Бугунги кун одами

544

Чироқчи туманидаги Паканди қишлоғида истиқомат қиладиган Шавкат Холдоровни ҳеч бир муболағасиз бугунги кун одами, десак асло адашмаган бўламиз. У хаёлига бирон-бир жўяли фикр келдими, тинчгина ўтиролмай қолади.

– Онаси, мана болалар ҳам улғайиб қолишди, – деди кунлардан бир куни хотини Мавлудага. – Худога шукр, барчаси меҳнатдан қочмайдиган ўғил-қизлар бўлиб ­вояга етишмоқда. Фермерлик билан шуғуллансак, нима дейсан? Ҳадемай қанотимизга киришади.
– Қандай режаларингиз бор? – Эрининг шижоаткорона феълини яхши билган хотини унга савол назари билан қаради.
– Балиқчилик, паррандачилик, чорвачиликни йўлга қўйсак-чи?
Буни қарангки, мана шу суҳбатга ҳам етти йил бўлибди. Ҳеч вақт ўтмай меҳнатсевар болаларининг далдаси, қолаверса, давлатимиз ишончининг самараси ўлароқ, «Даврон Шавкатович» фермер хўжалигига асос солинди.
– Балиқ учун ҳовуз қаздирдик, – дея сўз бошлайди Шавкат ака. – Мана, бугун балиқ етиштириш ­бўйича ­тажрибамиз, ўз хулосаларимиз бор. Дарвоқе, жорий йилда Тошкент вилояти Чиноз туманидан «Африка лаққаси» зотли балиқ чавақларидан олиб келиб, боқдик. Ёмон бўлмади. Халқ ­дастурхонига 15 тоннагача балиқ тортиқ қилинди. Бундан ташқари, икки-уч йил бройлер товуқ жўжалари ҳам боқиб кўрдик. Фойда қилсак қилдик, кам бўлмадик. Парҳезбоп гўшт маҳсулотлари сотиб, ҳаётимиз фаровон бўлди.
Жорий йилдан эса янги йўналиш – интенсив равишда етиштириладиган куркачиликни синаб кўрмоқдамиз. Табиатан янгиликка ўчман. Истиқболли режалар тузиб, уларни амалга оширишга қизиқаман. Масалан, бройлер куркалар ҳақида эшитиб, хотиржам ўтиролмай қолдим. Суриштирсам, Фарғона вилоятининг Риштон туманида курка жўжаларини очирадиган тадбиркорлар бор экан. Водийга бориб, 200 дона бир кунлик курка жўжаларининг ҳар бирини 30 минг сўмдан сотиб олдим.
Куркаларни махсус тайёрланган тўйимли озуқа билан боқа бошладик. Дастлабки хулосаларимиз яхши. Касалликка чидамли экан. Курка жўжаларининг 5-10 таси ўлиб қолганини ҳисобга олмаса, қолгани яхши улғайди. Ҳозир тўрт ярим ойлик бўлди. 12-15 килогача гўшт қиляпти.
Фермернинг айтишича, бу куркалар саккиз ойлик бўлганда балоғатга етган ҳисобланиб, тухумга кирар экан. Бу вақтга келиб, улар 25 килогача гўшт беришини ­айтмайсизми!
Айни пайтда курка гўштини Чироқчи туманидаги ресторан ва ошхоналарга сотиб олишяпти. Шунингдек, қўшни Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларидан ҳам харидорлар чиқди.
– Сиз боқаётган куркаларнинг оддий куркалардан фарқи нимада экан?
– Жуда тез семиради. Шунга яраша емиш ҳам ейди. Масалан, ҳозир махсус озуқа – грануладан, бир кунда битта курка бир килогача емни кўрдим демайди. Емни Самарқанддан 4000 сўмдан олиб келяпмиз.
– Ем қимматлик қилмаяптими?
– Албатта, қимматлиги бор. Шунинг учун ускунасини олиб келиб, емни ўзимизда ишлаб чиқариш ва сотиш йўлларини ҳам қидиряпмиз. Бундан ташқари, фермер хўжалигимизнинг ер майдони бор. Ердан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилиш керак. Масалан, ўтган йили буғдойни ўриб олиб, ўрнига карам эккандик. 40 тонна карам олдик. Бу йил маккажўхори экдик. Озуқамиз мўл бўлди. Чироқчи тумани ҳокими Рустам Жўрақобилов ер майдонимизда озуқа сақлаш омбори, куркахона ва ходимлар учун хона қуришга рухсат берди. Идорага мўлжалланган иморатимиз битди. Омборхонанинг пойдевори қўйилди. Кейинги йил апрель ойида куркахонани ишга тушириш режамизда бор. Баҳорда 2000 бош курка жўжасини сотиб олиб, соҳани янада кенгайтирмоқчимиз. Бир йилда икки марта 2000 тадан жўжа сотиб олсак, ҳар бири 20 килодан гўшт қилса ҳам, бу 80 тонна парранда гўшти дегани, ахир!
Шавкат ака фарзандларидан ёлчиган. Тўнғич ўғли Лазизбек фермер хўжалиги ишини юргизаётир. Абдурасул Тошкент ахборот-технологиялари университети талабаси. Кенжатойи Даврон ҳам оилага кўмакчи. Қизи Ситорахон турмушга чиққан, яхши бир хонадоннинг бекаси.
Дарвоқе, янгамиз Мавлуда опа бошланғич синф ўқитувчиси.
Биз Шавкат ака билан қизғин суҳбат қурдик. Тиниб-тинчимас бу инсон келажакда қишлоғи аҳолиси учун тўйхона қуриш истаги борлигини айтди. Тивит жуни олиб, хорижга экспорт қилиш учун зотдор эчкилар боқишни ҳам синаб кўрмоқчи экан. Биз унга омадингизни берсин, эзгу орзуларингизга эришинг, дея ойдин тилаклар билдирдик.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар