Тафсилот

1,961

Қонун барчага баробар

Кеча Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга ойдинлик киритди. Хусусан, унинг билдиришича, Гулнора Каримова содир этган жиноятлари учун муайян жазоларга ҳукм қилинган бўлиб, айни вақтда суд тайинлаган жазони юртимизда ўтамоқда. Бу, ким бўлишидан қатъи назар, барча фуқаролар қонун олдида баробар эканининг амалдаги намунасидир.

Автомобиль харидорларига енгиллик

«Uzavtosavdo» онлайн тизими орқали GM Uzbekistan автомобиллари харидини бронлашдаги 3 фоизлик мажбурий бўнак тўлови бекор қилинди.
Бундан ташқари, компания автомобилларни етказиб бериш муддатини 45 кунгача қисқартирган.

Рашид Қодиров иши: БУ ҲАҚДА ЖАМОАТЧИЛИККА МАЪЛУМОТ БЕРИЛАДИ

Собиқ бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов жараёни якунланиш арафасида. Бу жиноят иши қачон судда кўриб чиқилиши, унинг қаерда бўлиб ўтиши ва якуни ҳақида жамоатчиликка маълумот берилади.

Лойиҳа концепцияси ўзгарди

«Ўзавтосаноат» АЖ ва PSA Groupe компанияси ўртасидаги қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ Жиззах вилоятида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишда бошланғич маълумотлардаги баъзи кўзда тутилмаган ўзгаришлар боис шериклар лойи­­ҳа концепциясини ўзгартириш ва иқтисодий параметрларни оптималлаштириш устида ҳамкорликда иш олиб бораётгани маълум қилинди.
Озиқ-овқатлар сифати яхшиланади
«Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра мамлакатимизга олиб кирилувчи шакар, туз ва ёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига чеклов қўйилиши мумкин.
Мазкур қарорга Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ­(тайё­рлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритсин» деган банд киритилган. Эндиликда нафақат импорт қилинувчи, балки юртимизда ишлаб чиқарилувчи озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва таркибини назорат қилиш янада кучайтирилади.
Қарорга асосан Жисмоний тарбия ва спорт, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари келгуси йилдан бош­лаб кенг аҳоли ўртасида аҳолининг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасига спорт нормативлари ва давлат талаб­ларини белгилаш, аҳолининг турли ёшдаги гуруҳлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш ва юқори кўрсаткичларга эриш­­ган фуқароларни кўкрак нишонлари билан тақдирлаш мақсадида «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тестларини ўтказади.

Қотиллик билан боғлиқ тергов ишлари тугамаган

Ички ишлар вазирлиги бош бошқармасининг собиқ бошлиғи Дилшод Акромовнинг ўлимига доир тергов ишлари ҳали якунига етгани йўқ. Тергов жараёнининг қайси босқичда экани ҳозирча номаълум бўлиб суднинг қонуний тўхтамидан сўнг бу ҳақда тўлиқ маълумот тақдим этилади.

Марказий банк янги лойиҳага қарши

Марказий банк Давлат солиқ қўмитасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштирилган «Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига эътироз билдирди.
Ҳужжат лойиҳасида солиқдан қарздор бўлган жисмоний ­шахсларнинг банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарзи сўзсиз ундириб олиниши белгиланган.
Марказий банкнинг эътирофича, жисмоний шахсларнинг солиқ қарздорлигини банк карталаридан сўзсиз ундириш тартиби бўйича қонуний ва шаффоф механизм мавжуд эмас. Бу қонунчилик, хусусан, Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқлаштирилиши лозим. Қолаверса, идоравий манфаатларнинг бошқа тармоқлар ёки мамлакат иқтисодиёти ривож­ланишига салбий таъсир кўрсатишига йўл қўйиб бўлмайди. Бунда банк сири ва банк тизимига бўлган ишончни сақлаш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Собиқ солиқчи гуруҳи

Давлат солиқ қўмитаси собиқ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев бошлиқ жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бошқа хабарлар