Президентга мактублар: «БИЗ ҲАЁТДАН РОЗИМИЗ!»

920

Ҳаётда турфа тақдирлар бор. Тақдир зарбалари баъзан одамни эсанкиратиб қўяди, баъзан тақдир раво кўрган ҳаёт билан яшашга маҳкум бўлади инсон. Нима бўлганда ҳам, ҳаёт учун курашдан чекинмаслик, матонат ва сабот билан олға интилиш керак. Аммо баъзан бунга етарли куч тополмай қоламиз. Ўзимиз билиб-билмай атрофдан бир мадад, бир меҳр кутамиз. Шундай вазиятда бир кичик туртки ҳам инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва инсонпарварлик сиёсати бугун «Аёллар дафтари»ни варақлаганда яққол сезилади.
Амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилганда обод бўлаётган ҳаёт, обод бўлаётган кўнгиллар манзаралари намоён бўлади.
«Ishonch» газетасига «Аёллар дафтари» сабаб нурафшон бўлган кўнгилларнинг дил изҳорлари – миннатдорлик мактублари келмоқда. Улар ҳаётбахш ташаббус эгаси – Президент номига битилган.
Таҳририят ушбу дилномаларнинг баъзиларини ­эълон қилган эди. Бу сафар ҳам айрим дилномалар билан танишасиз. Зеро, матбуот – жамият кўзгуси, жамият минбари. Мактубларда эса битта муҳим маъно бўй кўрсатиб турибди: биз ҳаётдан рози бўляпмиз!

ДАВЛАТ БОРЛИГИНИ ЭНДИ БИЛДИМ

Ассалому алайкум, муҳтарам Президент!
Сизга дил сўзларимни баён этишдан беҳад бахтиёрман.
Агар билсангиз, беқиёс меҳрингизнинг бир заррасидан мен ҳам баҳраманд бўлдим. Бунинг учун Сизга ҳар қанча миннатдорлик билдирсам ҳам кам.
…Турмуш ўртоғим билан ҳаёт синовларини енгиб келяпмиз. Беш нафар фарзандимиз бор, тўрт ўғил ва бир қиз. Олтинчи фарзандимни камолга етказиш насиб қилмади, жигаргўшамдан айрилдим. Жарроҳлик амалиётидан кейин оёқларим ишламай қолди.
Болаларим вояга етяпти, мен эса тўшакка михланиб ётибман… Болаларимнинг эътиборга муҳтожлигини кўриб, қалбим эзилади. Хўжайиним ҳайдовчилик қилади, ойлиги дорилардан ортмайди…
Турмуш ўртоғим газ плитани менга мослаб берди. Судралиб, эмаклаб ошхонага кираман, овқат пишираман, судралиб кир юваман…
