Маънавиятимизга тутилаётган ойна

39

ёхуд «қозилик» блогерлар ваколатига кирадими?

Мамлакатимизда ҳар бир инсонга ўз фикрини эмин-эркин ифодалаш имкони берилган. Лекин биз кўпинча ундан самарали фойдалана олмаяпмиз, суиистеъмол қилишни эса «қойиллатяпмиз».

– Ижтимоий тармоқлардаги баъзи хабарларни ўқиб, муаллифларининг мақсад-муддаоси нималигини тушунолмайман, – дейди олий ўқув юртида дарс берадиган танишим ҳасратидан чанг чиқиб. – Нуқул дағдаға ва ҳақоратлардан иборат гапларни танқид ҳам, холис фикр ҳам деб бўлмайди. Устига-устак, ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демаяпти. Бу эса ёшларимиз тарбияси ва дунёқарашига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Мана, оқибати: тунов куни бир талабага танбеҳ берсам, «Сизни интернетга чиқараман», деб осмондан келди.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилаётган ҳамюртларимизнинг кўпчилиги ўз фикрини билдириш жараёнида одоб-ахлоқ меъёрларини унутиб қўйишмоқда. Айримлари бировнинг шаънига асоссиз таъна-дашномлар ёғдирса, бошқалар дарҳол унга қўшилиб, ҳақоратлашга киришиб кетмоқда. Ваҳоланки, уларнинг кўпчилиги ўзлари ёмонлаётган кишиларни танимайди. «Аслида гап нимада? Эҳтимол, бу маълумот нотўғридир?», деб ўйламайди ҳам.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда тўрт-беш йил олдинги воқеа­ларни гўёки кечагина бўлгандек баён этиш, шахсий манфаати йўлида тескари талқин қилиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Уларни ўқиб ёки тинглаб, «Бу тармоқлар маънавиятимизга тутилган ойнамикин?», деб ўйлаб қоласиз.
Энг ажабланарлиси, охирги вақтларда ахборот тарқатувчиларнинг барчаси ўзини блогер деб атайдиган бўлиб қолди. Айримлари ўзларини жамиятнинг эгасидай тутиб, одамнинг энсасини қотиришади. Бундай дейишимизнинг боиси, улар тарқатаётган хабарларда на маъни, на тутуруқ бор. Баъзилари ўзлари ишлатаётган сўз-­ибораларнинг маъносини билишмайди ҳам. Масалан, яқинда бир блогер туман ҳокимлиги биносига киритилмагани учун «Бу ерда коррупция аломатлари бор!», дея иддао қилди.
Маълумки, киши вазминлик билан гапиришни, фикрини маданият билан тушунтиришни билмаса, бақир-чақирга зўр бериб, ўзгаларни ҳақорат қилади. Аслида, жиноятчини ҳам ҳақоратлашга, унга зуғум ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кейинги пайт­ларда буни унутиб қўйган баъзи блогерлар дуч келган идора-ташкилотга, ҳатто хонадонларга ҳам камера ва диктофон кўтариб, берухсат бос­тириб киришмоқда. Ажаб, уларнинг ўзлари жорий тартиб-қои­даларга зид иш тутиб, бошқалардан қонун устуворлигини талаб қилишлари қай мантиққа тўғри келади? Айрим блогерларнинг масъул шахслар билан суҳбатини кўриб, савол беришяптими ёки сўроққа тутишяптими, фарқлай олмайсиз. Раҳбарлардан бирон масалани зудлик билан ҳал этишни талаб қилиб, баланд овозда буйруқ беришганида эса улар шу мутасаддининг юқори турувчи ташкилоти вакилимикин ёки блогерларга қозилик ваколати берилганмикин, деган ўйга борасиз.
Бу кимсалар ижтимоий тармоқда бир-икки раҳбарни танқид қилиб, ишдан бўшатишга эришса, ўзларини ҳаммадан зўр ҳисоблаб, бошқаларга ҳам таҳдид қилишади. Бир видеолавҳада ташкилот бошлиғи «блогер»га «Сиз бундай хулоса чиқаришдан олдин масалани икки томонлама ўрганишингиз керак», деб эътироз билдирди. У эса «Мен журналист эмасман, шунинг учун сиз ­айтгандай қилишим шарт эмас», дея билағонлик қилди. Шу зайл ўзи билмаган ҳолда, масалага холис ёндашмаслигини очиқ-ошкора тан олди.
