Муносабатлар янгича руҳда мустаҳкамланмоқда

618

Ўзбек ва тожиклар азал-азалдан дўст, қон-қариндош халқлардир. Маданияти, урф-одатлари яқин, битта динга эътиқод қилувчи бу халқларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас.

Бу яқинлик давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг барча соҳаларда ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатганини бугун барча кўриб турибди. Жумладан, ушбу мамлакатлар касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ­мустаҳкамланиб бормоқда.
Шу йил 17 августда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланган эди. Бу икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги дўстона муносабат ва ўзаро ҳамкорликнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилди.
Жорий йилнинг октябрь ­ойида мазкур Ҳамкорлик битимини амалга ошириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унга биноан 20-23 ноябрь кунлари Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси мамлакатимизга ташриф бую­ради. Ушбу ташриф чоғида «Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, маданий ва оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил қилиш, ташкилотларнинг ташкилий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш масалаларида таж­риба алмашиш» мавзусидаги халқаро семинар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тожикистон савдо, истеъмолчилар кооперацияси ва хусусий ташкилотлар ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашув бўйича Меморандум, Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тожикистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича Келишув, Сўғд вилояти касаба уюшмалари Федерацияси ва Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Касаба сайр» шуъба корхонаси ва Тожикистон касаба уюшмалари экскурсия ва саёҳат ташкилоти ўртасида ўзаро алоқа ва ҳамкорлик тўғрисида Меморандум, Тожикис­тон кимё, нефть соҳаси ва маҳаллий саноат ходимлари касаба уюшмаси ва Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва бош­­қа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари «2018 йилги Учинчи томон мониторингининг дастлабки натижалари» мавзусидаги Халқаро давра суҳбати ва «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги натижалари: давр чақириқлари ва воқелик» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ишида қатнашадилар.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Тожикистон Республикасида бўлиб, икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мус­таҳкамлаш, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга келишиб олинган эди. Кутилаётган учрашув ҳам дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривож­лантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар