Маишатга вақт топамиз, китоб ўқишга-чи?..

831

Инсоният­нинг минг йиллик билим ва маърифатини ўзида жамлаган китоб дўконлари эса йўқ ҳисоби. Уларни, қишлоқларни-ку, қўя турайлик, кўпинча туманлар марказида ҳам тополмайсиз. Борлари ҳам ўқув қуроллари ва диний адабиётлар савдоси ҳисобига аранг «кун кечиряпти».

Бу аҳволни кузатаркансиз, «Нима, биз илм-маърифатдан шунчалик юз ўгирдикми?», деб ҳайратланасиз. Айрим мактаб кутубхоналаридаги муаллифларнинг ўз пули эвазига чоп этилган, ҳомийлар томонидан келтирилган, анчадан буён қўл тегмаган ва чанг босиб ётган китоб­ларга (агар уларни китоб дейиш мумкин бўлса) кўзингиз тушганда эса ичингиз баттар ачишади.
Одатда, ҳар бир халқнинг тафаккур савиясига унинг аҳолиси қандай асарлар ўқиётганига қараб баҳо берилади. Донишмандлардан бири «Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, бу – китоб ўқимаслик!», деган экан. Фан-техника ниҳоятда ривожланган ҳозирги даврда эса инсоният маънавияти тобора қашшоқлашаётгани ҳақида олимлар ва шифокорлар кўп эслатишмоқда.
Зеро, компьютер, смартфонлар, уяли телефонлар, интернет, ҳатто турли телекўрсатувларда ҳам кенг ўрин эгаллаётган рекламали ва бошқа тасвирий лавҳалар, айниқса, жанговар ўйинлар одамларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини сезиларли равишда сусайтираётгани бор ҳақиқат. Чунки инсоннинг мантиқий тафаккури тасвирни кўриш жараёнида эмас, фикрни тушуниш чоғида шаклланади. Яъни, фикрлаш учун тасвирланган нарсани кўришдан анча ўзгача шарт-шароит керак. Иккинчидан, экранларда акс этган тасвирлар томошабин учун фақат шаблон (сийқаси чиққан усул) вазифасини ўтайди, лекин унинг тасаввури мустақил равишда ижодий ривожланишига йўл бермайди. Фикрнинг бундай тормозланиб қолиши туфайли ақли ноқис ва калта, серзарда одамлар кўпаяди. Оилавий можаролар ва турли жиноятлар ҳам шунинг оқибати ўлароқ келиб чиқади.
Мен баъзида бинойидек ўқимишли танишларим қандай китоблар мутолаа қилишаётганига қизиқаман. Уларнинг деярли барчаси «Китоб ўқишга вақт қаерда?» дея осонгина қутулишади. Шунда беихтиёр ҳазрат Алишер Навоий гўдаклигиданоқ ўз хонадонларида бўлган ғазалхонлик кечаларида падари бузруквори қучоғида ўтириб, баҳс-мунозараларни жон қулоғи билан тинглагани кўз ўнгимда гавдаланади. Ёки рус адабиётининг йирик намояндаси Александр Сергеевич Пушкин отасининг кутубхонасида улғайгани ёдимга тушади.
Абдулла Қодирий бундан юз йил аввал «Миллатимизнинг бой-бадавлат ўғлонлари илм-маърифатдан йироқ, чойхоналарда ароқ, пиво ичиш билан банд», дея бонг урганди. Таассуфки, бу балодан ҳозиргача қутулолмадик. Билъакс, тунги емакхоналарда май базмлари кучайса-кучайяптики, асло камаймаяпти. Бугун айрим кишилар бўш вақтини китоб ўқиш билан эмас, кайфу сафо қилиб ўтказишни афзал кўришяпти.
Ҳолбуки, тараққиётга ва юксалишга фақат билим олиш орқали эришиш мумкин. Шу боис давлатимиз раҳбари ҳам китобхонликни ривожлантириш зарурлиги тўғрисида бот-бот таъкидламоқда. Ҳатто китоб мутолаасини қўллаб-қувватлашга оид махсус қарор ҳам чиқди. Айни чоғда, яна бир муаммо ҳам борки, уни айтмасак, инсофдан бўлмас. Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев таъкидлаганидек, «Шундоқ ҳам ўқирманлардан кўра, ёзарманлар кўпайган замонимизда китоб нашрига 15 фоизли ҚҚС солиниши кўзда тутилаётгани китобхонлик ­маданиятини юксалтиришга берилган зарбага ўхшайди». Ҳеч қайси даврда маънавият-маърифат давлатга моддий манфаат келтирмаган. Бас, шундай экан, маънавиятни пулга чақиш, ундан даромад олишни кўзлаш нечоғли тўғри?
Солиқчиларнинг тушунтиришларича, ушбу йўл чет эл тажрибасидан келиб чиқиб, танланган эмиш. Ажабо! У ҳолда, эрта-бир кун хорижлик эркаклар юбка кийсалар, бу одатни ҳам бизда жорий қилиш керакми?
