Муаллимдан етти қадам ортда юринг!

1910

Шунда унинг соясини топтамайсиз

Ўша куни синфдошим Рустам ўғлини уйлантираётган эди. Наҳорги ошга каттаю кичик узун-қисқа бўлиб кириб келаётганди. Бир маҳал жўрабошимиз Ҳамиджон узоқдан туриб, баланд овозда тўй эгасидан сўради:

– Домламиз кўринмадими?
Ошнамиз бир оз ўйланиб қолди. Сўнгра:
– Эсим қурсин, салкам бир ҳафтадан буён ҳаммани тўйга айтиб, устозни таклиф қилиш хаёлимга келмабди-ку! – деганча беихтиёр бошига шапатилаб уриб қўйди.
Жўрабошимиз ҳам бўш келмади.
– Ҳа, энди одамнинг пули кўпайса, шу-да. Унча-мунча одам эсидан чиқиб қолади, – деди пичинг аралаш.
Унинг ёнида турган бошқа синфдошларимиз ҳам Рустамга норози қиёфада қараб ­қўйишди…
Одамлар тарқалиб, тўй тугагач, Ҳамид иккимиз Рустамнинг хатосини тўғриламоқчи бўлдик. Ошпазга айтиб, катта чинни лаганни ошга тўлдирдик-да, машинага ўтириб, ўқитувчимизнинг уйи томон йўл олдик.
Устоз ҳовлидаги сўрида кампири билан бамисоли бир жуфт каптардек бўлиб, нонушта қилаётган экан. Қирқ йил бурунги ўқувчиларининг кутилмаган ташрифидан хурсанд бўлиб, беихтиёр кўзлари ёшланди. Биздан Рустам ўғлини уйлантираётганини эшитгач, ҳайратини яшира олмади.
– Воажаб! –деди алланечук хаёлга толиб. – Яқиндагина унинг ўзи ҳам бола эди-ку… Вақтнинг югуриклигини қаранг-а, бугунга келиб ўғлини уйлантирадиган бўлибди-я…
Биз устоз билан «Олинг-олинг!» дея ош ер эканмиз, ўқувчилик давридаги «шумлик»ларимизни эслаймиз. Бир-биримизга гал бермай, ҳангомалашишни авжига чиқарамиз.
– Бу Рустам ҳалиям футбол ўйнаб, ойна синдириб, қизларни сочини партага боғлаб турадими? – дея ҳазиллашиб кулади ўқитувчимиз. Кейин Ҳамидга юзланади. – Сен-чи?.. Сен хунук ёзишда давом этаётгандирсан?
Устоз анча кексайган бўлса ҳам хотираси ҳамон кучли экан, синфимизда ўқиган 25 нафар ўғил-қизнинг ҳаммасини бирма-бир эринмай сўраб чиқди.
Хўш, биз-чи? Биз эса ҳаётимиздаги энг қувончли кунларимиз – тўй-тўйчиқларга уни таклиф қилишни ҳам унутиб қўйибмиз.
Шу алфозда болалик давримизни эслаб вақт қандай ўтганини сезмабман. Кейин зимдан устозга разм солдим. Ёши етмишдан ошиб, кексайгани анча билиниб қолибди. Ўқувчилик кезларимиз дарсга тайёргарлик кўрмай келганларим ёки шўхликлар қилганим туфайли унинг юзларига ажин тушишига «ҳисса» қўшганимдан хижолат тортдим. Ўқитувчимиз баъзан дарсга берилиб кетгани боис танаффусга чалинган қўнғироқ товушини эшитмай қоларди. Биз орқа партада ўтириб олганча, полни тепиб, дарс тугаганини билдира бошлаганимизда бир оз ранжигандай бўларди…
Буни қарангки, тўй қилсак, олис-яқин қариндошларимиз ва таниш-билишларимизни, ён-­атрофимиздаги қўни-қўшниларни, ҳатто бошқа қишлоқлардаги «казо-казо»ларни ҳам чақириб, алламаҳалгача меҳмон қиламиз. Аммо ўзимизга не-не машаққатлар ила таълим-тарбия берган устозларимизни айтиш негадир кўпинча эсимиздан чиқиб қолади. Аслида бу мўътабар зотлар ҳар қандай ҳурмат-эъзозга лойиқ инсонлар-ку! «Устоз отангдек улуғ!» деганларидек, уларнинг тўйхона тўрида ота-оналаримиз қатори савлат тўкиб ўтиришлари биз учун катта давлат-ку!
Узоқ йиллар Андижон вилоятида маънавият ишларига масъул бўлган Абдуваҳоб Нурматов «Нимагаки эришган бўлсак, азиз устозларимизнинг ўгитларига амал қилиб, эришдик», дея алқаб қўярдилар. Дарвоқе, сизу бизнинг эл ичида обрў-эътибор қозонишимиз, мавқеимиз юксалиши муаллиму муаллималаримиз берган таълим-тарбия маҳсулидир.
Японларда «Соясини топтамаслик учун муаллимдан етти қадам ортда юр», деган мақол бор экан. Мана, сизга улар эришган тараққиётнинг сири!
Майли, буниси ўз йўлига. Энг муҳими, ­устозларингизни тўй-маъракаларга таклиф қилиш сизнинг ҳам эсингиздан чиқиб қолмасин!..

Анваржон ҲАЛИМОВ