВДсининг Алоҳида мажлисига юборадилар. Хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани учун Кетеван 1939 йил 9 февралда озод этилади. Унга қадар бир йил-у тўрт ой қамоқда бўлади. Агар 1937-38 йиллар даҳшатини назарда тутсак, қамоқхонада кечган бу муддат жабрдийда аёл учун қанчалар оғир кечганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Афсуски, Кетеван Давидовна озодликка чиққач, уни Ўзбекистон билан боғлаган ришталар батамом узилиб, ўрнига фақат даҳшатли хотиралар қолди. Уйи, мол-мулки, севимли эридан жудо бўлган Кетеваннинг ота юртига қайтиб кетишдан ўзга иложи йўқ эди.
Давид Клдиашвили сермазмун ва унутилмас ҳаёт кечириб, 1931 йили Кутаисида вафот этади. Миннатдор Грузия кўп ўтмай унинг жасадини Тбилисига кўчириб келиб, улуғ фарзандлари ётган пантеонга қўяди. Кетеван Давидовна ҳам Тбилисида, ўша пантеон яқинида яшай бошлайди. Узоқ йиллар турли идораларга хат ёзиб, эрининг тақдири билан қизиқади. Бу идоралар масъуллари эса Акбар Исломов 1938 йил 4 октябрда отиб ўлдирилганига қарамай, у гўёки 10 йилга кесилгани ва тегишли жойларда жазо муддатини ўтаётгани ҳақида ёлғон жавоблар йўллашдан чарчамайдилар.
Кетеван Давидовнанинг қуйидаги фарёд тўла хати эса унинг ўзи ҳам, эри ҳам ажойиб инсонлар бўлганидан далолат беради:
«ССР Иттифоқи Бош прокурори ўртоқ РуденкогаТбилиси ш., Бакрадзе кўчаси,
16-уйда яшовчи Кетеван Давидовна
Клдиашвили-Исломовадан
АРИЗА
1937 йил 2 августда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ССР ГПУ органлари томонидан миллати ўзбек, 1896 йили Ўзбекистон ССРнинг Қўқон шаҳрида туғилган, ҳибсга олингунига қадар Ўзбекистон ССР молия халқ комиссари лавозимида ишлаган, айни ­пайтда Ўзбекистон К(б)П МК бюроси аъзоси, СССР МИК аъзоси – эрим Исломов Акбар Исломович қамоққа олинган эди.
НКВД органларидан келган расмий маълумотномага кўра, у Махсус кенгаш қарори билан 10 йил муддатга хат ёзиш ва хат олмаслик шарти билан қамалган.
Эримнинг айбланишига оид расмий хабарга эга бўлмаганим учун 1937 йилнинг август ойида эълон қилинган газета мақоласи ва Ўзбекистондаги айрим раҳбар ходимларнинг чиқишларидан менда ҳосил бўлган таассурот шундан иборатки, унинг айби маорифга ажратилган маблағни ­республика ирригация тармоқларини кенгайтириш учун сарфлагани, шунингдек, ­уйимизда немис аёлини бола тарбиячиси сифатида сақлагани бўлган.
Бундай айбноманинг моддий асосларини билмаганим учун уйимизда яшаган Фибих Мария Карловна, боламнинг тарбиячиси, ўзига ҳеч бир доғ туширмай, ҳозир ҳам Совет Иттифоқида фуқароликнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда яшаб келаётганини сизга маълум қиламан.
Маблағни маорифдан олиб, мамлакат ирригациясига ўтказишга келганда, бу ерда жиноят унсури бўлиши мумкин эмас. Зеро, бюджетнинг ҳар қандай ўзгариши ҳукумат қарорисиз амалга ошмайди, бундай тадбирларнинг сувсиз Ўрта Осиё шароитида мақсадга мувофиқлиги тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Эримга қўйилган барча айблар уйдирма ва асоссиз эканини шундан ҳам билса бўладики, Москвада Бухарин устидан суд бўлган пайтда бу иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилган Ўзбекистон партияси ва ҳукумати раҳбарлари ўз кўргазмаларида жиноий ишлари ва алоқалари тўғрисида батафсил маълумот берганлари ҳолда, йигирма йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекис­тондаги раҳбарлик лавозимларида ишлаган эримни бир оғиз тилга олмаганлар ва унга туҳмат қилмаганлар.
Акбар Исломовнинг мутлақо айбсизлиги ҳaқuдаги фикрим шахсан мен учун у билан бирга кечган ўн йиллик (1927 йилдан 1937 йилгача) ҳаётим билан тасдиқланган. Шу йиллар давомида ундан бир кун ҳам узоқлашмай, унинг шахсиятини ақл-ҳушимдан айрилмаган ва теран инсоний таҳлил этганим ҳолда, ҳеч қандай иккиланишсиз, ўз даврининг энг маданий ўзбекларидан бўлган, партия ва ҳукуматга содиқ бу зукко инсонга ишонганман. Менинг бутун оилам, жумладан, отам – грузин адабиётининг классиги, инсон руҳиятининг кўзга кўринган билимдонлардан бири, Грузия халқ ёзувчиси Давид Клдиашвили ҳам у ҳақда шундай ­фикрда бўлган.
1937 йил ноябрь ойида ҳибсга олинганимдан кейин Тошкент турмасида тасодифан учрашиб қолган пайтимизда, у менга заррача ҳам айбдор эмаслиги, туҳматдан иборат айблар билан қабиҳларча ҳақоратлашгани ва таҳқирлашганини айтган эди.
