Абдулазиз Комилов Қозоғистон Президенти билан учрашди

18

2021 йил 18 февраль куни Нур-Султон шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан қабул қилинди.

Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга йўллаган мактубини топширди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлар ва ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ташкиллаштиришга йўналтирилган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича шаклланаётган имкониятлар, шунингдек, янги истиқболли бозорларга биргаликда кириш бўйича режалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.