Битирувчилар бандлигини таъминлаш талаб даражасидами?

1309

Статистик маълумотлар бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида ишсизлик 17 фоиз эканини кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Респуб­лика ишчи гуруҳи ушбу муаммони тизимли ҳал этиш ниятида ёшларнинг таклифларини жойларда «маҳаллабай» ўрганмоқда. Шу асно йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитишда, бандлигини таъминлашда, уларга кредитлар ажратишда муайян камчиликлар мавжудлиги аниқланмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш борасида ҳам ўзига хос муаммолар мавжуд. Чунончи, аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт комплексларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар эса хўжакўрсинга ишлаяпти.
Эътироф этиш жоиз, диёримизда ­сўнгги уч йил мобайнида ёшлардан 841147 нафарининг бандлиги таъминланди, ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож ва ишсиз ҳисобланган 682787 нафари эса «Ёшлар дафтари»га киритилди. Жорий йилнинг 1 мартига қадар улардан 15731 нафари иш билан таъминланди, 3363 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди, 6080 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 11196 нафари тадбиркорларга, 2612 нафари уста-ҳунармандларга бириктирилди. 15680 нафарининг ижтимоий-иқтисодий ва психологик муаммоларига ижобий ечим топилди.
Ҳудудий ва маҳаллий ҳокимликлар қошида эса «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизлар муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашувчи «Ёшлар жамғармаси» ташкил этилиб, уларга 113,5 миллиард сўм ажратилди. Ҳозиргача бу ­маблағларнинг 4,1 миллиард сўми ёшлар манфаатлари учун йўналтирилди. «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури доирасида 8635 та бизнес-­лойиҳага жами 1 триллион 830 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш орқали 42421 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудудларда 19 та «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-маркази, 212 та «Yoshlar mehnat guzari» комплекси фойдаланишга топширилиб, 2380 та янги иш ўрни очилди.
Шунга қарамай, ҳозир нафақат ўрта маълумотли, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар етарли. Қўмитамиз томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга оид ҳолатлар юзасидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида бу янглиғ муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Айни дамда мамлакатимизда 19,1 миллион нафар меҳнат ресурси мавжуд бўлиб, 14,8 миллион нафари иқтисодий фаол аҳоли саналади. Улардан 13,2 миллиони муқим иш жойига эга. Қолганларининг, жумладан, 16-30 ёшдаги 805,2 минг нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш талаб этилади. Афсуски, айрим ҳудудларда бу масалага эътибор ҳамон сустлигича қолмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида Андижон вилоятида атиги 5 мингга яқин ёшлар доимий ишга жойлаштирилган. Аслида эса ҳозир ҳудуддаги саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўрни мавжуд.
Ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлаш соҳасида ҳам қатор камчилик­ларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, «1+1» дастури доирасида аввал 100 минг нафар ёшни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган эса-да, Савдо-саноат палатасининг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил этолмаяпти. Шунинг оқибати ўлароқ, уч ой давомида респуб­лика бўйича 21 минг нафар ёш тадбиркорликка ўқитилган. Тошкент шаҳрида бор-йўғи 1000 та, Наманган вилоятида 1100 та сертификат берилган. Бухоро вилоятида 216 нафар ёшга касб-ҳунар ва тадбиркорлик бўйи­­ча сабоқ берилган, холос. Сурхондарёда эса ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш 30 фоиздан ошмаган. Бу ­республика миқёсида энг паст кўрсаткичдир.
Юқорида келтирилган далиллардан аён бўляптики, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Аммо бизда айнан тармоқлар кесимида квалификацион ва олий маълумотли ­кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжни ўрганиш тизими жорий этилмаган. Олий ўқув юртларига қабул квоталарини белгилаш ва кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига етарлича эътибор қаратилмаётир. Шу боис битирувчиларнинг аксарияти ўз касби бўйича ишламаётир. Қолаверса, «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизларнинг 27,9 минг нафари ишсиз битирувчилардир.
