«Жамиятда ўқитувчининг қадрини ошириш – асосий вазифамиз»

5713

Халқ таълими вазири
Шерзод Шерматов билан суҳбат

– Халқ таълими вазирлиги халққа нечоғлиқ тегишли ва нечоғлиқ яқин?
– Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими тизими бўлгандан кейин ўз-ўзидан халққа тегишли-да. «Халқ» деган сўз фақат бизнинг вазирлик номида учрайди. Мамлакатимизда 6 миллион 200 минг нафар ўқувчи, уларнинг ота-онаси бор. Менимча, юртимизда бизнинг соҳага алоқаси бўлмаган бирорта оила бўлмаса керак. Кимнингдир боласи, кимнингдир жияни мактабда ўқийди ёки кимидир ишлайди. Биз бу боғлиқликни жуда яхши тушунамиз ва масалага, фаолиятга ана шу нуқтаи назардан ёндашамиз.

– Танқидга муносабатингиз?
– «Шерматов ўқитувчиларни жангга қуролсиз жўнатяпти», деганга ўхшаган танқидларгами? Менимча, ўзини ҳурмат қилган педагог шундоқ ҳам дарсга пухта тайёрланиб киради. Афсуски, орамизда «Энди ўқитувчилар бекорчи бўлиб қолди», деган нотўғри тушунчага эга одамлар ҳам бор. Биз Финляндия таълими ҳақида кўп гапирамиз. У ерда ўқитувчининг ойлиги ҳам, обрўси ҳам баланд. Ўқитувчи камида магистрлик дипломига эга бўлиши керак ва битта ўринга бир нечта номзод кўриб чиқилади. Бизда эса минглаб ўқитувчиларда магистр тугул, бакалавр дипломи ҳам йўқ. Бу борада қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп.
Баъзан интернетда ўқитувчилар ҳақида бўлмағур гапларни ўқиб қоламан. Педагогларга берилаётган имтиёзлар, яратилаётган имкониятларни кўролмайдиганлар ҳам топилади. Масалан, ­сўнгги пайтларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда алоҳида натижа кўрсатган ўқитувчиларнинг санаторийларда бепул дам олишини ташкиллаштирдик. Шуни ҳам негатив қабул қилганлар топилди. Афсуски, бундайлар ўқитувчилар орасида ҳам учрайди. Лекин, умид қиламанки, вақти келиб, ҳаммаси изига тушиб кетади, яъни одамлар бир-бирини тан олишни, ўзидан яхшироқ ва унумлироқ меҳнат қилганни ҳурмат қилишни ўрганади.

– Ўқитувчиларга яна қандай енгилликлар яратилмоқда?
– Бундан бир неча йиллар муқаддам ўқитувчи дарсга тайёрланишдан кўра, қоғозлар тўлдиришга кўп вақт сарфларди. Ҳозирги кунда ўша вақтдаги 7 та мажбурий ҳужжатдан фақат биттаси – журнал тўлдириш қолди, холос. У ҳам электрон шаклга ўтказилмоқда. Энди ўқитувчи ўзининг устида кўпроқ ишлаш ва болаларга кўпроқ вақт ажратиш имконига эга бўлади.
Президентимиз ташаббуси билан жамиятда ўқитувчилар мавқеини ошириш мақсадида уларга имтиёзли банк кредитлари берилмоқда, энг тажрибали ва маҳоратли педагог ходимлар юртимиздаги ҳамма ҳавас қиладиган даволаниш масканларида бепул ҳордиқ чиқаришмоқда. Мана, ўтган йили Тошкентда очилган «Чинобод – Плаза» санаторийсида биринчилардан бўлиб ўқитувчиларга ўзи соғлиғини тиклаш учун имкон берилди. Жорий йилдан бошлаб Таълим сифатини назорат қилиш испекцияси фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда уларнинг рейтингида энг юқори кўрсаткичга эришган мактаблар ўқитувчилари танлаб олиниб, кейинги йил уларга яна алоҳида шароитлар яратиб берилади.

– Эркак ўқитувчиларни мактабга қайтариш муаммоси қандай ечим топмоқда?
– Бугунги кунда баъзи жойларда эркак ўқитувчилар аёллардан кўпроқ. Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида эса аёл ўқитувчилар жуда кўп. Чунки бу ҳудудларда эркакларга иш топилади, аммо чекка жойларда иш топиш мушкул.
Шу ўринда ойлик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтсам. Ҳаммага маълумки, Тошкент шаҳрида яшаш даражаси юқори, сарф-харажат кўп. Шу боис пойтахтдаги ва олис туманлардаги ойликлар миқдорини қайта кўриб чиқишни таклиф қилгандик. Йўқ, бўлмади, «Шерматов тошкентликлар ойлигини оширмоқчи, ўзи шундоғам ҳамма шароит Тошкентда-ку», деб кўзимни очиришмади. Менимча, бюджет ташкилотлари ойликларини ҳам ҳудудлардаги ўртача яшаш даражасига қараб белгилаш керак. Чунки кўп давлатларда шундай.

– Мажбурий меҳнат ва ўқитувчи…
– Тушундим. Мажбурий меҳнатни тўлиқ тугатиш давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли амалга оширилди. Илгари ўқитувчилар дала ва ободонлаштириш юмушларига кўп жалб қилинарди. Эндиликда бу салбий ҳолатларнинг барчасига чек қўйилди. Ўшанда ўқитувчиларга мажбурий меҳнатга чек қўйилгани ҳақидаги хушхабар етказилганда, айримлари ишонқирамай, «Бундан кейин ростданам пахта теришга чиқмаймизми?», деб сўрашган. «Бу нарса вақтинчалик, эҳтимол, пиар учун қилинаётгандир?», деб ўйлаганлар ҳам топилди. Амалда мажбурий меҳнатга қатъий барҳам берилди. Бугун ўқитувчилар ўз ишлари билан машғул. Энди мажбурий меҳнат ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

– Таълим сифатини кўтаришда қандай натижаларга эришилмоқда?
– Бош мақсадларимиздан бири таълим сифатини ошириб, рейтинг бўйича дунёдаги энг яхши мактаблар даражасига чиқишдир. Аммо бунга эришиш учун бизга ёрдам керак. Масалан, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитувчилар ойлигини ошириш масаласи қайд этилган. Бу борада депутатларимиз биз билан ҳамфикр бўлиб, масалани биргаликда муҳокама қилишлари, жўяли йўл-йўриқлар кўрсатиш­лари лозим. «Келинглар, бюджетни тасдиқлаяпмиз, балки шу масалани ҳам кўриб чиқармиз», дейиш керак-ку, тўғрими? Ушбу масала ҳақида фақат вазир гапириши шарт эмас-ку! Мен эса гапираман, эвазига таъна-дашном ҳам эшитаман. «Қачон минг доллар ойлик қилиб берасиз?», деб сўрашади, гўёки бюджетни мен тасдиқлайдигандай…
Таъбир жоиз бўлса, бюджетни битта умумий пирог сифатида тасаввур қилинг. Ундан ҳамма ўзига кўпроқ бўлак олишни хоҳлайди. Кимдир мактаб, кимдир ижтимоий объект, кимдир йўл бўлсин дейди, яна кимдир бошқа нарса. Республика бюджетидан кейингиси – маҳаллий бюджет, унга пул ажратилганда маблағнинг маълум қисмини ҳокимият олдида чиройли гулзор яратишга ёки мактабга ишлатамизми, деган қарорни маҳаллий депутатлар қабул қилишади. Қанийди, ҳомийлар, битирувчилар ва бошқалар савоб ишларни кўпроқ қилишса ва бу «Бутун жамият биргалашиб, мактабга ёрдам берамиз», деган умуммиллий ҳаракатга айланса… Худо хоҳласа, шундай кунлар ҳам келар. Лекин ҳозирча «Шерматов билмайдими, таълим бюджетини депутатлар ҳал қилмайди», деб қайсидир депутат ёзяпти. Бу нима деган гап, ҳайронман…

