Таълим тизими демократлаштиришга муҳтож(ми?)

915

Кўнгил билан илғанган жайдари хулосамга кўра, бир неча ўн йил илгари жамиятда мактаб ва ўқитувчининг обрў-эътибори тушиб кетган эди. Албатта, бунинг объектив сабаблари бор: қоғозбозлик, муаллимнинг текин ишлайдиган мардикорга айлангани, бюрократизм, ойлик маошнинг камлиги, таълим масалаларига ёндашувда бирёқламаликнинг кучлилиги. Боз устига, олий таълимга киришда тамагирлик урчиганди. Кеч бўлса-да, ёғоч ўрнига қамишдан тўсин қўйилса, бир кун келиб, «том қулаши»ни англадик.

Охирги уч-тўрт йилдирки, кириш имтиҳонлари шаффофликка асосланяпти, ўқитувчи обрўси тикланяпти, қоғозбозлик ҳаминқадар чекланди ва иқтисодий аҳвол ҳам яхшиланиш арафасида. Аммо миллий таълим тизимидаги вазият яхшиланиб кетгани йўқ. Ечимини излаётган муаммолари ҳам кам эмас…
Миллий таълим тизими ҳақида гап кетса, кўпинча немис ёки япон таълим тизимини мисол қиламиз. Масалан, японлар иккинчи жаҳон уруши вайроналаридан, миллий-оммавий таназзул давридан қисқа муддатда чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Бунга таълим фалсафасининг бош ғоясида ўқитувчига императорнинг обрўси, бош вазирнинг ойлиги, дипломатнинг дахлсизлигини бериш амалиёти ётгани сабаб бўлган дейишади…
Хўш, таълим тизими фалсафасининг бош ғоясига нималар асос бўляпти?

Ёлғон гувоҳлик бераверамизми?

