Чангда қолган хўрозқанд

577

Эрталаб ишга бораётганимизда дуч келадиганимиз манзарага кўзимиз обдан ўрганиб қолган.
– Ойижон, хўрозқанд! – дея инжиқлик қилади қизалоқ.
– Олмақанд олиб беринг! – тихирлик қилади бошқа бир болакай.
– Кетдик, қурут оламиз, дарсда мазза қилиб шимиб ўтирамиз, – дея дугонасини кўча бошида майда-чуйдалар билан савдо қилиб ўтирган хола томон етаклайди ўқувчи қиз.
Бир гал қизалоғини жеркиганча боғча томон етаклаб кетаётган ёшгина аёлга сўз қотдим:
– Фарзандингизга ширинликни дўкондан олиб берсангиз бўлмайдими? Кўчада сотилаётганлари қуёш иссиғида, кўчанинг чангида, худо билсин, қачондан бери турибди. Болангизнинг соғлигига зиён етишидан хавотир олмайсизми?

– Қани эди, опажон, қизчамга шуни тушунтира олсам. Кўчанинг ҳар бурчагида шундай сотувчилар ўтиради. Мен ҳам ишга кечикмаслик учун нимадир олиб беришга мажбур бўламан. Кўряпсиз-ку, қурут сотувчи холанинг биридан амаллаб ўтиб олсам, иккинчисидан нари кетмай тўхтаб қолади.
Қизалоқни эркалаб, сумкамдан конфет олиб жажжи қўлчаларига узатаман.
– Яхмат! – дейди у беғуборгина жилмайиб.
– Ақлли бола бўлиб юргин-а! Кўча-кўйдаги нарсаларни ейиш яхшимас.
– Хўп…
Хонамга кириб, энди иш бошлайман деганимда ҳамкасбим келиб, столимга тўрт дона қурут қўяди.
– Олинг, синглим. Кўча бошидаги сотувчи хола қўярда-қўймай тутқазиб юборди.
Негадир, жиғибийрон бўла бошлайман. Кўчада озиқ-овқат, писта сотиш, устига-устак очиқ-сочиқ аҳволда… Уларда қанча микроб, касаллик бор ахир!..
Бироздан сўнг писта сотувчи холанинг ёнига тушдим. Столнинг устида сигарет, ширинлик, бир идишда писта, яна бирида эса қурут бор эди.
– Ассалому алайкум, опа, савдонгизга барака. Шуни янада кенгайтириб, бир дўконча очиб олсангиз бўлмайдими? Озгина нарсани олдингизга қўйиб, қишнинг совуғи-ю ёзнинг иссиқ кунларида ўтириш қийин эмасми?
– Уйда ўтирсам зерикаман, – дейди хола. – Буям бир эрмак-да. Ўтган-қайтганни кўраман. Бир-икки оғиз гаплашаман…
Мен унинг бу иши бошқалар учун қанчалар зарар эканини тушунтиришга уриндим, аммо сўзларим ёқмади, ўринсиз хафа бўлди ҳатто. На илож, очиқ гап ҳаммага ҳам ёқавермайди. Рости, аксариятимиз ёшини ўйлаб ёки юз-хотир қилиб уларни тергашдан истиҳола қиламиз. Натижада эса аҳвол ўзгармай қолаверади.
Ҳурматли газетхон! Сиз яшаётган кўчада ҳам шундай амаки-холалар борми?.. Йўқ, дейсизми? Жуда яхши! Кўчаларимиз писта пўчоғидан тоза, фарзандларимизнинг тан-жони соғ, табиатимиз мусаффо бўлса, бунга не етсин. Нима дедингиз?

Нилуфар НИЁЗОВА
Навоий шаҳри

Бошқа хабарлар