Ёнаётган хазон…

889

Айни куз фаслида аҳоли томонидан дарахтлардан тўкилаётган баргларни йиғиш, ташиш ишлари кўпчиликни ташвишга солади. Шундай дамларда тўпланган хазон ва чиқитларни ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Келинг, шу ўринда ёнган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали таҳлил қилиб кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосферага 30 кг. углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқаради.
Мутахассислар фикрича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак-қон томир нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.
Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари барчани огоҳликка чорлайди. Зеро эл осойишталиги ва саломатлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Миразиз ТОИРОВ,
Саидаъло УБАЙДУЛЛАЕВ,
Президент Администрацияси ёнғин хавфсизлигини таъминлашни
ташкил этиш 1-бўлинмаси мутахассислари