Шўродан қолган «ҳамма тенг» ақидасидан бугун том маънода ҳамма соҳада воз кечдик. Аммо… Ҳамма гап ушбу аммо замиридаги муаммода. Таълим тизимимизда ушбу ақидага муносиб иш кўришдан четлаша олганимизча йўқ. Бошқа соҳаларда амал қилаётган «беш қўл баробар эмас» ақидаси таълим тизимимизда йўқлиги бизни доимо ўйлантириб келган…
Ёшларга мажбурий ўрта таълим, яъни ўн бир йиллик бепул таълим олиш ҳуқуқининг берилиши ­кўплаб давлатларнинг таълим тизимига бегона. Сабаби эса оддий: ушбу йўл қийин ва серхаражат. Бизда эса ушбу тизимнинг ишлаб келаётгани ёшларнинг илм олишга бўлган эҳтиёжини тамомила қондириш ва ёшлар келажагига бўлган эътибор юқори даражага кўтарилганидан далолат беради. Бироқ бундай қулайликдан фойдаланишда ўзи бўларчиликлар йўқми? Ўн бир йил бепул, мажбурий таълимда ўқиши шарт дегани етти ёшида мактаб­­га чиққан бола ўн бир йилдан сўнг, албатта, шаҳодатнома олиши керак дегани эмас-ку? Бу – бизни ўйлантираётган биринчи мулоҳаза. Ахир бепул таълим олиш ҳуқуқидан фойдаланмай, тараллабедод қилиб юрган ёки бугуноқ фойда келтирадиган ишлар билан машғул бўлишни афзал биладиганларга нега баҳо қўйилиши-ю, шаҳодатнома берилиши керак? Ахир қўйилаётган баҳо, ўн биринчи синфни битираётганда бериладиган шаҳодатнома ёки аттестат ўқув режадаги дастурда белгиланган вазифаларни «аъло», «яхши», «қониқарли» даражада бажарилганига гувоҳлик тарзда берилмайдими? Демак, ёппасига шаҳодатнома бериш амалиётини қайтадан кўриб чиқиш зарур. Чунки мактаб томонидан бериладиган шаҳодатномаларнинг бугун заррача қадри қолмаган. Ушбу ҳужжат бир парча қоғоз эмас, балки ёшларнинг ҳаётида зарур ҳужжат экани амалда ўз тасдиғини топмоғи лозим. Қачонгача пинакни бузмай, ёлғон гувоҳлик бераверамиз?
Шу ўринда, япон халқини маърифатни севишга, илм­­ни қадрлашга ундайдиган ­қадрият қаерда бола онгига сингишига эътиборингизни қаратмоқчиман. Япон халқининг яқин тарихига назар солинса, 19-асрда ­«Мейдзи инқилоби» туфайли модернизация даври, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қайта тикланиш ҳаракатлари муваффақиятли кечганининг гувоҳи бўласиз. Бу жараён япон халқининг тарихида «япон мўъжизаси» деб ном олган. Мутахассисларнинг фикрича, бунга японлар ривожланишда ёшлар онгини ҳар томонлама бойитишга, «японча миллий руҳ»да тарбиялашга урғу берганликлари сабаб бўлган. Яна шунга амин бўлдимки, японлар умр мазмунини илмда деб ҳисоблашар экан. Болаларни боғчага қабул қилишда ёш доирасининг жуда пастлиги аҳамиятли. Чунки мактабгача таълим тизими икки босқичга бўлинган. Биринчи босқичда чақалоқларни 6 ойлик давридан қабул қилишади. Бундан кутилган натижа эса аниқ. Яъни ота-она ўқиш ёки бирон соҳада олиб бораётган ишини ташлаб, бола тарбиясида бир ёки икки йил қолиб кетишни хоҳламайди. Бу давр ичида улар атрофидагилардан анча орқада қолиши турган гап. Болалар боғча таълимини тугатиб, мактабга қабул қилингандан кейин болага янги кўчат эктириб, то мактабдаги ўқишини битургунга қадар парвариш қилиш вазифаси юкланади. Қизиғи, парвариш таътил вақтида ҳам давом этади. Японияда таҳсил олаётган дўстларимнинг айтишича, япон мактабларида деярли ошхона ва фаррош хизмати мавжуд эмас. Овқатланиш арзимас тўлов эвазига махсус ташкил этилади. Бунда танаввул қилинаётган маҳсулотнинг сифатли бўлишига алоҳида эътибор берилади. Мактабни тозалаш ишларини ҳам ўқувчилар бажаришади. Бу орқали болани кичиклигидан покизаликка, буюмларни асраб-авайлашга ва болалар ўртасида бир-бирига ­қайи­ш­иш, гуруҳ бўлиб ҳаракат қилиш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Японияда ўрта мактабдан кейинги таълим, яъни ўрта махсус таълим мажбурий эмас. Аммо статистик маълумотларга қараганда, аҳолининг қарийб 98 фоизи коллежларда ўқишни давом эттиради.
Япон алифбосининг уч тури мавжуд. 1-синфдан болаларга анча содда ҳисобланган Хирогана тури ўргатилади. Маълум даражада савод чиқарилганидан кейин миллий ва қадимий тури бўлган Канжига ўтилади. Шунингдек, Канжи тури тахминан 20 мингдан зиёд. Бу жиҳатдан Хитой иероглифлари билан бир турга кириши мумкин, аммо талаффузида фарқланишлар бор. Бадиий адабиёт, газета мутолаасига 5 мингга яқин Канжини ўқий билиш лозим. Асосан,чет тилидан кириб келган сўзлар ва турли халқаро корхона номларини ёзишда улар алифбосининг Катакана туридан фойдаланади. Шу ўринда, бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Яъни Хирогана қолган икки турнинг ўрнини боса олса-да, Канжидан воз кечилмаган. Сабаби – бирон-бир ўқувчининг билим даражаси баҳоланса, албатта, Канжини билиш даражаси инобатга олинади. Япон зиёлиларининг фикрича, боланинг билим даражасини билиш борасидаги энг тўғри йўл шу. Биз боланинг билим даражасини билишда қандай йўл тутамиз?

«Бола ўқимаса, ўқитувчи айбдор…»

