Сурхондарёдаги 6 та маҳалла сув тошқини хатаридан холи бўлди

771

Сурхондарё воҳаси ёғингарчилик нотекис тақсимланадиган ҳудуд ҳисобланади. Жанубий туманлардаги текисликларга ёмғир-қор кам ёғади. Бироқ, тоғ ёнбағирлари бўйлаб кўтарилгач, ёғин миқдори икки баробар ортади. Айниқса, Ҳисор тоғларининг жанубий ёнбағирлари хатарли ҳудуд ҳисобланади.

Июнь-июль ойларида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига Сурхондарё вилояти Узун тумани «Файзобод» маҳалласи ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқаролардан бир неча маротаба ушбу муаммо бўйича мурожаат келиб тушган.

Омдудсман ахборот хизмати хабар беришича, мурожаатларимкон қадар тезроқ ҳал этилиши учун идоралараро ҳамкорлик асосида кўриб чиқилган.

Мурожаатда баён этилганидек, ҳудуддан оқиб ўтадиган Сурхон дарёси ўзани 90 даражага ўзгариши оқибатида 6 та маҳалла аҳли сув тошқини хавфи остида қолган. Бундан хавотир олган аҳоли ушбу мурожаатни йўллаган.

Омбудсманнинг сай-ҳаракатлари билан муаммо тўлиқ ҳал этилди. Жумладан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 3 млрд сўм миқдорида пул маблағлари ажратилиб, Сурхон дарёсининг оқим йўналишининг 1,3 км.лик қисмида ўзанни таъмирлаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди.