Касаба уюшмалари саломатлик посбонларининг суянчига айланмоқда(ми)?

790

Мамлакатимизда ҳар бир соҳада кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилоти – касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши тармоқ тизимида 212 та ташкилот бўлиб, ушбу ташкилотларда меҳнат қилаётган 116 минг 524 нафар ходимни ўз атрофида бирлаштирган. Шу билан бирга, соҳага оид янги ташкил этилаётган муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан мулоқот ва музокаралар олиб бориш орқали уларни тармоқ касаба уюшмасига жалб этиш, жамоа шартномаларини имзолаш ва аъзоликка олинган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жамоа шартномаларида белгиланган меъёрлар, ходимлар учун кўзда тутилган имтиёз ва кафолотлар ижросини таъминлаш масаласи тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг доимий диққат марказида бўлиб, мазкур локал ҳужжат тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ушбу асосда бугунги кунда ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан бирга уларнинг маданий-оммавий ҳордиқ олишларини таъминлаш, пенсия ёшидаги ходимларга пенсияга чиқиши олдидан бир йўла моддий ёрдам кўрсатиш ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, кам таъминланган ёш оилалар вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимлари ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остида тарихий масканлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштириш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ўз бурчи ва қасамига содиқ қолиб, коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида фидойиликларини намоён этиб келаётган тиббиёт ходимлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ва ёлғиз ўзи фарзанд тарбиялаётган соҳа ходимларига амалий ёрдамлар кўрсатилиб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, ушбу тоифадаги ходимларнинг 1400 нафар фарзанди учун янги ўқув йили арафасида «Касаба уюшмалари – болаларга» ижтимоий акцияси ташкил этилиб, уларга ўқув қуроллари ва дарсликлар ҳадя этилди.
– Тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши доимий равишда ҳолимиздан хабар олиб, зарурий ёрдамларни кўрсатиб келмоқда, – дейди академик В.Воҳидов номидаги респуб­лика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-­амалий тиббиёт марказининг эндоваскуляр хирургия фарроши Анна Николаенко. – Бу сафар ҳам ана шу ғамхўрликнинг жонли гувоҳига айландик. Фарзандларимиз ўзида йўқ қувонганини айтмайсизми! Бундай рағбатдан кўнгилларимиз кўтарилди.
– Касаба уюшмамиз бизнинг ҳақиқий суянчимизга айланган, – дейди жарроҳлик бўлими ҳамшираси Саида Аҳмедова. – Қачон бирор ёрдамга муҳтож бўлиб қолсак ёки соғломлаштириш борасида зарурат туғилса, дарров кўмакка келишади. Биз билан очиқ мулоқот қилиб, ижтимоий аҳволимиз ўрганилади, нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, фарзандларимиз холидан ҳам хабар олинади. Албатта, бундан бошимиз осмонга етади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан янги ўқув йили арафасида ташкил этилган «Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари, сиҳатгоҳлар ходимларининг фарзандлари ҳам қамраб олинди.
– Олдимизда турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Гулноза Тошпўлатова. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кенгашимиз фаолия­тида ҳам тубдан такомиллаштириш ишларини амалга оширдик. Айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларни меҳнат аҳлининг ҳақиқий суянчи бўлишлари йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Пандемия шароитида соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси доимо диққат марказимиздадир. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида меҳнат жамоаларида «Уч авлод учрашуви», маданий-маърифий суҳбатлар ташкил этилиб, соҳа ходимлари, айниқса, ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда баб-баробар инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижалари етказилди. Давра суҳбатларида фахрийларнинг ҳам иштироки таъминланиб, улар бой ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар, бугунги доруломон кунларимизга шукроналар айтилди. Шунингдек, соҳа ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этиш, ходимлар ва улар оила аъзоларининг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, турли спорт тадбирлари ташкил этиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлигига эришиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши кўплаб янги ижтимоий лойиҳалар устида изланмоқда. Айниқса, нодавлат тиббиёт муассасаларини тўлиқ касаба уюшма хизмати билан қамраб олиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласига кенг эътибор қаратилмоқда.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати раҳбари