Кибернетика мактаби асосчиси

1025

Академик Восил Қобулов чин маънода ўз соҳасининг моҳир устаси, етук олим, ҳақиқий устоз эди. Шу йилнинг 5 сентябрида Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда кибернетика, информацион ва рақамли технологияларнинг пайдо бўлишига ҳамда кибернетика мактабига асос солган Восил Қобулов таваллудига 100 йил тўлади.

Домла ҳақида сўз борар экан, унинг шогирдлари устознинг ҳаёт йўли осон кечмагани, аммо шунга қарамай у кўп тўсиғу чигаллик­ларни енгиб ўтиб, ўз мақсади сари олға интилгани ҳақида сўзлаб беришади.
Хусусан, мактабни аъло баҳолар билан тугатган Восил Қобулов Ўрта Осиё давлат университетининг математика факультетига ўқишга киради. Талабалик вақтида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этади. Суронли уруш тугагач, Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ўқишини давом эттиради.
Илм йўлини маҳкам тутган йигит Ўзбекистон Фанлар академияси Механика институтининг аспирантурасига ўқишга киради. Ўқиш ва изланиш билан бир қаторда илм ютуқлари, фандаги илғор янгилик­ларни ўрганишдан чарчамайди. Шу мақсадда Москва, Минск, Киев, Новосибирск каби шаҳарларда бўлиб, илғор фан ютуқларини ўрганади. Натижада Ўзбекистонда кибернетика ва ҳисоблаш техникасини ривожлантириш бўйича махсус йўл харитасини тузишга эришади.
Ёш олимнинг йирик изланиш­лари ўз самарасини беради. У 1952 йилда «Тўғри бурчакли ясси пластинканинг текис таранг ҳолатини ҳисоблашнинг баъзи бир усуллари» мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлайди. 1956 йилда эса Восил Қобулов ташаббуси билан Ломоновский номидаги математика институтида ҳисоблаш маркази ташкил этилади. Кейинчалик бу институт Ҳисоблаш марказли механика институти, деб номланади.
Атоқли олим Ўзбекистон корхоналарида ҳисоблаш техникасини қўллаш учун турли лабораториялар ташкил этиш устида иш олиб боради. 1961 йилда Москва давлат университети илмий кенгашида «Эластиклик ва пластиклик динамик назариясининг бир ўлчовли ва икки ўлчовли баъзи бир масалалари» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. Мазкур илмий иш фанда янги йўналишни кашф этиш имконини беради, яъни алгоритмик механикага асос солади.
– Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Восил Қобулов билан кўп йиллар давомида бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман, – дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Иброҳим Абдуғаниев. – Ўша дамларда у кишининг кўплаб ажойиб фазилатларига қойил қолганман. Устозда ватанпарварлик, инсонпарварлик, мардлик, меҳнатсеварлик, ёшларни қўллаб-қувватлаш хислатлари мужассам эди.
1966 йилнинг 26 апрелида Тошкентда Ҳисоблаш марказли кибернетика институти ташкил этилади ва Восил Қобулов унга директор этиб тайинланади. ­Институтга у раҳбарлик қилган йилларда Ўзбекис­тонда кибернетика, информацион ва рақамли технологияларни ривож­лантиришга йўналтирилган кўплаб йирик лаборатория ва бўлимлар, ихтисос­лашган илмий кенгашлар ташкил этилади. Шунингдек, дунёнинг йирик илмий марказлари билан яқин алоқалар ўрнатилиб мамлакатимизга замонавий электрон ҳисоб­лаш машиналари олиб келинади. Шу ўринда Ўзбекистонга замонавий электрон ҳисоблаш машиналарини илк маротаба олиб кирган инсон – Восил Қобулов эканини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Академикнинг ташаббуси билан Тошкентда собиқ иттифоқда ягона бўлган Кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилган. Унинг таркибида Ҳисоблаш марказли кибернетика институти, ­бошқарувнинг автоматлаштирилган тизимлари, республика автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳамда тажриба экспериментал заводи вужудга келган.
Ўта камтарин ва зиёли инсон бўлган Восил Қобулов ўз даврининг жонкуяр олимларидан бири эди. У ўз йўлида учраган ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга интилган. Шу мақсадда миллий кадрларни тайёрлашга юксак эътибор бериб, кўплаб фан номзодлари ва фан докторларини етиштирган. Домланинг шогирдлари қаторида нафақат мамлакатимиз, балки Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан бўлган олимлар ҳам анчагинани ташкил этади.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан илм кишиларига, олимларга юксак эътибор қаратилиб, улкан имкониятлар яратилмоқда. Академик Восил Қобулов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш, унинг бой илмий меросини ривожлантириш, қатор-қатор илмий, илмий-оммабоп асарларини яна кўплаб илм изловчиларга етказиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳам жуда қувонарлидир.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
журналист