Мактаблардаги анъанавий дарс жараёнларида касалликдан ҳимояланиш учун нималарга эътибор бериш лозим?

702

ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

— Тўғри, болалар коронавирус инфекциясининг тарқатувчиси эканлиги тўғрисида кўп бора таъкидлаб келамиз. Қачонки болалар ва уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналар карантин қоидаларига риоя қилмаса, бу омил касаллик тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Биламизки, ҳар бир мактабда болалар саломатлиги ва ҳолатини назорат қилувчи фильтрлар мавжуд. У ерда ўқувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Болалар мактабга ниқобда бориш, қўлларни совунлаб ювиш каби қоидаларга тўлиқ риоя қилиши зарур.

Болаларга тушлик учун ота-оналар уйдан имкон қадар витаминларга бой овқатларни бериб юборишлари мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, ўқувчиларда кўпроқ суюқлик ичиш имкони бўлиши керак.

Бу каби қоидалар билан мактаб директорлари, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан ташқари, қолган ишчи-ходимлар ҳам тўлиқ танишиб чиқиши лозим.

Ота-оналар фарзандларига мактабдан қайтгач, албатта, юз-қўлларини совун билан яхшилаб ювиши зарурлигини ўргатиши лозим.

Шунингдек, болалар уйда устки кийимларини ечганларидан кейин, томоқ ва бурунларини оддий илиқ сувда 2-3 марта чайганидан сўнггина оила аъзолари ёнига кирсалар, уларни ҳимоялаган бўлади.

Шу ўринда, мамлакатимизда вакцинация жараёнларининг дастлабки босқичларида халқ таълими ва мактабгача таълим муассасалари ходимларини эмлашга бежиз алоҳида эътибор қаратилмаганлигини таъкидлаш керак.

Ҳозирда мактаб ўқитувчилари ва бошқа ходимларнинг деярли барчаси вакцина олган. Табиийки, бу уларнинг COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳимояланганлигини билдиради.

Малумот ўрнида шуни ҳам айтиш керакки, шу кунгача юртимизда жами 15 миллион дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцина қўлланилган. Вирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар эса 2 123 460 нафарни ташкил қилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йили олдидан дарслар тўлиқ анъанавий тарзда бошланишини маълум қилиб, ўзи ёки оила аъзоларидан бири коронавирусга чалинган ва вақтинча даволанишда бўлган ўқувчилар, шунингдек, ўқув йили давомида ўқитувчи ёки ўқувчилар орасида коронавирус аниқланиб, вақтинчалик карантинга олинган синф ёки мактабларнинг ўқувчилари таълим жараёнига вақтинча масофадан жалб этилишини таъкидлаган эди.

Бундай ўқувчилар учун телевидение орқали “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида параллель равишда онлайн дарслар бериб борилади.