Шундай қилиб, рўзғоримиз кундан кунга чўкиб борарди. Қандай қилиб оиламизга фойда келтирсам экан, деб ўйлай бошладим. Оёқларим ишламагани билан ақлим жойида-ку, қўлларим ишлайди-ку. Аввалига пайпоқ, кейинроқ болалар учун турли нарсалар тўқишни ўргандим. Қийқимлардан қурамиш тикишни ҳам ўзлаштириб олдим. Кейинчалик кўрпа-ёстиқ тикишни ҳам ўргандим.
Соғлом пайтимда нон комбинатида ишлардим. Тикувчиликдан топган пулимга печ сотиб олдим. Кундузлари тўқиш, тикиш билан машғул бўлиб, кечалари пишириқлар пишира бошладим. Кечаси пиширишимга сабаб, бу ишни болаларимсиз эплай олмасдим. Норасидаларим болаликдан оғир меҳнат қилишгани учунми ёки етарлича эътибор беролмадикми, икки ўғлим кўп касал бўлишди. Етишмовчилик қурсин, фарзандларимизни олий ўқув юртларида ўқитолмадик.
Вақт-соати келиб, ўғилларимизни уйлантирдик. Келинларим ва қизимга тикувчиликни ўргатдим.
Ҳозир 66 ёшдаман. Умримнинг ярми ногиронликда ўтяпти. Илгари ҳеч ким биздан, нима дардинг бор, нима ёрдам керак, деб сўрамаган.
Сиз Президент бўлганингиздан кейин вазият буткул ўзгарди. Маҳалла, касаба уюшмалари ва ҳокимиятдан вакиллар бир неча марта келишиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Айниқса, ўтган йилги оғир пандемия шароитида Сизнинг ғамхўрлигингиз туфайли биз каби ночор оилаларга эътибор катта бўлди. Ўғлим ва келиним жамоатчилик ишларига жалб қилинди. Тез-тез озиқ-овқат маҳсулотлари бериб туришди.
Сизнинг яна бир азму қарорингиз билан биринчи гуруҳ ногирони бўлган аёлларнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Улар орасида мен ҳам борман. «Аёллар дафтари»га киритилганимдан сўнг уйимиздаги эски эшиклар замонавийсига алмаштирилди. Янги аравачали бўлдим. Кўп қаватли уйимизнинг орқа томонида иссиқхона қуриб беришди. Бодринг етиштириб, озми-кўпми даромад қиляпмиз. Барака топишсин, тез-тез йўқлаб келишади: моддий ёрдам, озиқ-овқат ва меҳр билан…
Қадрли Шавкат ака!
Сиз оғамдай, жигаримдай юрагимга яқин инсонсиз! Олтмиш ёшдан ошиб, давлатнинг борлигини энди билдим. Ногирон ҳолимда ҳам давлатга кераклигимни ҳис қилдим…
Сиз туфайли кўп оилалар қатори биз ҳам рўшнолик кўрдик. Бунинг учун Сизга мингдан-минг раҳмат! Халқимизнинг бахтига соғ-омон бўлиб, яна узоқ йиллар бизга бош бўлинг!