Қўмитамиз олиб борган ўрганишлару таҳлиллар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона миллий меҳнат тизимида корхона ва ташкилотларда кадрларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ жами 116 мингдан ортиқ (Тошкент шаҳрида 23417 та, Тошкент вилоятида 21449 та, Андижон вилоятида 10634 та, Фарғона ­вилоятида 9460 та, Самарқанд вилоятида 8644 та, Бухоро вилоятида 8524 та) бўш иш ўрни қайд этилганини, бироқ бундан ёшларнинг кўпчилиги хабардор эмаслигини кўрсатди. Мавжуд бўш иш ўринлари учун белгиланган маошлар эса катта пул сарфлаб контракт асосида ўқиган битирувчиларни қаноатлантирмайди. Агар аниқ далилларга қарасак, айни пайтларда олий маълумотли бўлиш талаб этиладиган 19177 та бўш иш ўрни учун 1 миллион сўмгача, 26754 та бўш иш ўрни учун 2 миллион сўмгача маош таклиф қилинаяпти.
2020 йил якунларига кўра, мамлакатимизда жами банд бўлганларнинг 82 фоизи ёки 11,1 миллион нафари хусусий секторда меҳнат қилмоқда. Бу эса, тадбиркорлик субъектлари ва олий таълим муассасалари (ОТМ) ўртасида кадр­ларни мақсадли тайёрлаш, кадрларга буюртма бериш тизимида бевосита тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини англатади.
Яна бир гап. Давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларни ишга тақсимлаш улар олий ўқув юртини тамомлашларидан бир ой аввал комиссия томонидан амалга оширилади. Лекин тўлов-контракт асосида ўқиганларни иш билан таъминлаш масаласи билан шуғулланиш бўйича аниқ мақсадли чоралар белгиланмаган.
ОТМда давлат гранти асосида таҳсил кўрган битирувчи диплом олиши учун келгусида ўзи ишлайдиган ташкилот-корхонадан уч томонлама (талаба, ОТМ, ишга қабул қилувчи) шартнома олиб келиши талаб этилаётгани мазкур жараёнда кўпинча сохта маълумотлар ортишига сабаб бўлмоқда. Бас, шундай экан, битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида илғор хорижий давлатлар тажрибасини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, АҚШ университетларида ташкил этилган Ишга қабул қилиш марказлари битирувчилар ва иш берувчиларни бирлаштиради. Турли тренинг ва семинарлар орқали мунтазам равишда резюмеларни шакллантириш, синовли суҳбатлардан қандай ўтиш юзасидан талабаларда маълум кўникмалар ҳосил қилинади.
Финляндиядаги ҳар бир олий таълим муассасаси таркибида эса, махсус бандлик хизмати бор. Унинг асосий вазифаси меҳнат бозорида мутахассисликларга талабни ўрганишдан ва талабаларни касбий йўналтиришдан иборатдир. Японияда «Умрбод бандлик тизими» деб номланган дастур жорий этилган. Унга мувофиқ, бир киши битта компанияда 55-60 йил узлуксиз ишлаши учун кафолат берилади. Қозоғистонда битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида «Диплом билан қишлоққа» дастури ишлаб чиқилган. Бу лойиҳа таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, маданият ва спорт, ветеринария йўналишларида таҳсил олган битирувчиларга қўшимча имтиёзлар беради.
Шу ўринда Ўзбекистонда олий маълумотли кадр­лар бандлигини таъминлашдаги айрим масалаларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Бу борадаги муаммолардан бири иш берувчиларнинг намунавий штат бирликлари замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб бермаслигига бориб тақалади. Демак, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, корпорациялар намунавий штат бирликларини таҳлил қилишлари давр талабидир. Энг ­ажабланарлиси, 2004 йилдан буён фаолиятнинг турли соҳалари бўйича олий маълумотли ижтимоий иш бакалаврлари ва магистрлари тайёрланиб келаётган бўлса-да, ижтимоий ҳимоя муассасалари саналмиш Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларининг, Бандлик марказларининг намунавий штат бирликларида айни йўналишдаги олий маълумотли ­кадрлар назарда тутилмаган. Ёки айтайлик, сиёсатшунос, социолог каби олий маълумотли кадрлар ҳам тегишли иш берувчиларнинг намунавий штат бирликларига киритилмаган.
Бундан ташқари, мамлакатимиздаги ОТМлар талабалари амалиётини ташкиллаштиришда ҳам тизимли муаммолар мавжуд. Бунга иш берувчи корхона ёки ташкилотларда амалиётни муваффақиятли ўташ учун зарур шарт-шароитлар яратилмагани ҳамда талабалар амалиётига масъул шахсларнинг ўз вазифаларига лоқайдлик билан қарашлари битирувчиларнинг етарли даражада амалий малака орттиришига халақит бераётгани аниқ мисол бўла олади.
Шунингдек, бизда бўш иш ўринларини, уларга тўланадиган иш ҳақларини, эҳтиёж юқори мутахассисликларни реал вақт режимида кўрсатиб турадиган сайтлар ва хизматлар йўлга қўйилмаган. Вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишлар билан банд фуқаролар ҳуқуқлари ва меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга иш қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимлар билан таъминлаш хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам талаблар даражасида эмас.
Шулардан келиб чиқиб, қўмитамиз ташаббуси билан Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Келгусида бу сўров якунлари юқори палатанинг ялпи мажлисида муҳокамага қўйилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланиши режалаштирилган.

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси
раиси ўринбосари