«Сени севганлигим айбим…»

1510

Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ҳаёт бўлганида, фусункор кузнинг илк кунида ўзининг 95 ёшини қарши олган бўларди.
Ҳофиз кўпинча туғилган кунларида ўз дил розларини яқинлари, шогирдлари даврасида қўшиқлари билан ифодалагани, шу тариқа ўзининг бир йиллик ижодий сарҳисобини қилганига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз.

Илк бор бундан роса 40 йил муқаддам ҳофизнинг Қибрайдаги файзли ҳовлисида бўлиб ўтган шукроналик тадбирида иштирок этган эдим. Эшитишимча, бундан аввалги маросимлар бу қадар серфайз ўтмаган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ўз қўшиқлари билан инсон боласи кўтара олмайдиган даражадаги шон-шуҳрат чўққисига чиққан санъаткор ҳеч кутилмаганда тақиққа учраганини бугун ёши катта авлод вакиллари яхши эслайдилар. Аммо бундай «запрет»га оддий бир ҳол – инсоний лафзига содиқлиги сабаб бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак…
Оз эмас, ўн икки йил давомида унинг концертлари ташкил этилмади, давлат тадбирларига чақирилмади, радио ва телевидениеда кўринмади. Босма оммавий ахборот воситаларида эса у киши ҳақида туҳмат мақолалар чоп этилди, холос.
Ана шундай оғир бир вазиятда Фахриддин Умаровни юпатадиган битта-ю битта таскин бор эди. Бу – халқнинг санъаткорга бўлган чексиз муҳаббати.
Мамлакатимизнинг барча гўшаларидан тўйларга тинимсиз таклифлар келиб турарди. Фахриддин Умаров хизмат қилган тўйларнинг довруғи довон ошарди, тўйхонага етти маҳалладан мухлислар келиб, одам сиғмай қолар эди.
Иштирок қилганимиз 12 йиллик тақиқ бироз «юмшаган»идан сўнг ўтказилган биринчи, кенг давра олган оилавий тадбир эди.
Ўшанда мен «Тошкент ҳақиқати» газетасида хизмат қилардим. Айнан шу йили ёз ойларида газетамиз саҳифаларида Фахриддин Умаров ҳақида каттагина мақола ҳофизнинг сурати билан чоп этилди. Газетада тақиқдаги таниқли шахс ҳақида юқоридан берухсат, ўзбошимчалик билан мақола бериш ўша даврда ўзига хос жасорат эди. Шундан сўнг Фахриддин Умаров қўшиқлари онда-сонда бўлса-да, радио орқали янгради, ҳофизнинг ўзи теле­экранларда кўриниш бера бошлади.
Дарвоқе, туғилган кунга меҳмонлар чақирилмайди. Лекин, биз – газетанинг бош муҳаррири ва икки нафар ходими расман таклиф қилинган эдик.
Тадбирнинг авжи палласида давра раиси қўшиқ навбатини маросим мезбони – Фахриддин Умаровга берди. Ҳеч кутилмаганда, ардоқли ҳофизимиз даврага мени – ўша мақола муаллифини чорлади ва микрофонни қўлимга тутқазди. Орадан йиллар ўтиб, нималар ҳақида гапирганимни эслолмайман, лекин санъаткорнинг нима учун менга сўз берганини ўзимча мушоҳада қиламан.
…Фахриддин Умаровга ўзимни мухбир сифатида таништириб, у ҳақида мақола ёзиш ниятим борлигини айтганимда, унинг юзларида ажабланиш аломатларини кўрганман. Бу ажаб­ланиш унинг илк саволида ҳам зуҳур ­топган эди.
– Мен ҳақимдаги яхши-ёмон ­гапларнинг ҳаммаси маълум. Сиз энди нималар ҳақида ёзмоқчисиз?
– Фахриддин Умаровнинг қўшиқчилик мактаби ва унинг шогирдлари – Тошкент қўшиқчилик мактабининг давомчилари ҳақида ёзмоқчиман, – дедим ёшликка хос шижоат билан.
– Фахриддин Умаровнинг қўшиқчилик мактаби, Тошкент қўшиқчилик мактаби? – ҳайрат билан сўзларимни ­такрорлади суҳбатдошим.
Ўзбек қўшиқчилик санъатининг ўз мактаблари, дарғалари борлиги, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ижрочилик йўллари, уларнинг асосчилари ва ўзига хос томонлари ҳақида гапирдим. Кейин Фахриддин Умаров санъати тимсолида Тошкент қўшиқчилик мактабини таърифладим. Уни бир сўз билан лирик қўшиқлар мактаби деса бўлади, дедим.
– Ёшингиз неччида, – сўзимни бўлди ҳофиз.
Бу саволдан жуда хижолат тортдим. «Сен кимга ақл ­ўргат­­­я­псан, тирранча?», дегандек эшитилди менга бу савол. Шундай бўлса-да, жавоб қайтардим.
Суҳбатдошимнинг чеҳраси ёришди:
– Ёшлар мени билмайди, эшитмайди, деб юрардим…
Фахриддин Умаров қўшиқларини ёшу қари баробар севиб тинг­лашини, уларда энг нозик инсоний туйғулар, муҳаббат, армон, дард мана шу мен, деб балқиб туришини, овози ва услуби бетакрорлигини таъкидламоқчи бўлдим.
