Нур ичра зулмат

1208

Илгари ҳам, ҳозир ҳам «Тўйлар ҳақида ўйлар» деб кўп ёзилди, кўп гаплар айтилди. Аммо натижа кўзга ташланмаяпти. Назаримда, китоб мавзусининг қисмати ҳам тўйникига ўхшайди. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам ёзавериш керак, айтавериш керак. Зора…

Гапнинг очиғини айтганда, бугун одамлар нуқул пул санайдиган, «ким ўзар»га тўй қилиб, данғиллама иморат қуриш ҳақида бош қотирадиган бўлиб қолди. Бундай «оламшумул» ташвишлар орасида китобхонлик деб аталмиш машғулотга гўё ўрин йўқдек. Мабодо ахборотга ёки маърифатга эҳтиёж сезса, телефон титкилайди.
Яқинда ёш ёзувчилардан бири «Оддий одамлар эмас, ёзувчиларнинг ўзи китоб ўқимай қўйди», деб суҳбат берибди.
Хўш, қачон ва нима учун китоб ўқилади ёки ўқилмайди? Шу саволни бир маорифчи дўстимга бердим.
– Ҳаммаси эҳтиёжга боғлиқ. Ҳозир китоб ўқишга эҳтиёж йўқ!, – деди у дангал.
Эҳтиёж! Бу «жаноб» нимадан туғилади ёки нимадан пайдо бўлади? «Эҳтиёж» деганда кўпроқ шахсий майллар, биологик талабчанлик кўз олдимга келди. Одам эҳтиёж сезади ва масалан, сигарет чекади. Гарчи унинг зарарлиги кўп бора эслатилган бўлса-да, буни ўзи билса-да. Ёки оила бюджетига зарар бўлишини, ўзи жамиятда мавқеини йўқотишини билса-да, ароқ ичади. Қизиқ, чекувчи ва ичувчиларнинг организмида ўзгачалик борми? Мулоҳазаларни давом эттириб, ранг-баранг манзараларга дуч келиш мумкин. Улардан чиқадиган хулоса жуда шафқатсиз: киши қандай муҳитда шаклланса, яшаса, шунга мос нарсаларга эҳтиёж сезаркан. Худди латифада айтилганидек, ҳамма қўлидан келганини қилади-да…
Жамият иқлимини белгилаб берадиган ижтимоий манзаралар бўлади. Масалан, «тадбиркорлик муҳити» ёки «инновацион ­ривожланиш муҳити» дегандек. Худди шундай, «китобхонлик муҳити» деган тушунча ҳам бор. Тасаввур қилинг, тадбиркорликни ривожлантириш ёки янги техник кашфиётларни амалда қўллаш шунчалик кучайиб кетганки, бир кунлик янгиликдан бехабар қолиш катта моддий йўқотишга олиб келиши мумкин. Агар маънавиятда ҳам кўтарилиш, янгиланишлар содир бўлаверса, одамлар сафдошидан, касбдошидан, қўшнисидан орқада қолмаслик учун ахборот манбаларига мурожаат этади. Бироқ атрофда бир хил манзара: кўпчилик молпарастликка ружу қўйган, битта машина иккита, икки қаватли уй уч қаватли бўлиши керак. Бундай шароитда китобга, умуман, маърифатга ўрин қолмайди. Бундай одамлар учун китоб гўё «капейка».
Муаммо муаммони туғдиради: ўзи, ҳаётдан қониқиб-мириқиб яшашнинг ўлчами борми? Яъни одамнинг қисқа умри давомида яйраб яшаши учун қанча бойлиги бўлиши лозим? Ахир «тешик тўрва»ни тўлдираман, деб қанча жон овора-ю сарсон бўлиб, оғзи нонга етганда бўғзи қонга тўлиб қоляпти. Меъёрида, гўзал яшаш тартибини, турмуш тарзини (бу ҳолни бир сўз билан «маданиятли» ­дейишади) таъминлаш учун ҳам маърифат лозим. Шундай ­шароитда «Ҳар кимнинг ўз танлови маъқул» тамойили амал қилса, мана бундай муносабат қандай баҳоланади?
Яқинда Тошкент вилояти ҳокимлигининг масъул ходими бўлган бир йигитга китобимни узатдим. У лоқайд варақлади-да, қайтариб берди.
– Йўқ, олаверинг. Сизга совға.
– Нима қиламан?
– Ўқийсиз.
– Э, қизиқ экансиз, китоб ўқишга вақт қаёқда?
– Нима қиласиз кун бўйи, яна ярим кечагача?
– Тадбир ўтказамиз. Бугун 21 та тадбир бор, эртага 19 та.
У «тадбир» нималигини билмайсиз-да, дегандек, бошини ичига тортиб, чуқур сўлиш олди.
Китобдан қўрқиш – Сўздан қўрқиш. Китобдан йироқлашиш – Сўздан йироқлашиш («Сўз айлади жудо инсонни ҳайвондин»). Сўз аслида ҳақиқатнинг ҳарфларда нақшланган жамолидир.
Китоб қачон эҳтиёжга айланади? Ёки дунёнинг манзараси шу даражада ўзгариб кетдими?
Ислоҳотлари билан кўп мақтанавермайдиган бир мамлакатда бўлиб қайтган таниқли олим гурунг беради:
– Шаҳардаги тўрт қаватли «Китоблар саройи» харидорлар билан энг гавжум жой экан. Бизда Қўйлиқ бозори шунақа тиқилинч. Бир китоб олувдим, пулини тўлаш учун йигирма дақиқа навбатда турдим.
Қизиқ, улар ҳаётдан орқада қолиб кетганми ёки биз? Бизда ҳам китобга ўч, ҳатто китоб «мажнун»лари (биоманлар) исталганча топилади. Қишлоққа борсам, оддий сувчи бўлиб ишлаган нафақадор Файзулло ҳоли-жонимга қўймайди: «Янги китоблардан олиб келмадингизми?». Кейинги боришимда мамнун бўлиб, бир гап ­айтди: «Қаршида икки жилдлик китобингизни 80 минг сўмдан сотишаётган экан. Тўрт киши пул қўшиб олдик. Навбатма-­навбат ўқияпмиз». «Ўша китоблардан мактабга совға қилувдим, қарамабсиз-да». «Уйда бўлгани яхши-да. Болаларга қолади, бойлик».
Афсуски, бу қишлоқда эмас, туманда ҳам биронта китоб магазини йўқ. Бу ёқда эса нашриётлар омборида миллиард-миллиард сўмлик китоблар тахланиб ётибди.
«Бир нашриётда 2016 йилда чиққан китобим учун қалам ҳақини ололганим йўқ. Чунки китоб охиригача сотиб бўлинмаган», дейди ёзувчилардан бири.
Бундай ҳолатлар битта эмас. Қалам ҳақи деган нарсалар йўқ бўлди. Демак, китоб ёзиш билан тирикчилик ўтмайди. Энди йиллар давомида заҳмат чекиб яратган китобингни қалам ҳақи олмай нашр этиш ҳам мумкин бўлмай қолди. Иккиюзталаб китобни ўз маблағи ҳисобидан чоп этиб юрган йирик нашриётлар ҳам фаолиятини буюртма китоблар ҳисобидан аранг давом эттиряпти.
Болалар нашриётининг номи бор-у, ўзи йўқ: қайсидир нашриёт бўлимига айланиб қолган. Аслида мактабгача таълим, умуман, мактабга кенг эътибор ва урғу берилаётган пайтда энг ­сўнгги талабларга жавоб берадиган полиграфия жиҳозлари билан таъминланган болалар нашриёти сув билан ҳаводек зарур эмасми?
Босмахоналар ёпиляпти, нодир касб соҳиби ҳисобланадиган полиграфчилар бошқа соҳаларга ўтиб кетяпти. Заргарона маҳорат бирдан ҳосил бўлмайди, 15-20 йилда шу даражага етилган. Афсуски, ўнлаб, юзлаб иш ўринлари қисқариб кетяпти.
Шундай шароитда китоб савдоси ҳақида нима дейиш мумкин? Охирги нафаси билан яшаётган китоб дўконларининг пештахталари маҳсулот билан тўла, аммо харидор йўқ – ҳувиллаб ётибди. «Шарқ зиёкори» китоб магазинида бир кунда 2-3 миллион сўмлик савдо бўларкан. Бир эшик наридаги каталакдек озиқ-овқат дўкони 20-25 миллион сўмлик савдо қилар экан. Энг кейинги «сийлов» шундан иборатки, солиқ бўйича янги кодекснинг кучга кириши билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи жорий этилиши туфайли барча босма маҳсулотларнинг нархи 15 фоизга ошди.
Янги Ўзбекистон ўзининг олдингига ўхшамаган тараққиёт йўли билан дунё ҳамжамияти ­эътиборини тортяпти. Ислоҳотлар жараёнида етилган муаммолар янгича ёндашувлар билан ижобий ҳал қилиняпти. Ижтимоий муҳитда ТАДБИРКОРларнинг ўрни ва мавқеи ошиб бормоқда. Ҳолбуки, китоб бизнеси ҳам энг истиқболли соҳалардан ҳисобланади. Етарлича ­маблағи бор одам сармоясини китоб савдосига йўналтирса, ҳам иқтисодий наф кўради, ҳам савобга қолади. Очиғи, яқин вақтларда «Фалон тадбиркор китоб чоп этишга ёки бошқа бир маданий тадбирга ҳомийлик қилди», деган гапни эшитмадик.
Китоб савдоси бўйича ғайримантиқий аҳвол юзага келган: давлат раҳбари китобхонликни тарғиб қилиб, рағбатлантириб турибди, жойларда одамлар китоб­­га эҳтиёж­манд. Фақат орадаги восита – етказиб бериш, яъни китоб савдоси, китоб нашр этишда жиддий муаммолар мавжуд.
Ўйлаймизки, маънавият ва маърифатни юксалтиришнинг ҳаётий муҳим омилларидан ҳисоб­ланмиш КИТОБ ҳақида ҳам ўйлаб кўрилади ва муаммоларга барҳам берилади. Барча соҳада ёруғ, нурли истиқболлар кўзга ташланиб турганда, шамнинг ўзи ўчиб ёки хира тортиб қолса, инсофдан бўлмайди. Зеро, бу йўналишдаги юмушлар бугун эмас, келажакнинг қиёфасини белгилайди.

Ҳаким САТТОРИЙ,
журналист