Ўзбек тили бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолади

899

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирли расмий вакилининг ахборотида маълум қилинди.

«Шу кунларда “таҳлилчи” Анвар Назир ижтимоий тармоқларда “Толибон” Ҳаракати гўёки Афғонистон ҳудудида мактаб дастуридан ўзбек тилини олиб ташлагани ҳақидаги янгиликни жойлаштирди.
Бундан келиб чиққан ҳолда, ушбу шахс Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда  навоийшуносликнинг ҳам таъқиқлангани ҳақида хулоса қилади.
Шуни маълум қиламанки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Толибон” Ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланди.
“Толибон” вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлади. Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади.
Баъзи билимсиз “таҳлилчи” ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва “қайноқ факт”лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир» дейилади расмий ахборотда.