– Ўқитувчиларда қандай касб касалликлари учрайди?
– Биринчи навбатда, уларнинг асаби чарчайди. Ўйлайманки, буни пандемия шароитида уйда ўтирган кўпчилик ота-оналар сезишди. Кези келганда, сизни ўз болангиз ҳам асабийлаштиради. Энди тасаввур қилинг, 35 та ўқувчига қанчалик асаб кетади? Биз хориждан таклиф қилган психологнинг аниқлашича, кўпчилик ўқитувчиларда эмоционал толиқиш, ҳаётга бефарқлик, сиқилиш, болалар билан ишлашда қийинчиликлар кузатилган.
Устига-устак, ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларни турли ҳолатда тасвирга олиб, «шантаж» қилишлар кўпайди. Булар ҳам умумий ҳолатга, кайфиятга салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчиларга бекорга ёзги таътил берилмайди, улар ўзини ҳар томонлама тиклаб олишлари ва янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўришлари керак. Бу йилдан бошлаб таътилни мароқли ўтказиш мақсадида қўшимча кенг имкониятлар яратилдики, бу ҳам мотивация!

– Ўқитувчилар учун қандай ижтимоий пакетлар мавжуд?
– Ўқитувчиларга машина олишда имтиёзли автокредитлар бериш яна давом эттирилади. Мобиль операторлар ҳам улар учун қулай бўлган алоҳида таълим таърифлари чиқаришди. Шунингдек, алоҳида акция орқали муаллимлар чегирма билан ноутбук, планшет олиш имкониятига эга бўлишди. Биз хусусий корхоналар тақдим этган бу янглиғ имтиёзлардан хурсандмиз. Олдимизда турган энг катта вазифа эса ўқитувчиларнинг ойлигини оширишдир. Ўйлайманки, бу масала ҳам ўз ечимини топади.

– Чет элдаги олий ўқув юртларини битириб, таълим соҳасида ишлаётган мутахассислар ҳам борми? Агар бўлса, уларга алоҳида имтиёзлар берилганми?
– Кўз тегмасин, ҳозир тизимда хорижда ўқиган ёки ишлаган 30 нафардан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Аслида, уларнинг сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши керак. Аммо чет элнинг маошини қилиб бера олмасак, ҳамма ҳам яхши ойлик ва яхши шарт-шароитни ташлаб келмайди. Агар уларга шароит яратиб берай десангиз, «Нега хорижда ўқиганга кўп ойлик берасан?», деган ғавғо чиқади, интернетда ғийбат бошланади.
Ҳолбуки, чет элларда таълим олган ёшлар тизимда кўп ўзгаришлар қилишяпти. Уларнинг кўмагида янги китоблар нашр этиляпти, онлайн таълим платформасидан фойдаланиляпти. Бизни танқид қилиб, ақл ўргатувчиларга айтар сўзим бор: марҳамат, сизга бирорта мактабни берамиз ёки пулингиз бўлса, хусусий мактаб очиб, қандай ишлаш кераклигини амалда исботлаб қўйинг!
Яна бир гап: илгари кўп нарса ўқитувчини назорат қилишга қаратилганди. Ўша тизимда ишлаган айрим «завуч»лар, директорлар ҳозир «Сизлар ўқитувчига эркинлик бериш асноси конспект ёзишни йўқ қилдинглар, оқибатда, у ўз устида ишламай қўйди», деб норози бўлишмоқда. Чунки илгари муаллимлар ҳар сафар дарсга киришдан олдин ёзган конспектини «завуч»га тасдиқлатиб олган-да. Лекин яна қайтариб айтаман, ўзини ҳурмат қилган ўқитувчи дарсга тайёрланади. Конспект эса, аслида, ўқитувчини жазолаш инструментига айланиб қолганди. Шунинг учун ҳам уни йўқотдик. Бинобарин, ўқитувчига ёзган конспектига эмас, ишда эришган натижасига қараб баҳо бериш керак. Биз бу йўлда қатъий турибмиз.
Бир йил олдин 2 мингдан ошиқ, яъни ҳар 4 та мактабдан биттаси умуман натижа кўрсатмаган, бирорта ўқувчиси олий ўқув юртига кирмаган эди. Бизлар бу ҳолатни танқидий таҳлил қилиб, чора кўришга интилдик. Натижада ўзгариш рўй бериб, бир йилда «жимлик» уч бараварга камайди. Йиллар давомида бирорта битирувчиси кейинчалик олий маълумотли бўлмаган мактабларнинг собиқ ўқувчилари ҳам олий таълим даргоҳларида ўқий бошладилар.
Тўғри, таълим сифати фақат ўқувчиларнинг олий ўқув юртига кириши билан белгиланмайди. Биз ҳам улар 100 фоиз олий таълим муассасасига ўқишга кирсин деган талабни қўяётганимиз йўқ. Лекин битта синфни 30 нафар ўқувчи битирса-ю, биттасиям ўқишга киролмаса, бу нима деган гап? Демак, у ерда ҳаракат йўқ. Натижага ишлаш деганда, болаларнинг муваффақиятига қараб ишлашни тушуниш керак.

