Ўзбекистонда етиштирилган 1,5 тонна узум илк маротаба Малайзияга етказиб берилди

380

Ўзбекистонда етиштирилган 1,5 тонна узум илк маротаба Малайзияга етказиб берилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистонинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида экспортга йўналтирилган маҳсулот Тошкент ва Фарғона вилоятлари боғбонлари томонидан етиштирилган.

Малайзия бозорида ўзбек маҳсулотларига бўлган қизиқишни ошириш учун юклар самарали маркетинг ҳаракати ҳисобланган «Sweet Grapes from Uzbekistan» ёрлиғи остида қадоқланди.

Маҳсулот импортчиси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мунтазам харидори — «Deli Fruits Trading» компанияси вакилларининг айтишича, бу йил Ўзбекистондан Малайзияга мева экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан уч баробарга ошган.

Ўтган йил компания Малайзияга фақат ўзбек гилосларини импорт қилган бўлса, жорий йил ўзбек боғбонлари томонидан етиштирилган узумларни олиб кириш йўлга қўйилди. Логистикани ҳисобга олган ҳолда маҳсулот таннархи Ўзбекистондаги ўртача нархга нисбатан бироз юқори бўлиши мумкин, лекин шунга қарамай, «Deli Fruits Trading» компанияси таъм сифатлари туфайли Малайзияда ўзбек меваларини фаол тарғиб қилишдан манфаатдор.

«Deli Fruits Trading» компанияси маълумотларига кўра, Малайзияга Ўзбекистондан экспорт ҳажмининг ошаётгани ушбу мамлакатда юқори сифатли ўзбек маҳсулотларига бўлган талабнинг ўсиб бораётгани билан изоҳланади. Малайзия компанияси, айни пайтда ўзбек экспортчилари билан анор етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, жорий йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50,1 миллион долларга етди (ўтган йил якуни бўйича — 42,3 миллион доллар).