Сингиллик меҳри билан,

Рўзигул АСҚАРОВА
Урганч шаҳри 26-сон
«Жинговуз» маҳалласи

СИЗ ҚУЁШГА ЎХШАЙСИЗ

Ассалому алайкум,
муҳтарам Президент!
Сизга мактуб ёзишимга дилимда қайта уйғонган умид ва истаклар, қайта тирилган орзулар туртки бўлди.
Камалакнинг етти хил жилоси каби турмушнинг ҳам турфа ранглари бўлар экан. Болалигим жуда чиройли ўтган. Завқ-шавққа, гўзал хотираларга тўла мактаб даври, оиламизда ўтказган ширин дамларни бугун энтикиб эслайман.
Мактабни тугатгач, турмушга чиқдим. 1998 йил ўғлимиз Сардорбек туғилди. Ўшанда мендан, биздан бахтли одам йўқ эди. Аммо кутилмаганда содир бўлган аянчли воқеа ҳаётимни буткул издан чиқарди.
Эрим ишда, ўзим чиллали эдим. Электр симларининг қисқа туташувидан ўт чиқиб, уйимиз ёниб, кул бўлди. Бу бахтсиз ҳодисадан қаттиқ таъсирланганимдан кўзларим кўрмай қолди. Шифокорларнинг айтишича, кўзимда қон босими кўтарилиб кетибди. Шу тариқа, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим.
Зулмат ичра ёлғиз қолганим етмагандай, турмушнинг «мушт»лари, синовлари давом этди. Қайнота ва қайнонам ўғлининг сўқир аёл билан бирга яшашини исташмади. 2002 йил ўғлим билан ота-онамникига кўчиб ўтишдан ўзга чорам қолмади.
Турмуш ўртоғим бизни ташлаб қўймади, қарашиб турди. Бироқ орадан бир неча йил ўтгач, уйланди. Бу мен учун оғир синов бўлса-да, кўникишга мажбур эдим.
2014 йил март ойида яккаю-ёлғиз фарзандимнинг отаси беморликдан вафот этди. Ноябрь ойида эса ўғлимга саратон касаллиги илашди. Шифокорлар бунга кучли руҳий тушкунлик ҳолати сабаб бўлганини тахмин қилишди. Чунки Сардорим отасининг ўлимидан жуда қаттиқ таъсирланган эди…
2017 йилда болажонимдан ҳам айрилдим. Ҳаётнинг кетма-кет зарбаларидан гангиб қолдим. Дунё зулматга айланганди. Гарчи ота-онам, сингилларим ва укам атрофимда парвона бўлишса-да, кўнглимга қил сиғмасди. Фақат йиғлардим. Ана шундай оғир дамларда қоғоз ва қалам яқин сирдошимга, дарддошимга айланди. Дардларим, армонларим битилган дафтарлар сони кўпаяверди.
Очиғини айтаман, менинг ҳаётдан кўнглим совиган, эртанги кундан умидим йўқ эди. Аммо шундай қуёшсиз кунларда мен Сизнинг меҳрингизни, биз каби кам таъминланган оилаларга кўрсатаётган эътиборингизни ҳис қилдим. Менга ҳам 8 фоизли имтиёзли кредит берилди. Унга мол олиб, боқдик. Ўтган йили ушбу молларни сотиб, кичиккина бўлса-да, уй қурдириб, ватанли бўлдим.
Уйнинг томини ёпишда эски шиферлардан фойдалангандик. Қишда чакка ўтиб, безор қилди. Уйда етарли шароит бўлмаса қийин экан, айниқса қишда.
2021 йилнинг кўкламида бир гуруҳ инсонлар уйимга келиб, аҳволимни ўрганишди. Улар касаба уюшмаси ва маҳалла фаоллари экан. Мени «Аёллар дафтари»га киритишди. Шундан сўнг ҳаётимга ҳам гўёки кўклам кириб келгандек бўлди. ­Уйимнинг таъмири учун маблағ ажратилди, телевизор ҳам совға қилишди.
Яна қувончлиси шуки, Қашқадарё вилояти «Халқ қабулхона»си ҳомийлигида «Шеърият кўнгил мулки» номли китобим нашр этилди. Вилоят ва тумандаги ­масъулларнинг саъй-ҳаракати ҳамда ёрдами билан илк китобимнинг тақдимот маросими ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Мен муштипар бир аёл бу ғамхўрликлардан жуда миннатдорман. Чунки бугунги кунда китоб, қоғоз ва қалам – ҳаётимнинг маъно-мазмунига айланган. Чунки шеър ёзсам, чалғийман.
Ўз уйинг – ўлан тўшагинг, деб бекорга айтишмаган. Худога шукр, энди менинг ҳам уйим бор.
Азиз Юртбошим, барчаси учун Сизга раҳмат!
Дунёдан, яшашдан умидини узган мендек аёлни ҳаётга қайтарганингиз, менга умид ва ишонч берганингиз учун ташаккур!
Отам ҳам, онам ҳам, ўзим ҳам ҳар доим Сизни дуо қиламиз.
Сиз қуёшга ўхшайсиз,
Сиздан ўрганайлик нур сочишни, эзгуликни…