– Ижтимоий тармоқдаги босимларга муносабатингиз?
– Психологиядан маълумки, одам боласи ёмон нарсага, ёмон хабарга кўпроқ эътибор беради ва уни яхши эслаб қолади. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўпроқ шов-шувли, замонавий тилда айтганда, «хайп» бўладиган мавзуларни кўтаришга ҳаракат қилинади. Мен буни Инха университетига ректор бўлганимда сезганман.
Университет орқасида битмай қолган бино бор эди. Уни бузиб, ўрнига янги иморат қуришимиз керак эди. Ҳозир борсангиз, ўша чиройли бинони кўрасиз. Ўшанда эски бинони бузиб, ўрнига янгисини барпо этиш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Иш бошланди. Шунда «Инҳа университетига берилган бино фойдаланишга яроқсизлиги ҳақида қарор қабул қилинибди. Энди у бузиб ташланар экан. Ноинсофлар давлатнинг шунча пулини еб кетишибди, у қилишибди, бу қилишибди», деб ёзишган ва роса иғво қилишганди. Аммо ҳеч ким «Ҳой, барака топгурлар, у бино отам замонидан қолган ва битмаган, шунинг учун бузишга қарор чиққан», демади. Биз кейинчалик баёнот ҳам, изоҳ ҳам бердик, нега бир томонлама ёритдинглар, деб сўрадик ҳам…
Агар ижтимоий тармоқларда қайсидир гуруҳ ёки кимдир ўзига «подписчик» кўпайтирмоқчи бўлса, дарров мактаб мавзусига ёпишади. Чунки мактабга кўпчилик эътибор қаратади. Ёзги таътил вақтида иккита бола кўчада уришган бўлса ҳам «Мактаб болалари муштлашди», деб сарлавҳа қўйишади. Кейин мактабни, ўқитувчини ёмонлаб, бир талай изоҳлар битилади.
Агар ижтимоий тармоқлардаги босимларга эътибор берадиган бўлсам, ишни йиғиштириб қўйишим керак. Ҳар қалай, мен Йель университетини тугатганман, БМТда ишлаганман. Ҳозир ҳам қайтиб борсам, бирорта департаментга ишга олишади. Яхши жойга ўтиб олиб, ижтимоий тармоқларга кириб, ақл ўргатиб ўтиришим мумкин. Лекин кимдир ишлаши керак-ку! Ақл ўргатувчилар эса бизнинг фаолиятимизга камроқ аралашишса, ўқитувчиларга ҳалақит беришмаса, яхши бўларди.

