Аёлларни қўллаганлар кам бўлмас

884

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш Республика комиссияси ҳар бир аёлнинг дардига қулоқ тутиб, уларни ҳаётдан рози қилиш, бу ёруғ ­дунёда рўшнолик кўриб яшашлари учун бор имкониятларни ишга солмоқда.

Дастлаб асосий ­эътибор ҳаётнинг аччиқ-чучук синовларини хўп ва кўп тортган, узоқ йиллик касаллик ёинки йўқчиликдан руҳи синган опа-сингилларга қаратилгани бежиз эмас, албатта. Чиндан-да, ушбу аёлларга аввало маънавий далда бериб, руҳини кўтариш, моддий қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш зарур эди. Яшириб нима қилдик: гарчи марказдан бириктирилган ишчи гуруҳ қайта-қайта ўрганиш ва назорат ишларига бош-қош бўлса-да, асосий амалий ишлар барибир қуйи бўғиндаги масъулларнинг ўз вазифасини қай даражада тўкис ва виждонан бажаришига боғлиқ эдиким, комиссиянинг назорат ва рағбат тамойилларини тенг тутганлиги боиси шундан. «Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати», «Энг намунали аёл иш берувчи», «Энг яхши маҳалла раиси» ҳамда «Энг яхши сектор раҳбари» танловлари шу тариқа ҳаётга татбиқ этилди. Кўзланган натижалар эса кўриб гувоҳи бўлиб турибмизки, чакки эмас.
Бир неча хасталикларни бошдан ўтказиб, синов ва машаққатларда тобланган, «Аёллар дафтари»га киритилгач, давлатнинг эътиборидан куч олиб оёққа турган балиқчилик Эъзоза Қўчқорованинг давлат раҳбарига ёзган миннатдорлик мактубини газетамизда эълон қилган эдик. У куни кеча «Касаба уюшмалари лауреати» танловининг вилоят босқичида 1-ўринга муносиб кўрилди. Ҳайъатнинг бундай қарорга келиши бежиз эмас, албатта. Рости, тўрт мучаси соғ бўла туриб, «берсанг ейман, урсанг ўламан!» қабилида кун кўрадиган, ишлаш ўрнига боқимандаликни ҳаёт тарзига айлантириб олганларни ҳам кўряпмиз. ­Эъзоза эса, таъбир жоиз бўлса, ярим жони билан наинки ўзининг, маҳалласидаги ўнга яқин оиланинг қора қозонини қайнатишга сабабчи бўляпти. Эътирофга арзийдими? Албатта!
Президентимиз шу йил июнь ойида Андижонга ташрифи чоғида Избос­кан туманидаги «Урганжи» маҳа­л­ласидаги ибратли ишларни кўриб, одамларнинг аҳил-иноқлиги, ҳудуд ободлиги йўлидаги меҳнатларига юқори баҳо берган эди. Энди айтинг-чи, ана шундай барча ҳавас қилса арзийдиган МФЙ раиси рағбатга лойиқми, йўқми? Шубҳасиз, эзгу юмушлар кўп жиҳатдан раиснинг етакчилик қобилияти, одамларнинг бошини қовуштира билишига ҳам боғлиқ! Айни мезонлар сабаб «Урганжи» маҳалласи етакчиси Нафосат Маҳкамовага «Энг яхши маҳалла раиси» мақоми берилди.
Марҳамат туманидаги «АС текстил» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Болтабоева ўнлаб аёлларни мунтазам иш билан таъминлаб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини ҳам жой-жойига қўйгани кўпларга маъқул бўлди. Бунда тадбиркор иш берувчининг режалари комиссия мақсад-муддаоси билан ­ҳамоҳанглиги эътиборга молик, албатта. Зотан, тадбиркор корхонадаги бўш иш ўринларига ҳаётда кўп қоқилган-туртилган, ўз кучи билан оёққа туришга интилаётган хотин-қизларни жалб қилган эди. Унинг савобга эш ҳаракатлари «Энг намунали аёл иш берувчи» танлови бўйича ғолибликка муносиб кўрилди.
Марҳамат тумани ҳокими Бобирбек Юлдашев эса «Энг яхши сектор раҳбари» сифатида тилга тушди. Ушбу танлов ҳам тасодиф эмаски, Марҳамат туманининг зикр этилаётган секторида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бобида мақташга арзигулик натижалар анчагина.
Мустақиллик байрами олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси жойларда бир қатор Аёллар маслаҳат кенгашлари аъзоларини пул мукофоти билан моддий рағбатлантирди. Андижонда ҳам Асака туманидаги «Шодлик» ва Қўрғонтепа туманидаги «Хонкўча» маҳалла фуқаролар йиғинлари Аёллар маслаҳат кенгашларига Федерация вилоят кенгашининг фахрий ёрлиғи ва 50 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди.
Айтиш жоизки, Аёллар маслаҳат кенгаши тузилмаси жамиятимизда хотин-қизларга маслаҳатлар бериш ва муаммоларини ҳал этишда муҳим бўғин сифатида шаклланмоқда. Тузилма таркиби оилада ва жамиятда ўз ўрнига эга, атрофдагиларга ўрнак бўладиган аёллардан иборат. Ҳеч бир тама-илинжсиз, беминнат ишлаётган, бошқаларга намуна бўлаётган кенгаш аъзоларини нега тақдирламаслик керак?
Федерация вилоят кенгаши раиси Қодиржон Парпиевдан ўзига аталган пул мукофотини қабул қилган уй бекаларидан бири Шоҳидахон Нуриддинова тўлқинланиб шундай деди:
– Қарангки, шу вақтгача мукофот ва рағбатга асосан меҳнати кўзга ташланган давлат ташкилотлари вакиллари сазовор бўлади, деб ўйлар эканман. Чекка бир қишлоқда яшаб, шунчаки савоб умидида, яхшилик йўлида қилаётган хизматларимизни кимлардир кузатиб боришини сира хаёлимга келтирмаганман ҳам. Эътибор ва қадр-қимматни улуғлаш бўлса, шунчалик бўлар-да…

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»