Камоли эҳтиром ила,

Феруза РАҲМОНОВА

Нишон тумани
«Янгиобод» маҳалласи

ҲАЁТГА НУР КИРИТГАН ТАШАББУСЛАР

Ассалому алайкум, Шавкат Миромонович!
Ушбу мактубни Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шодиёналари менга, қолаверса, бутун маҳалладошларимга олам-олам қувонч олиб келган муҳим сана бўлганини Сизга эртароқ етказиш учун ёзяпман.
Маҳалламиз туман марказидан 32 километр олисда. Ҳалигача ҳатто шағал тўшалмаган йўлларимиз бор эди. Симёғочларимиз қўлбола усулда ясалган, электр токида тез-тез узилишлар бўларди. Тоза ичимлик суви ҳақида ўйламай қўйгандик. Ишсизлик ва рўзғордаги ночорликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ҳурматли Юртбошим, Сизнинг телевизордаги чиқишларингизни доим кузатиб борамиз. Халқ, одамлар ҳаётини ўзгартириш, қийналган одамларнинг дардини эшитиш ва масаласини ҳал этиш тўғрисида кўп куйиниб гапирасиз. Мени хурсанд қилгани ўша гаплар ва ҳаракатлар аста-секин ҳаётимизга ҳам кўчаётганида.
Мана, ўзимиздан қиёс, «Обод маҳалла» дастури ижроси туфайли бизнинг олис маҳалламизда ҳам бугун кўплаб янгиланишлар бўлмоқда. Хусусан, ёзда чанг, қишда лойга ботиб ётадиган йўлларимиз текисланиб асфальтланди. Нафақат хонадонларимиз, ҳатто кўчаларимизда ҳам тунги чироқлар порлай бошлади. Энди маҳалламиз кўчалари кечалари-да ниҳоятда файзли, тароватли. Мактабларимиз, болалар боғчалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бинолари қиёфаси бутунлай ўзгарди. Энг муҳими, хонадонимизга бугун тоза ичимлик суви кириб келди.
«Аёллар дафтари» доирасида амалга оширилаётган ишлардан беҳад мамнунмиз. 40 ёшга тўлибманки, бирор жойда муқим ишлаган эмасман. Шу пайтгача мудом мавсумий юмушларда, ғўза чопиғи ҳамда пахта теримида қатнашиб, иш ҳақи олардим, холос. Очиғи, тирикчиликни амал-тақал ўтказаётгандик. «Аёллар дафтари»га киритилдим. Шундан сўнг ҳаёт тарзим яхши томонга ўзгарди. Айни шу дафтарга киритилганим сабаб давлат томонидан моддий ва маънавий кўмак олиб турибман. Турмуш ўртоғим оғир хасталиги сабаб уй-жойимизга ҳам кўпда эътибор бермаганмиз. Яшаб турган уйимиз ниҳоятда абгор ҳолатда эди. «Аёллар дафтари»нинг бошида турган кўплаб яхшилар ­уйимнинг ҳам таъмирига яқиндан кўмаклашишди, том қисмини ёпиб беришди. Бундан ташқари, ҳар ойда менга 560 минг сўмдан ишсизлик нафақаси бериляпти. Рўзғори кам-кўстини тўлдириб олсин, деган яхши ниятда менга 25 сотих экин майдони ҳам ажратилган. Ҳозир ўзимга бириктирилган ердан мавсумий экинлар экиб, ҳар қарич ердан баҳоли қудрат фойдаланиб олишга ҳаракат қиляпман.
Мен учун энг қувонарлиси, бу йил қизим Садоқатга 4 фоизли грант ажратилган ҳолда олийгоҳга ўқиш учун тавсиянома берилди.
Ўзбекчиликда ён қўшни қариндошдан ҳам зиёда кўрилади. Ён қўшним Динара Пирматованинг ҳам қувончи менинг қувончимга эш бўлиб кетди. Негаки, у ҳам мен каби бир қатор имконият ва имтиёзлардан баҳраманд. Ўғли Давронбекнинг хатна тўйи ўтказилиб, «Зукко болажон» номли хусусий мактабгача таълим ташкилотига бепул жойлаб қўйилди. Ўзи эса 51-мактабгача таълим ташкилотининг спорт мураббийси сифатида иш бошлади.
Қадрли Президентим!
Қалблари шоду ҳуррамликка тўлган ва тўлаётган бундай хотин-қизларимизнинг ҳисоби йўқ. Сиз йўлга қўйган самарали тизимлар туфайли маҳалламиздан раҳбарларнинг қадамлари узилмай қолди. Натижада аҳолига тиббий, маданий, савдо, коммунал хизмат кўрсатиш юқори савияга чиқди.
Аслида буларнинг барчаси Сизнинг оқилона раҳбарлигингиз шарофатидан. Шунинг учун ҳам Сизга ўзим, оиламиз аъзолари, қолаверса, бутун маҳалламиз аҳли номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.
Кези келганда, энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Истиқлолнинг 30 йиллиги билан самимий табрик­лаган ҳолда Яратганнинг жамики эзгуликларини тилайман. Бизларнинг, бутун Ўзбекистонимиз халқининг бахтига доимо соғ-омон бўлинг!

Чексиз ҳурмат-эҳтиром билан,

Соҳиба РАИМҚУЛОВА
Мингбулоқ тумани
«Қорашаҳар» маҳалласи

БАХТИМИЗГА ОМОН БЎЛИНГ!