– Алишер Қодировнинг ўқитувчилар ҳақидаги фикрларига қўшиласизми?
– Алишер ака таълимга қизиқадиган одам. Фақат шу «айрим ёки баъзи ўқитувчилар» демасдан, умумлаштириб, ҳаммани қўшиб юборгани ўзига салбий таъсир қилди. Айтайлик, битта милиция ходими ноинсоф бўлса, ҳаммаси ёмон дегани эмас-да. Мажбурий меҳнат пайтида мактабда ҳар хил кишилар ишлаган. Чунки пахта теримига одам керак бўлган. Баъзилари ўқитувчилик қилмаган, фақат штатда турган бўлиши мумкин. Эҳтимол, Алишер Қодиров шундай кишиларни назарда тутиб, гапирмоқчи бўлгандир, лекин умумлаштириб, ўқитувчилар деди. Шахсан мен унинг гапига эмас, позициясига қаршиман. Ўқитувчининг ойлиги ҳисобига мактаб қуриш – нотўғри фикр. Мен инсонни муҳокама қилишдан кўра, ғояни муҳокама қилишни маъқул кўраман. Бутун дунёда таълим сифатини ўлчайдиган «Pizza» деган рейтинг, у ерда барча давлатлар таълим тизимини ўрганадиган Андрей Шлагер деган таҳлилчи бор. У ўз таҳлиллари асосида бир нечта китоблар ёзган, китоблари интернетга ҳам жойлаштирилган. Олим бир хил даражадаги иккита давлат таълим тизимини таҳлил қилган. Бир мамлакат маълум миқдордаги маблағни мактаб қуришга, иккинчиси ўқитувчини кўпроқ рағбатлантиришга ишлатган. Каттароқ маош бериб, ўқитувчининг малакасини оширишга кўпроқ маблағ ажратган давлатда натижа юқори бўлган. Иккинчисида эса, асосан замонавий мактаблар қурилгани таълим сифатининг ошишига олиб келмаган. Айтмоқчи бўлганим шуки, маблағ ўша-ўша миқдорда бўлса, яъни қўшимча пул ажратилмаса (аслида, ажратилиши керак), биринчи ўринда ўқитувчи ва унга бериладиган рағбат туриши керак. Билимли ва малакали муаллим сал эскироқ хонада ҳам яхши дарс бераверади. Лекин синфхоналар зўр бўлса-ю, ўқитувчининг билими ҳаминқадар бўлса-чи?..

– Сиз учун мансаб нима?
– Амал – вақтинчалик нарса. Эртага мансабдан кетганда, раҳбар ҳамманинг кўзига тик қарай олиши, одамлар билан илиқ муносабатларини сақлаб қола билиши керак. У қанча самимий ва одил бўлса, ишида шунча унум бўлади. Менимча, бугунги раҳбар ижтимоий тармоқлардан хабардор ҳам бўлиши керак.

– Вазирликнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­си билан алоқалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга ­қўйилган. Касаба уюшмасининг энг кўп аъзоларга эга тизими халқ таълими ҳисобланади. Бу дегани, аъзолик бадалларининг энг катта қисми ҳам биздан ўтади. Юқорида айтдим, ҳозир санаторийларга энг кўп йўлланмалар ўқитувчиларга берилмоқда, бу йил шу кунгача 2000 нафардан ортиқ ўқитувчи сиҳатгоҳларда дам олди. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам узвий давом этади.
Бундан ташқари, кимё, биология, математика, информатика, физика, чет тили каби фанлар бўйича энг яхши устозларни муносиб рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан биргаликда танлов эълон қилинди. Шунингдек, республика миқёсида ўтказиладиган бошқа тадбирларимиз ҳам бор. Қуйи ва ҳудудий бўлимлардаги ҳамкорлик ҳақида ҳам узоқ тўхталиш мумкин.
Мен ўзаро ҳамкорликни яхши йўлга қўйгани ҳамда ходимлар ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани учун касаба уюшмалари раҳбарияти ва барча фаолларга миннатдорлик билдираман.

Шоҳира ҲАМРО суҳбатлашди