Таълим лаёқатсизлик ва боқимандаликни кечирмайди. Чунки бу иллатларнинг оммавий тус олиши соҳа ривожи учун салбий таъсир кўрсатади.
Ижтимоий тармоқларда таълим тизимини муҳокама қилиш бугуннинг мавзусига айланди-қолди. Ушбу соҳа ҳақида гап кетса, асосан тизимдаги камчиликлар, ўқитувчиларнинг ишлари тафтиш қилинади. Аммо таълим жараёнининг иккинчи субъекти – ўқувчилар хусусида умуман гапимиз йўқ. Мактабда саккизинчи синфда ўқирдим. Бир шўх синфдош ўртоғимиз бўлар эди. Дадаси туман халқ таълими бўлимида қандайдир лавозимда ишларди. Дарс кунларининг бирида ўша ўртоғим математика ўқитувчимиз билан гап талашиб қолди. Ҳаммаси кўз очиб юмгунча юз берди. дарсини беҳурмат қилиб, турли бемаза қилиқларни қилаётган ўртоғимизни устозимиз бир огоҳлантирди, икки огоҳлантирди, аммо фойдаси бўлмади. Устозимиз уни дарсдан чиқариб юборди. Энди кейинги воқеа­ларга эътибор беринг. Синфдошим ота-онасига «фалончи устоз дарсидан ҳайдаб чиқарди» деб борибди. Ота-онаси ҳам сўраб-суриштирмай, ҳамма гапни мактаб директорига етказибди. Директор эса устозимизга «ариза ёзиш»ни буюрибди. Ўқитувчи нима бўлганига тушуниб-тушунмай, ариза ёзишга мажбур бўлган…
Шу-шу, устозимизни қайтиб кўрмадик. Ўрнига янги ўқитувчи келди. Аммо ўша шўх синфдошимиз шўхлигини бошқа устозларга ҳам ўтказиб, мактабни битирди. Мактабга олган билими билан на олий ўқув юртига кира олди, на бирон касб эгаллади.
Ота-оналарнинг ўқитувчилар хусусида «Вазифаси бўлгандан кейин, ўқитади-да» каби гаплари кўнглимни тирнайди беихтиёр. Сабаби, бугун «таълимни демократлаштириш» урф бўляпти. Қирқ беш минут давомида устозининг айтганларига қулоқ солмай ўқитувчининг асабини бузишдан бошқа ишга ярамаётганларга чора кўриш керак бўлганда, «бола кўнглига йўл топиш керак» дея муносабат билдиришимиз адолатданми?

«Мактабларнинг обрўйи ва мақомини кўтаришимиз керак»

Яқинда «Фейсбук» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бирининг ёзганига кўзим тушди. Унинг битиклари мақоланинг хулосаси бўла қолсин. Зеро, унинг сўзларида оддий ва энг муҳим ҳақиқат яширин:
«Бир куни мен япониялик ҳамкасбим Ямамотадан бу ерда ўқитувчилар байрами қачон ва қандай нишонланишини сўрадим. У менинг саволимдан таажжубланганича, «Бизда ҳеч қандай ўқитувчилар байрами йўқ», деб жавоб берди.
Менда бир савол пайдо бўлди: Иқтисодиёт, фан ва техника ривожланган мамлакатда нега ўқитувчига, унинг меҳнатига бу таҳлит қарайдилар?
Ишдан кейин Ямамота уйига меҳмонга таклиф қилди. У мактабдан узоқда яшагани учун метрода кетдик. Кечки тиғиз пайт эмасми, вагонлар тўла эди.
Мен шу тиқилинч­­да тутқичдан ушлаб кетаётгандим. Кутилмаганда, ёнимда ўтирган қария менга жой берди. Бунинг сабабини тушунмай, унинг таклифини қабул қилмадим. Бироқ у қатъий туриб олгани учун ўтиришга мажбур бўлдим. Метродан чиққач, Ямамотадан оқсоқолнинг ҳаракати учун изоҳ сўрадим. Ямамота кулиб, менинг ўқитувчилик нишонимни кўрсатиб, деди:
– Бу қария ўқитувчилик белгингни кўриб қолди ва ҳурмат юзасидан сенга жой берди.
Ямамотанинг уйига биринчи марта меҳмонга кетаётганим учун қуруқ қўл билан бориш ноқулай бўлди ва совға олишга қарор қилдим. Ямамотага ниятимни айтдим. У мени қўллаб-қувватлади ва яқин орада ўқитувчилар учун дўкон борлигини, у ердан имтиёзли нархларда нарса сотиб олиш мумкинлигини айтди.
Мен яна ҳайратимни яширолмай сўрадим:
– Имтиёзлар фақат ўқитувчилар учунми?
Ямамота менинг сўзларимни тасдиқлаб, шундай деди:
– Японияда ўқитувчи – энг ҳурматли касб эгаси! Япон тадбиркорлари дўконига ўқитувчи кирса, жуда хурсанд бўлади, буни ўзи учун катта шараф деб билади.
Японияда бўлган вақтимда японлар ўқитувчиларни чексиз ҳурмат қилишига бир неча бор гувоҳ бўлдим. Метрода улар учун алоҳида жойлар бор, улар учун алоҳида дўконлар очилган, ўқитувчилар ҳар қандай транспорт воситасига чипта олиш учун навбатда турмайди. Шундай экан, япон ўқитувчиларига бир кунни байрам қилишнинг нима кераги бор, қачонки уларнинг ҳар куни байрам бўлса?..»

Муроджон РАҲМАТОВ