Ассалому алайкум, муҳтарам
Шавкат Миромонович!
Ташаббусингиз билан юритила бошланган «Аёллар дафтари» менинг ҳаётимда ҳам ёруғ, фаровон кунларни бошлаб берганидан тўлқинланиб, хат ёзмоқдаман!
Турмуш ташвишлари мени жуда эрта чиниқтирди. Ўқиш, илм олиш ўрнига болаликданоқ ҳунар ўрганишга аҳд қилдим. Ўн тўрт ёшимда мустақил чевар сифатида ишлай бошладим. Ўн олти ёшимда эса турли андазадаги халатларни тикиб, бозорга олиб чиқардим.
Мана, шунга ҳам 18 йил бўлибди. Ўтган йиллар давомида худди шу тахлит ишладим. Аммо қўлида ҳунарию бир тикув машинаси бўлган аёл йил – ўн икки ой ишласа-да, каттароқ маблағ жамғариши деярли имконсиз эканини тажрибадан ўтказдим. Чунки рўзғор – ғор, деб бекорга айтишмаган.
Ўтган йилги пандемия барча қатори бизнинг жўжабирдай оиламиз учун ҳам катта синов бўлди. Чеварлик маҳсулотларимга бозорда талаб кескин тушиб кетди. Шундай вазият юзага келдики, иш тўхтаб қолди. Бундай ҳолат ойлаб давом этса, унча-мунча ҳунарманд ҳам тушкунликка тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Менда ҳам ана шундай суст кайфият, қандайдир мавҳум ҳис-туйғу анча вақт давом этди. Токи, «Аёллар дафтари»га рўйхатга олингунимга қадар…
Маҳалла мутасаддиларининг эътибори билан рўйхатга киритилганимдан сўнг аввалига маҳаллий ҳокимлик, сўнгра касаба уюшмалари вакиллари турмушим, чеварликда нималарга қодирлигим билан қизиқишди. «Сизда тадбиркорликка мойиллик бор экан, кредит олиб фаолиятингизни кенгайтиринг, ёрдам берамиз, уддалайсиз!», деб астойдил далда беришди. Ҳунармандларга кафил ва гаровсиз, тавсия хати билан ажратилаётган имтиёзли фоиздаги кредит ҳақида атрофлича маълумот беришганди, таваккал қилиб, 5 миллион сўм маблағ оладиган бўлдим. Бу ҳақда эшитган айрим танишларим кулишди: «бор-йўғи 5 миллион сўмми?», дея.
Мен эса, аввал мана шу озгина маблағ билан ўзимни тадбиркорликда синаб кўрай, деган фикрда қатъий эдим. Банкдан олинган маблағга хомашё сотиб олдим. Маҳалламиздаги чевар қизлардан уч нафарини бирга ишлашга чорладим, янги дизайнда, бир неча кўринишда аёллар либосларини тикиб, бозорга чиқардик. Тезда харидорлар кўпайди. Ўз ишимиздан руҳланиб, ҳаракатни жадаллатдик.
Ана шундай кунларнинг бирида «Халқ банки» республика бошқарувидан мутасаддилар хонадонимизга келишди. Улар либосларимизга юқори баҳо беришди, шунинг баробарида, «Ишингизни кенгайтириш учун 30 миллион сўм кредит ажратиш керак», деган хулосага келишди.
Ўзим Андижон туманида яшасам-да, ­бошқа туман ва маҳаллаларда истиқомат қиладиган дугоналарим, ҳунар ортидан танишиб-тутинган опаларим бор эди. Ҳаммаси қўли гул чеварлар. Кредит масаласи ҳал бўлгач, энг аввал уларни излаб топдим. Мен уйимизда ишлаётган маҳалладошларим билан бозорда харидоргир бўлаётган тўрт-беш хил кўринишдаги либос учун матони бичиб, ярим тайёр ҳолга келтириб берадиган, улар эса сифатли қилиб тикиб берадиган бўлишди. Шу билан ишимиз юришиб кетди, харидорлар ҳам кўпайди, ҳаммамизнинг оиламизга даромад киряпти.
Муҳтарам Юртбошим!
Сизнинг мамлакат аёлларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, эзгу ташаббусларни илгари сураётганингиз, мен ҳам мана шу ­эътибордан баҳраманд бўлаётганим ҳақидаги миннатдорлик туйғуларини қоғозга тушираётганимда яна бир хушхабарни эшитиб, рости, қувончдан кўзларимга ёш келди. Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси томонидан ўтказилаётган «Касаба уюшмалари лауреати» танловининг вилоят босқичида иккинчи ўринга лойиқ кўришибди. Иккинчи даражали дипломга қўшиб, беш миллион сўм пул мукофоти ҳам беришди.
Бир пайтлар турли танловлар ва олимпиадаларда қатнашиб, ғолиб бўлган мактабдошларимга жуда-жуда ҳавас қилардим. Мана, танловларда эътироф этилиш бахти менга ҳам насиб этди. Севинмай бўладими ахир?
Азиз Юртбошим!
Биз каби аёлларни – она, опа, сингил ва қиз ўрнида кўриб, меҳр-мурувват кўрсатиб, шарт-шароитларимизни яхшилаш учун ҳаётбахш ташаббусларни рўёбга чиқараётганингиздан ғоят миннатдорман!
Бахтимизга доимо омон бўлинг!
Сиз учун ҳамиша дуодамиз!

Нилуфар ЖЎРАЕВА
Андижон тумани
«Иттифоқ» маҳалласи

ҲАЛОВАТИМ ҚАЙТГАН КУН

Ассалому алайкум,
муҳтарам Президент!
Ҳаёт кутилмаган синовларга тўла экан. Бунга ўз ҳаётим давомида кўп гувоҳ бўлдим. Бошимдан кўп оғир дамлар ўтди… Мана шу синовлардан ўтишимда Сизнинг ташаббусингиз қанчалик муҳим ўрин тутганини, миннатдорлик билдириш маъносида Сизга мактуб битишга қарор қилдим.
Ота-онамнинг хоҳиш-иродаси билан ўн саккиз ёшимда зиёли инсонга турмушга чиқдим. Дастлаб турмушимиз чиройли кечди. Умр йўлдошим қиш­лоғимиздаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишларди. Орадан бир йил ўтиб, фарзандли бўлдик. Афсуски, ўғлимиз мия босими ташхиси билан туғилди. Бир йиллик умри деярли шифохонада ўтди… Боламизни тупроққа топширдик. Орадан икки-уч йил ўтиб, яна ўғиллик бўлдик. Аммо фарзандимиз бир ёшга тўлганида унинг юрагида нуқсони борлиги аниқланди. Яна ташвишли кунлар бошланди. Бу орада эрим туман ҳокимлигига ишга ўтди. Лекин хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади.
Умр йўлдошим қўшни давлатнинг олий ўқув юртида таҳсил олгани боис, унинг дипломи яроқсиз деб топилди. Шу важ билан ишдан бўшатилди. Бу ёқда уч нафар фарзандимизни едириш-кийдириш керак. Камига ўғлимнинг дарди кун сайин зўрайиб борарди…
Шукрки, оғир кунларда яқинларимиз ташлаб қўймади. Ака-укаларнинг ёрдами билан машина сотиб олдик ва шуни ортидан тирикчилик қила бошладик. Ўзим туман марказидаги гўзаллик салонларидан бирига ишга кирдим. Бироқ у ерда узоқ ишлай олмадим. Боиси, Озодбекнинг дарди зўрайиб кетди. Шифокорлар уни зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтишди. Афсуски, операцияга етадиган маблағни тополмадик. Ўша вақтда тегишли мутасаддилардан бир неча марта ёрдам сўрадик. Лекин улардан садо чиқмади…
Ўғлимизни вақти-вақти билан даволатиб юрдик. Ўшанда ичимдан ўтганлари фақат ўзимга ва Яратганга аён. Наҳотки, бу фарзандим ҳам нобуд бўлса, деган ўй-хаёллар тинчлик бермасди…
Кунлардан бир кун хонадонимизга бир неча киши келди. Улар хонадонма-хонадон хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиб юрган ишчи гуруҳ вакиллари экан. Уларга юрагимдаги бор ҳасратларимни тўкиб солдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мени туман ҳокимлигига чақиришди…
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизнинг аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигингиз туфайли менинг ҳам мушкулим осон бўлди. Фарзандимни операция қилиш учун йўлланма беришди. Сиз сабаб ўғлим ҳаётга ­қайтди, у дарддан қутулди. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ.
«Аёллар дафтари»га рўйхатга олинганлигим боис ўзим эгаллаган касб-ҳунар бўйича малакамни оширдим. Яқинда маҳалламизда «Гўзаллик салони» очилди. Айни вақтда шу ерда иш бошладим. Турмуш ўртоғим ­дипломини нострификациядан ўтказиш учун имтиҳонларга тайёргарлик кўрмоқда. Насиб қилса, шу синовлардан ўтиб олсак, ҳаммаси яхши бўлади.
Сиз илгари сурган ташаббус сабаб юзимга нур инди, қалбимга хотиржамлик, ҳаловат қайтди. Барчаси учун ташаккур!