Акбар Исломов на ўзининг зуваласи, на маънавий фазилатлари, на таржимаи ҳоли-ю, келиб чиқиши билан ватанига хоинлик қиладиган кишилардан эмас. Ўзбекис­тоннинг Қўқон деган чекка шаҳарчасида, дурадгор оиласида туғилган бу инсон ўз меҳнат фаолиятини ҳapф терувчи ишчининг дастгоҳидан бошлаб, советлаштиришнинг дастлабки кунларидаёқ Бухоро амирини Ўрта Осиёдан қувишда, фуқаролар урушидан кейинги энг оғир даврда эса ғоя ва Ватан йўлида жонидан ҳам кечиб, хорижий разведкалар раҳбарлик қилган оқ гвардия­­чи ва босмачи бандаларга қарши курашда фаол раҳбарлардан бири бўлган. 1925-27 йилларда у Тошкент округи ижроия қўмитасига раис этиб тайинланган. 1927 йили эса Ўзбекистон ҳукуматининг Москвадаги, CCCР ҳукуматидаги доимий вакили, айни чоғда, Иттифоқ Марказий Ижроия Қўмитаси Раёсати аъзолигига номзод эди.
1929 йилдан у Ўзбекистон Госплани раиси ва ниҳоят 1930 йилдан ҳибсга олингунига қадар ЎзССР молия халқ комиссари бўлиб ишлади.
Дастгоҳ ишчисидан ҳукумат аъзосига қадар бўлган бу узоқ машаққатли ва ор-номусли йўл катта муҳаббат билан, ўз халқи манфаатлари ва орзу-умидларига эътиқод билан босиб ўтилди. Бу унинг нафақат Ўзбекистон, балки Россия ва Грузиядаги пешқадам зиёлилар, айниқса, шоир ва ёзувчилар билан дўстлиги ва самимий муносабатлари воситасида ҳам тасдиқланади.
Эрим қамалганидан кейин икки ой ўтгач, мен ҳам ҳибсга олиндим ва бор-йўғи битта сўроқ (унда менинг демографик маълумотларимгина қайд этилган) натижасида Исломов Акбар оиласининг аъзоси сифатида қамалдим. Оиламиз батамом ҳонавайрон қилинди. Бизга қолдирилган якка-ю ягона хона ҳам тортиб олинди, ўн йиллик меҳнатимиз орқасида тўплаган барча нарсамиз ташиб кетилди, кейинчалик олис Грузиядаги қариндош-уруғларим бағридан паноҳ топган полапоним болалар уйига юборилди.
Афтидан, эримга қўйилган айблар унчалик оғир бўлмаган. Зеро, мен унинг оила аъзоси сифатида қамоққа олинганимга қарамай, бир йилу тўрт ой деганда ишим тўхтатилиб, озодликка чиқарилдим. Шундан кейин эримнинг тақдири билан доимо қизиқиб, «У тирик, хат ёзиш ва хат олиш ҳуқуқидан маҳрум, жазо муддати тугагач, қайтади», деган мазмундаги жавобларни олдим ва ҳамма нарсага чидаб, ҳар сафар навбатдаги шундай жавобни сабр-бардош билан кутиб яшадим.
Бу сафар эса ёнимда физкультура институтини бу йил тугатган ва мактабга ўқитувчи қилиб юборилган, қиличбозлик бўйича спортчи, бундан 18 йил илгари кўчага чиқариб ташланган 26 ёшли ўғлим Асқар Акбарович Исломов борлиги учун Сизга мурожаат этиб, эрим Исломов Акбар Исломовичнинг ишини сўраб олиб, уни қайта кўришингизни, агар унда жиноят таркиби бўлмаса, жиноий ишни тўхтатиш ва тўла оқлаш учун ССР Иттифоқи Олий Судининг жиноий ишлар ­бўйича Коллегиясига протест киритишингизни сўрайман. Бу нарса мендан эрим учун, менинг ҳеч бир айби бўлмаган ўғлимдан эса отаси учун шармандалик тамғасини олиб ташлаш ва эҳтимолки, уни кўриш имконини берарди. Эслатаманки, 10 йиллик жазо муддати 1947 йилдаёқ тугаган.
К.Д.Исломова-Клдиашвили
1954 йил 31 июль».

Ғиж-ғиж алам, изтироб ва умид жилвалари балқиб турган бу хатни лоқайдлик билан ўқиш мумкин эмас. Мен Кетеван Давидовнанинг ўзбек эрига бўлган чексиз садоқати, меҳр-муҳаббати акс этган бу хатни ўқир эканман, у қаршимда фақат аслзода кишиларгагина хос поклиги, фидойилиги, самимийлиги, закийлиги билан гавдаланди. Эри Теҳрондаги хунрезлик пайти ваҳшийларча ўлдирилган Нина Чавчавадзе – машҳур Чавчавадзенинг муҳаббати ва садоқати билан улуғвор қизи – қолган ҳаётини шундай садоқат билан ўтказган ва Грибоедов қабрига оташин юрак сўзлари битилган муҳташам бир ёдгорлик ўрнатган эди. Буни қарангки, Кетеван Давидовна ҳам грузин аёлларининг илоҳий нур ила йўғрилган ана шу анъанасига содиқ қолди.

Наим КАРИМОВ,
академик