Мақтов ҳаммага ёқади. Агар у чиндан асосли бўлса, икки карра хушнуд қилади. Эҳтимол, ҳофизи даврон ўшанда катта даврага кичкина бир мухбирни чорлаб, микрофон тутқазар экан, ана ўша гапларни ҳамманинг олдида яна бир бор қайтаришимни хоҳлагандир…
Фахриддин Умаров беихтиёр тўлқинланиб кетди. Ҳамиша қандайдир файз ва тароват балқиб турадиган юзи янада ёришди. Сўзларимни тинглаб бўлгач, дуторини созлади ва кўнгилни хуноб қиладиган даражада ҳазинлик билан куйлай бошлади:
Сени севганлигим айбим,
менинг ўзга гуноҳим йўқ,
Бу ишқдан бир Ўзинг воқиф,
менинг ўзга гувоҳим йўқ…
Биринчи суҳбатимиздан сўнг орадан анча вақт ўтди. Мақола газета юзини кўргунга қадар биз яна бир неча марта учрашдик. Ҳар сафар Фахриддин Умаров хонадонига борганимда уни санъаткорлар, адабиётчи олимлар даврасида кўрар, жуда завқли суҳбатларнинг гувоҳи бўлар эдим. Ҳофиз қўшиққа солган Навоий, Бобур, Машраб ғазалларини эшитиб, ҳар сафар мумтоз адабиётимиз дурдоналарини қайтадан кашф қилгандек бўлаверардим.
Ана шундай суҳбатларнинг ҳар бирида у мумтоз адабиётимизни нақадар чуқур билиши, ғазални чиройли ўқиши, ҳар бир сўз замиридаги маъно ва рамзларни эринмай шарҳлаши, асарни мухлисга етказишда урғуни қайси сўзга бериш лозимлиги, талаффузнинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратишининг гувоҳи бўлганман. Бу эса мени ҳофизга, унинг санъатига кўпроқ боғлаб, ошуфта қилиб борар эди.
Яна бир ҳолатга шахсан гувоҳ бўлганман. Ўз даврининг катта амалдорлари иштирок этган тор доирадаги зиёфатга Фахриддин Умаров ҳам таклиф этилган эди. Хонага тор кўтариб кирган ҳофиз салом-аликка ҳам улгурмай, ҳужумга учради. Бутун мамлакат матбуотини илкида ушлаб турган вазир мақомидаги амалдор гапни «Онам ўлганида кўнгил сўрашга ҳам келмадинг», дея гинадан бош­лаб, бор эътирозу ғазабини тўкиб сочди. Ҳофиз ҳақида ёзилган фельетонни ушлаб турганини, керак бўлса, битта имо билан энг катта газетада бердириб юбориши мумкинлигини айтиб, пўписа қилди.
Ҳофиз гап қайтармади, ўзини оқлашга уринмади ҳам. Бир жуфт қўшиқ айтишга келганини билдириб, қўлига созини олди-ю… «Амалу давлатинг ўқдир, мудом турмас камонингда», деб қўшиқ бош­лади.
Ўшанда у кишининг ҳозиржавоблиги ва жасурлигидан ёқа ушлаганман.
Дарҳақиқат, назм ва наво ҳофиз ҳаётининг мазмунига айланиб бўлган эди. Санъаткорнинг умр баёнини унинг қўшиқларидан изламоқ лозим, деган хулосага келганман.
Дерлар: одам боши
қаттиқдир тошдан…
Ана шу сатрлар билан бошланадиган қўшиқни ҳофиз ўзи ҳақида айтган бўлса, не ажаб.
Унинг ҳаёт йўли жуда мураккаб кечди. Болалик йиллари Украинанинг олис пучмоқларида сургунликда ўтди. «Кулакнинг боласи», деган тавқи лаънат пешонасига абадий муҳрлангандек эди. «Онам дерман», деган қўшиғини сургунда, зору ночорликда бандаликни бажо қилган волидасини эслаб ёзгандир, эҳтимол? «Учиб ўтган қалдирғоч, ёрга айт саломимни», деб бошланадиган қўшиғи эса васл фироғи эмас, олис ўлкаларда кечган Ватан соғинчининг ифодасидир, балки?
Мевали дарахтга тош отилади. Фахриддин Умаров умрининг охиригача ҳар қандай майда гап-сўзлардан ўзини юқори қўя олди. Бу унинг эл-юрт олдидаги ҳурмат-иззатини чандон оширди.
Мустақиллик йилларида унга «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвони берилди. Куни кеча яна бир хушхабар тарқалди: Президентимиз имзолаган фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Респуб­ликаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан марҳум санъаткор Фахриддин Умаров «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Бу – жуда муносиб эътироф.
Фахриддин Умаров мураккаб, айни вақтда, шарафли умр ва ижод йўлини босиб ўтди. Бу йўлда азоб-уқубатларни ҳам кўрди, камдан-кам санъаткорга насиб этадиган шон-шарафга ҳам бурканди. Кўп йиллар машҳурлик чўққисида, санъатсевар халқимизнинг чексиз меҳр-муҳаббати ардоғида яшади. Умрининг охиригача санъатга, ўз эътиқодига содиқ қолди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
журналист