Чексиз миннатдорлик ила,

Шинара РАҲИМОВА
Паркент тумани «Бўстон» МФЙ

БУГУН МЕНДАН БАХТИЁР ИНСОН ЙЎҚ

Ассалому алайкум, меҳрибон Юртбошим!
Ўйлана-ўйлана Сизга мактуб ёзишга қарор қилдим. Мақсадим бошимга тушган оғир мусибатларни баён қилиш эмас, балки Сизнинг шарофатингиз билан ҳаётга, яшашга қалбимда иштиёқ яна жўш ура бошлаганини айтишдир.
Тақдир экан, тўрт йил аввал кутилмаганда турмуш ўртоғим 32 ёшида оламдан ўтди. Аёл киши учун энг яқин инсонини, суянчиғини йўқотиш жуда оғир бўлар экан. Ҳаётнинг бу кутилмаган синовларидан бошим гангиб қолди. Бу ёқда ота меҳрига тўймаган фарзандларим…
Бошга тушганидан кейин инсон боласи кўраверар экан. Уч норасидани боқиш, тарбиялаш ёлғиз ўзимга қолди. Болаларнинг айни ейман-ичаман деган пайти. Қора қозонни қайнатиш керак. Уларни оч қолдирмаслик учун икки ёшли гўдагимни ташлаб, мардикорликка чиқиб, пул топишга мажбур бўлдим. Ғишт ташидим, ер чопдим, кўмир қопладим… Хуллас, тирикчилик дардида иш танлаб ўтирмадим. Иш бўлган кунлари рўзғоримизга барака кирар, иш бўлмаган кунлари эса эртанги кундан умид қилишдан бошқа чора йўқ эди.
Шундай кунлар бўлдики, уйга қуруқ қўл билан қайтмаслик учун арзимас чойчақага ҳам оғир ишларга боришга мажбур бўлардим. Баъзан йўқчиликдан қозонимиз кунлаб қайнамас, қотган нон еб қорин тўйдирган кунларимиз ҳам бўлган.
Бир куни уйимизга бир гуруҳ одамлар келди. Улар ўзларини Сизнинг топшириғингизга асосан хотин-қизлар муаммоларини ўрганишга келган ишчи гуруҳ вакиллари эканини айтишди. Савол-жавоблар орқали муаммоларимни бирма-бир қайд этиб олишди. Нураб, тўкилиб, кулбага айланиб қолган уйимизни обдон кўздан кечиришди. Суҳбат орасида менга тасалли беришди. Кейин билсам, улар мени «Аёллар дафтари»га киритишган экан.
Ҳаммаси шу ўрганишлардан кейин бошланди. Гўё тушда бўлаётгандек, уйимизга бирин-кетин қурилиш материаллари кела бошлади. Усталар астойдил енг шимариб уй солишга киришиб кетишди. Хаш-паш дегунча яхши инсонларнинг кўмаги билан ҳовлимизнинг ўртасида барча ­шароитларга эга уч хонали янги уй қуриб битказилди. Тўёна деб гилам, телевизор, болаларимнинг учаласига ҳам янги диван-кроватлар совға қилишди. Томорқамизга иссиқхона, уйнинг ёнига ёзги ошхона қуриб беришди. Рўзғорингиз бут бўлсин, деб янги тикув машинаси ҳам совға қилишди…
Янги уйда янги ҳаёт бошлаганимиздан бағоятда хурсандмиз. Айниқса, фарзандларимнинг қувончини кўрсангиз… Албатта, буларнинг барчаси Сизнинг оталарча меҳрингиз, ғамхўрлигингиз туфайли амалга ошди. Бу яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмаймиз. Илоҳим, юртимиз бахтига доимо соғ-саломат бўлинг. Сиздек, Юртбошимиз борлигидан доим фахрланамиз.

Чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан,

Гулмира ЭРГАШЕВА
Данғара тумани
«Таптиқсарой» маҳалласи