Оқаваларда оққан ваъдалар

1321

Бундан сал олдин ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсининг Қибрай тумани «Чингелди» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига қизил тусли сув оқизилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан «Экопартия»нинг Тошкент вилояти кенгаши, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ­инспекцияси, «Тошкент сув таъминот» МЧЖнинг Чирчиқ шаҳар бўлими мутахассислари ўрганиш­лар олиб боришган. Унга кўра, қизил сув «Чирчиқ сув тозалаш» иншоотидан чиқаётгани, ушбу тизимга Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманидаги саноат корхоналари томонидан меъёридан ортиқ кимёвий моддалар оқизилаётгани, унда эса замонавий локал тозалаш иншоотлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Хўш, дарёга ташланаётган оқавалар таркибида қандай зарарли моддалар бор?
Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси берган маълумотга кўра, «Тошкент сув таъминоти» МЧЖнинг оқава сув ташлаш жойида лаборатория таҳлиллари ўтказилган. Натижада азот аммоний белгиланган меъёрдан 3,95 марта, кислородга кимёвий талаб 8,1 марта, азот натрит 4,1 марта, сирти фаол моддалар 1,6 марта кўплиги аён бўлган. Шунингдек, сув ҳидсиз ва оч қора рангда экани, таркибида нефть маҳсулотлари йўқлиги, оғир металлар ва водород кўрсаткичи белгиланган меъёрдан ортмагани ойдинлашган.
Аслида ўтган йили ҳам худди шундай воқеа рўй берган ва ­оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган эди. Бунга жавобан Тошкент вилояти масъуллари «Sevimli» телеканали орқали ушбу ҳолат тез орада ижобий ҳал этилишига ва бошқа такрорланмаслигига ваъда беришган эди.
Амалда-чи?..
Афтидан, улар танқиддан тўғри хулоса чиқариб олишмаган. Шу боис, ўша муаммо яна кун тартибига чиқди. Демак, берилган қоп-қоп ваъдалар ҳавога учди.
– Охирги пайтларда турли шов-шувга сабаб бўлаётган ранг­­ли сув «Чирчиқ оқаваларни тозалаш» иншоотидан белгиланган меъёрда дарёга оқизилган, – дейди «Тошкент сув таъминоти» МчЖнинг Чирчиқ шаҳар бўлими раҳбари Улуғбек Расулматов. – Бир қарашда айбдор аниқ. Бироқ иккинчи томондан рангли сув тозалаш иншоотига қаердан келиб қолди, деган савол туғилиши табиий. Шу ўринда айтиш лозимки, республикадаги айни турдаги барча иншоотлар аҳолидан келаётган маиший чиқинди сувларни техник ва технологик жиҳатдан тозалашга мўлжалланган. Та­омилга биноан, саноат корхоналаридан оқизилаётган чиқинди сувлар бирламчи локал иншоотларда тозаланиб, сўнгра оқава сув тармоқларига ташланиши керак. Афсуски, бу меъёрларга ишлаб чиқариш корхоналари деярли амал қилмайди. Биз юқоридаги ҳолатни жойига чиқиб ўрганганимизда дарёга оқизилган оқава сувлар таркибидаги ранг тўқимачилик корхоналарида фойдаланиладиган бўёқ экани ойдинлашди. Уларнинг раҳбарлари бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди, айрим корхоналар фаолияти эса вақтинча тўхтатилди.
Директорнинг қўшимча қилишича, Бўстонлиқ ва Қибрай туманларидаги чиқинди сувларнинг маълум қисмини «Чирчиқ оқава сув» иншооти қабул қилади. Бир кеча-кундузда 80 минг куб метр оқавани қабул қилувчи бу иншоотга «Cп Ооо Uztex Chirchiq», «Alkim Tekstil», «Orzu-Teks», «Indigo Garments» каби корхоналардан меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддалар аралашган ва айрим пайтларда рангли чиқинди сувлар ташланмоқда. Юқорида тилга олинган нохушлик айнан шу бепарволик билан боғлиқ.
Кўриб турганингиздек, бу билан мутасадди айбни ўз бўйнидан соқит қилмоқчи. Аслида эса мазкур ҳолат учун айнан «Тошкент сув таъминоти» МЧЖнинг Чирчиқ шаҳар бўлимидагилар жавобгар. Улар дарёларга оқизилаётган оқаваларни қатъий назоратга олишлари шарт эди.
Афсуски, бугун Чирчиқ дарёси бўйларидаги экологик вазият киши дилини ранжитади. Саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли моддалар, оқава сувлар атроф-муҳитга, наботот ва ҳайвонот оламига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Аниқроғи, кимёвий моддаларга тўйинган зарарли оқавалар бутун борлиқни заҳарламоқда. Мутасаддиларнинг эса парвойи фалак.
Биз ушбу масала бўйича улардан қуруқ ваъдаларни эмас, амалий ишларни кутиб қоламиз.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»