Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир!

735

Миллий матбуот марказида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ҳукуматимизнинг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, инсон ўз ҳаёти давомида эга бўладиган барча маълумотларнинг 75 фоизини беш ёшгача бўлган даврда олади. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига айланган. Жумладан, олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгиланган. Натижада ҳозирга қадар жами 669198 нафар кичкинтойлар мактабгача таълим тизимига қамраб олинди. Уларнинг 114286 нафари қисқа муддатли гуруҳларда, 89240 нафари бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида, 311618 нафари эса мактабга тайёрлов гуруҳларида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра, 2025 йилга бориб олти ёшли болаларни мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига тўлиқ жалб қилиш, 2030 йилгача уч-етти ёшдаги болаларнинг 80,8 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олиш режалаштирилган. Айни кезларда бу ташкилотларга қамраб олинган олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун “Илк қадам” мактабгача таълим ташкилотнинг давлат ўқув дастури ҳамда “Илм йўли” вариатив ўқув дастуридан фойдаланилмоқда.

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш тизими орқали мактабгача таълим соҳасини янада такомиллаштириш, соғлом, фаол, баркамол, ижтимоий мослаштирилган болаларни тарбиялаш, келгусида муваффақиятли ўқишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни бошланғич таълимга сифатли тайёрлаш олти ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Мажбурий бепул таълимда харажатлар тўлиқ бюджет ҳисобидан қопланмоқда. Ҳар бир бола ойига 416 минг 700 сўм, йилига 5 миллион сўм маблағ билан таъминланмоқда. Ушбу таълимга бултур 50 миллиард сўм сарфланди, бу йил эса 57,8 миллиард сўм ажратилган.

Қисқа муддатли гуруҳларда бола таъминоти учун ота-оналар тўлайдиган пул миқдори МТТ жойлашган манзил ва унга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган. Ҳудудлардаги тўлов миқдори бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бир нафар бола қатнаса, Тошкентда 38 минг, вилоят марказида 36 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 32 минг, туман марказида 29 минг сўм, бошқа жойларда 26 минг сўм тўланади. Оиладан икки нафар ва ундан ортиқ бола борса, бу кўрсаткичлар мутаносиб равишда 26 минг, 25 минг, 23 минг, 20 минг ва 18 минг сўмга тўғри келади. Шунингдек, 70 та туманда жойлашган МТТларда икки баравар кам миқдорда пул тўланади.

Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида ота-оналардан тўлов ундирилмайди. МТТнинг мактабгача тайёрлов гуруҳларидаги тўлов миқдорлари МТТ жойлашган манзил, гуруҳ иш режими ва МТТга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган.

Ота-оналар тўлайдиган пул миқдори 9 соатли иш режимида оиладан бир нафар бола қатнаганда Тошкентда 206 минг, вилоят марказида 199 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 183 минг, туман марказида 135 минг, бошқа жойларда 95 минг, икки нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда тегишли тартибда 147 минг, 141 минг, 130 минг, 102 минг ва 77 мингсўмни ташкил этади. 10,5 соатли иш режимида эса бир нафар болага пойтахтда 246 минг, вилоят марказида 238 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 206 минг, туман марказида 183 минг, бошқа жойларда 167 минг, икки нафар ва ундан ортиқ бола учун мос равишда 175 минг, 169 минг, 147 минг, 138 минг ва 133 минг сўм тўланади. .

Олти ёшли болаларнинг мактабгача таълимга қамраб олиниши уларнинг ҳар томонлама ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топиши учун хизмат қилади. Шунингдек, зурриётларимиз келгуси бошланғич таълим даврида ўзларини эркин ҳис этишлари, тенгдошлари билан осон ижтимоий муносабатларга киришишлари учун зарур имкониятлар яратади. Олти-етти ёшли ўғил-қизлар учун мўлжалланган мажбурий бошланғич таълим бир йиллик тайёрлаш гуруҳлари ҳамда қисқа муддатли гуруҳлар болаларини тўлиқ кунли мактабгача таълим ташкилотига бериш имкониятига эга бўлмаган ёки муайян сабабларга кўра, бунга интилмайдиган ота-оналарнинг талаб-эҳтиёжларини қондиради.

Бибигул МУРТАЗАЕВА