Менимча, миллати келажагини ўйлаган ҳар бир инсон маънавиятни қўллаб-қувватлаши шарт. Бадиий асарлар асосан иш вақтидан кейин, тунларни бедор ўтказиш ҳисобига яратилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Энг муҳими, ҳозир ҳам ҳақиқий истеъдод эгаларининг фидойилик­лари эвазига ўқишга ва уқишга арзигулик асарлар ёзиляпти. Бироқ, авваллари 50 минг-100 минг ададда нашр этилган асарлар эндиликда, нари борса, 3-5 минг нусхада чоп этиляпти. Устига-устак, муаллиф қалам ҳақи эвазига 20-30 та китоб билан «сийланяпти», қоғозга ва асарни чоп этишга топилган пул тунни тонг­­га улаб асар ёзган ижодкорга келганда, топилмай қоляпти. Аслида, ёзган китобидан, аввало, ижодкорнинг ўзи манфаатдор бўлиши керак. Ана шундагина у жаҳон адабиёти дурдоналарига монанд асарлар яратишга интилади.
Ўтмиш сабоқларидан аёнки, ­ривожланган давлатларнинг маънавий таназзулга юз тутиши китобга муносабат заифлигидан бошланган. Шунинг учун ҳам манаман деган Европа давлатлари ҳам Шарқ маънавий меросини ўрганишга мажбур бўлишмоқда. Биз эса нималар билан машғулмиз? Гоҳо қасрдек уйларда биронта китобни кўрмайсиз. Одатда, ўша хонадон эгалари хорижнинг фалон доллар турадиган машинаси-ю, мебелларини сотиб олишгани, ҳашамли тўй-маъракалар ўтказишгани билан мақтанишни хуш кўришади. Лекин инсон тафаккурини бойитадиган, кўнглига осойишталик ва ҳаловат бағишлайдиган кутубхона ёки китоб дўконига сўнгги бор қачон кирганини эслай олишмайди. Шу маънода илм-маърифатдан йироқлашган авлодга ачинган Чўлпоннинг дарду ҳасратларини тушунса бўлади:
Мактаб ўрнига очилди ҳар
маҳаллада майхона,
Нафрат этмак нари турсун, шоду
хандон бизнинг халқ.
Мактабга йўқ бир тийини, тўйга
минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодир
бизнинг халқ.
Андижон давлат университети фахрий профессори, марҳум Сайфиддин Жалилов эса «Маънавият, маънавият деймиз, аммо маънавиятга бўлган эътибор чорвачиликдан ҳам кейинги ўринда туради», деган эди.
Бинобарин, бугунги кунда китобхонликни ва китоб савдосини тартибга солиш барчамизнинг бурчимиз бўлиши шарт. Мен шундан келиб чиқиб, китобхонликни тарғиб этишга оид баъзи фикрларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Бундан 3-4 йил бурун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов китобхонлик борасида хайрли ташаббус бошлади. Унга кўра, ҳар бир ташкилот-корхона ва таълим муассасасида китоб жавонлари очилди. Оз бўлса-да, китоблар одамлар қўлига етиб борди. Аммо ҳозирги кунда бу усул ҳам китобхонлик савиясини кўтариш учун етарли эмас, деб ўйлайман. Чунки ҳар бир туманда Ахборот-ресурс маркази деб аталмиш кутубхоналарда турли китоблар чанг босиб ётгани ҳеч кимга сир эмас. Модомики, улар ўқилмаётган экан, инглиз ёзувчиси Даниэл Дефонинг қаҳрамони Робинзон Крузо айтганидек, «Қайиқ денгизга бормаса, денгиз қайиқнинг олдига келади» қабилида иш тутмоқ зарур. Айни мақсадда Ахборот-ресурс марказларига «Дамас» автомашиналари ажратилса, уларда ҳафтада бир марта муайян маҳаллага китоблар олиб борилиб, кекса-ю ёш китобхонликка даъват этилса, менимча, фойдадан холи бўлмайди.
Қолаверса, бизда чойхоналар азалдан ўзига хос маънавият ўчоғи саналган. Бу имкониятдан фойдаланиб, уларнинг ҳар бирида кичикроқ кутубхона очиш зарар қилмайди. Шунингдек, эркак­лар сартарош­хоналарида, гўзаллик салонларида ва темир йўл вокзалларида ҳам чоғроққина кутубхона ва китоб жавонлари ташкил этиб, тарғибот ишларини олиб бориш мумкин.
Сирасини айтганда, китоблар – маънавият-маърифат чироғи, инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган маёқ. Шундай экан, ҳаммамиз ҳар куни унга ошно тутиниб, тафаккуримизни бойитишга ҳаракат қилайлик. Лекин зинҳор-базинҳор бу туганмас хазинага йўл игна билан қудуқ қазишдек машаққатли ва узлуксиз ҳаракатда бўлишни талаб қиладиган иш эканини унутмайлик.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист