I МДҲ ўйинлари: юртимиз полвонлари корэш бўйича 9 та медаль қўлга киритишди

1017

Россиянинг Қозон шаҳрида илк маротаба ўтказилаётган МДҲ давлатлари ўйинлари қизғин давом этмоқда. Ушбу ўйинлар дастуридан Татаристоннинг миллий спорт тури, яъни кореш ҳам ўрин олган ва ушбу спорт тури бўйича ўтказилган беллашувларда Ўзбекистон Бел олиш ва уч кураш ассоциацияси номидан 10 нафар спортчи иштирок этишди.

Қувонарлиси, кореш беллашувларида 10 нафар терма жамоамиз аъзоларидан 4 нафари кумуш ва 5 нафари бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни эгаллашди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.

Бироқ, терма жамоамиз бош мураббийи Носир Азизовнинг таъкидлашича, натижалар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин эди. Боиси, -70 кг вазн тоифасида Мангуберди Имянов ҳамда -75 кг вазн тоифасида кураш тушган Ҳусан Абдуҳакимов финал беллашувларида россиялик рақибларига нисбатан яққол устунликка эришган бўлсада, мусобақа ҳакамлари томонидан спортчиларимизнинг натижалари эътиборга олинмаган. Шу тариқа ҳар икки спортчимиз кумуш медалларга лойиқ кўрилди.

I МДҲ ўйинларининг кореш бўйича мусобақаларида ўз вазн тоифаларида медалларга эга бўлган полвонларимиз билан танишинг:

Кумуш медаль соҳиблари:

-70 кг: Мангуберди Имянов,

-75 кг: Ҳусан Абдуҳакимов,

-100 кг: Учқунжон Хурсандов,

Мутлақ вазн: Илёсбек Обиджонов.

Бронза медали соҳиблари

-65 кг: Абдураҳмон Эгамов,

-80 кг: Муҳаммадкарим Каримов,

-85 кг: Акмалжон Ҳакимов,

-90 кг: Умиджон Жалилов,

-120 кг: Асадбек Зокиров.