Афғонистон масаласи бўйича вазирлар учрашуви ўтказилди

907

2021 йилнинг 8 cентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон бўйича видеоконференсалоқа шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари қатнашди.

Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишини олдини олиш борасидаги Толибоннинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатнинг минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.