Дунё тамаддуни чорраҳасидаги форум

1037

Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форуми ва Маданий мерос ҳафталиги пойтахтимизда бешинчи бор ўз ишини бошлади. 21 сентябргача давом этадиган ушбу анжуман доирасида республикамизнинг Тошкент, Хива ва Нукус шаҳарларида маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Форумнинг дастлабки кунида «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Ўзбекис­тон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» халқаро V конгресси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 46 мамлакатидан келган 200 га яқин етакчи шарқшунослар, экспертлар, тадқиқотчилар, қўлёзмалар ва миниатюралар бўйича мутахассислар маданий меросимизни асраб-­авайлаш, ўрганиш ва ривожлантириш борасидаги янгиликлар ҳақида фикр алмашдилар. Шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиздан ҳикоя қилувчи 50 томлик асарлар кўргазмасига ташриф буюрдилар.
– Ушбу тадбир ташкилотчиларини «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси билан табриклайман, – дейди Париждаги Темурийлар уюшмаси ассоциацияси раҳбари Фредерик Бопертюи-Брессан. – Сўнгги 30 йил мобайнида мамлакатингизда Марказий Осиёнинг бой маданиятини тарғиб қилиш бўйича диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишда кўплаб тадқиқотлар олиб борилди, асарлар нашр этилди, кўргазмалар уюштирилди ва жаҳондаги энг йирик музейлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ана шу боис Ўзбекистон маданияти ва мероси ҳозир халқаро жамоатчиликнинг диққат-эътиборида.
Ҳафталик доирасида юртимиз фуқаролари ва хорижлик меҳмонларни мамлакатимиз санъатининг ноёб дурдоналари билан таништириш мақсадида ўндан ортиқ кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, археолог, Марказий Осиё маданияти тадқиқотчиси Леон Баршчевскийнинг «Ўзбекистон тарихи фотосуратларда», «Марказий Осиё картографияси: фан ва геосиёсат ўртасида», «Ўзбекистон ёзма ёдгорликларининг 100 дурдонаси», Риштон кулолчилик буюмлари кўргазмаси, Шаҳрисабз ва Самарқанд ёдгорликларига виртуал саёҳат каби тадбирлар ўтказилади.
Анжуман иштирокчилари 14-15 сентябрь кунлари Хивада бўладиган «Марказий Осиё дунё цивилизацияси чорраҳасида» халқаро форумида ва ТУРКСОЙ давлатлари маданият вазирлари доимий кенгаши йиғилишида, сўнгра Нукусда ташкиллаштириладиган «Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш» халқаро археологик конференциясида ҳамда «Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни» халқаро илмий-назарий конференциясида ҳам қатнашадилар.

Зебо НАМОЗОВА.
«ISHONCH»