Юлдузларни кашф этган режиссёр

930

Ўзбекистон телерадиокомпанияси тарихида шундай кўрсатувлар борки, улар томошабинни сеҳрлаб олгандек экран қаршисига тортаверган. Ана шундай ижодий ишлар қаторига «Қизлар давраси» ва «Ўзбегим ўғлонлари» кўрсатувларини ҳам қўшиш мумкин. Қаҳрамонимиз – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Олтин қалам» Халқаро миллий мукофоти совриндори Лутфия Рўзибоева – ана шу кўрсатувларни эл севган даражага олиб чиққан фидойи ижодкорлардан бири.

Лутфия опа 1941 йили Самарқанд шаҳрида Солижон Рўзибоев ва Субхия Файзуллаевалар хонадонида­ ­дунёга келган. Оиладаги ижодий муҳит фарзандларнинг маданият ва санъатга ошно бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутган. Лутфия опанинг катта акаси Эмил Рўзибоев истеъдодли рассом бўлиб, 40 йилдан ошиқ вақт мобайнида халқимизга хизмат қилган бўлса, иккинчи акаси Даниел Рўзибоев – машҳур ҳайкалтарош.
– Болалик йилларим уруш даврига тўғри келган, – дея эслайди Лутфия Рўзибоева. – Маҳалламизга қрим-татар, рус миллатига мансуб оилалар кўчиб келишган эди, улар билан бирга ўйнаб катта бўлдик, рус ва татар тилини ўргандим. 1953 йил отамнинг иши ўзгаргани сабабли Тошкентга кўчиб келдик.
Тошкент давлат санъат институтини 1965 йилда тугатгач, Лутфия опа Ўзбекистон телевидениесида ишлаш учун йўлланма олади ва илк меҳнат фаолиятини режиссёр ассистентлигидан бошлайди. Кейинчалик сиёсий тарғибот йўналишида ишлаб, «Қизлар давраси», «Ўзбегим ўғлонлари» каби кўрсатувлар яратди, «Ўзбегим ёшлари» ансамблини тузди. Уларга ҳам муаллиф, ҳам режиссёр сифатида бор куч ва салоҳиятини бағишлади.
Кўрсатувнинг ҳар бир сони турли вилоятларда, олийгоҳларда олинарди. Иштирокчиларни танлашда нафақат уларнинг истеъдоди, балки одоб-ахлоқи ва маънавий ­қиёфасига ҳам катта эътибор қаратиларди. Қатнашчиларга талаб кучли бўлганидан ҳақиқий «ёниб турган» оловқалб ёшлар танланар ва улар кўрсатув баҳонасида халққа илк кўриниш бериб, кейинчалик эса ўз истеъдодини кенгроқ намойиш этиш имкониятига эга бўлар, секин-аста элга таниларди. Шу боис «Қизлар давраси» кўрсатуви ва «Ўзбегим ёшлари» ансамблининг қатнашчилари орасидан машҳур санъаткорлар – Милена Матмусаева, Татьяна Зай­цева, Женисбек Пиязов, Машҳурбек Раҳимжонов, Наврўзбек Мамадияров, Фарҳод Қамбаров, Шербек Шодиев ва Шерзодбек Ортиқов, Аброр Эшбоев каби санъаткорлар етишиб чиққан бўлса, «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти совриндорлари – Камола Эрматова, Рухсора Аҳмедова, Наргиза Раҳимова, Дилноза Ортиқова каби эл хизматига шай, ўз соҳасида етакчи қизлар кашф этилди. Опага шогирд тушганларнинг аксарияти халқаро фестиваллар иштирокчиси бўлиб, бу мактабда чиниқишди, тажриба орттиришди. Улар орасида етук администраторлар, таржимонлар, хонандалар, созандалар, раққосалар, бастакорлар бор. Санъат йўлидан кетмаганлари ҳам ўз соҳасининг билимдонлари.
Лутфия Рўзибоеванинг кўрсатувида иштирок этган истеъдодли ёшларни юртимизнинг барча вилоятларида учратиш мумкин. Опа чекка қишлоқларни кезиб, эринмасдан кўрсатув учун энг муносиб ёшларни ахтарар, кези келганда, уларга ёрдам беришга интиларди. Турмуш ўртоғи Журъат ака эса опани ишда ҳам, оилада ҳам доим қўллаб-қувватлар эди.
– Аввал «Қизлар давраси»да бошловчилик қилганман. Кези келганда, ашула ҳам айтганман, рақсга ҳам тушганман, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида сухандон бўлиб ишлаётган Рухсора Аҳмедова. – Лутфия опам ўз ишига жуда пухта ва қаттиққўл эди, ҳар биримиздан юкланган вазифани юксак даражада бажаришимизни талаб қиларди. Иштирокчилар орасида кимдир ноўрин хатти-ҳаракат қилса, «патта»сини бериб юборарди. Агар орамизда кимдир қийналиб қолса, ўқишининг шартнома пулларини тўлаб берарди, айрим муҳтож ёш оилаларга тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, уй олиб берган. Бир куни Женисбек Пиязов тайёргарликка келолмай, ошқозоним оғрияпти, деб қўнғироқ қилганида, Лутфия опа, тезда таксига ўтириб кел, кира ҳақини ўзим бераман, деди. Сўнг Женисбек билан келган икки талабани ҳам кафега тушлик қилгани юборди. Шу пайт Қорақалпоғис­тон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган шогирди қўнғироқ қилиб қолди. Суҳбат асносида опа қорақалпоғистонлик икки истеъдодли талаба ҳар томонлама кўмакка муҳтожлигини айтиб, имкон борича ёрдам сўради. Кўп ўтмай, уларга ёрдам берилди… Мен ана шундай ўзгалар дарди билан яшашга қодир, катта юрак, катта қалб соҳибаси Лутфия опага шогирд эканимдан, ҳаёт йўлимда уларни учратганимдан беҳад минннатдорман.
Дарҳақиқат, Лутфия опанинг шижоатини кўпчилик яхши билган. Шунинг учун ҳам уни 1985-1987 йилларда Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Муборак туманига мафкуравий ишлар бўйича фирқа котиби бўлиб ишлашга жўнатишган. Опа бу вазифани сидқидилдан бажаргач, кейинчалик Ўзбекистон Марказий қўмитасига ишга келди.
Бугун опа икки нафар фарзанди, беш нафар невараси ва уч нафар чевараси даврасида бахтли-саодатли умргузаронлик қилиб, кексалик гаштини сурмоқда. Аммо бир лаҳза ҳам бекор ўтирмайди. Ҳали китоблар чиқаришни ўйласа, ҳали у, ҳали бу шогирдининг қайсидир юмушига кўмаклашади, ҳеч бўлмаганда, маслаҳат беради. Хонадонидан эса дўстлари, шогирдларининг қадами узилмайди.
– Ҳар куни умид, ишонч ва эътиқод билан яшайман, – дейди Лутфия Рўзибоева. – Фарзандларим, шогирдларим ва набираларимга «ҳеч қачон иймон-эътиқодингни сотма, эртага бугундан ҳам яхши бўлишига ишониб ҳаракат қил!», дея уқтираман. Инсон сўзи ва амалида собит бўлса, ҳалол бўлса, ҳеч қачон кам бўлмайди.
Ҳа, қаҳрамонимиз бутун умр ана шу эътиқодига содиқ қолиб яшади, меҳнат қилди ва ҳурмат-эътибор қозонди. Кўплаб юлдузларни кашф этган режиссёр опамизга узоқ умр ва мустаҳкам саломатлик тилаймиз.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»