Янада ачинарлиси, айрим кўрсатув-лавҳалар қаҳрамонлари «Ўзимни ўлдираман!», дея айюҳаннос солишади. «Блогер» бундай хабарлар билан нимани тарғиб қилаётгани ҳақида ўйлаб кўрганмикин? Ўзини-ўзи ўлдириш ва одамларни бу ишга ундаш гуноҳ эмасми? Мутасаддиларга бу тарзда мурожаат қилиш шантаж ҳисобланмайдими? Ёки уларнинг фикрича, кимдир машаққатга дуч келса, уни енгиш чорасини кўрмай, «Раҳбарлар ёрдам бермаса, ўзимни осаман ёки ўзимга ўт қўяман!», дея шовқин-сурон кўтариши керакми? Бу моҳиятан боқимандаликка даъват эмасми?!
Айрим лавҳаларга «Одамларга босим ўтказиляпти», «Аҳоли кўчага чиқди», «Катта жанжал бўлди» каби сарлавҳалар қўйилиши ҳам провокация­нинг бир туридир. Аниқроғи, мавжуд муаммоларни тинч йўл билан эмас, балки тўс-тўполон орқали ҳал қилишга чорлашдир. Ижтимоий тармоқларни ўзлари учун ибрат мактаби деб билувчилар эса гоҳида шундай йўл тутиб, жамоат тартибини бузаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Табиийки, ахборот тарқатаётган ҳар бир шахс блогерликка даъво қилаверса, ўзини ҳаммадан оқилу доно тутиб, дуч келган кишига тош отаверса, баъзи соҳаларда мутахассислар тақчиллиги юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. Энг ёмони, биз аҳил-­иноқ эмас, балки нуқул бир-бировнинг юзига лой чаплайдиган, истаган пайтида бошқаларнинг ёқасидан тутиб, беаёв ҳақоратлайдиган кишиларга айланиб қолишимиз мумкин.
Яна бир мулоҳаза. Айрим блогерлар ҳар икки сўзнинг бирида Президент номини тилга олиб, раҳбарларга босим ўтказишга уринадилар. Уларнинг бундай катта кетишларига эса, аслида, ўша мутасаддиларнинг ўзлари сабабчи бўлишади. Чунки ортиқча гап-сўз чиқмасин, обрўйимиз тўкилмасин деган илинжда «Ўзимни ўлдираман», дея таҳдид қилаётганларга дарҳол озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериб, оғзини ёпишади. Ёки «Майда муаммолар билан андармон бўлиб, асосий ишларим қолиб кетмасин», деган ўйда масалани тезда ҳал қилишади. Шу тариқа блогерликдан мутлақо бехабар, боз устига, саводи ҳаминқадар, орқа-олдини ўйламай гапирадиган кишиларнинг тегирмонига сув қуйишади.
Менимча, ҳақиқий блогерлик халқ табобатига ўхшайди. Бироқ ўз касби сир-асрорларини яхши биладиган, кўплаб инсонлар дардига дармон бўлаётган табиблар сафида инсоннинг тана аъзолари фаолияти ҳақида яхши тасаввурга эга бўлмаса-да, одамларнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, пул топадиган чаласаводлари ҳам учрайди. Бундай кимсалар блогерлар орасида ҳам истаганча топилади. Улар ўз касбини пухта эгаллаган, эл-­юртга танилган ҳамкасбларининг жамиятда эришган мавқеидан фойдаланиб, иш юритмоқдалар. Эҳтимол, сохта табиб қўллаган муолажа бир ёки ўн нафар мижознинг соғлиғига зарар етказиши мумкиндир, аммо блогерлар тарқатган нотўғри ахборот минглаб-миллионлаб одамларни чалғитиб, жамиятни тараққиётга эмас, парокандаликка ­бошлайди.
Модомики, шундай экан, блогерлик фаолиятини қонунан қатъий тартибга солиш керак. Умуман олганда, ахборот тарқатувчилар зиммасидаги масъулиятни янада ошириш, оммавий ахборот воситаларига оид қонунлар ижросини таъминлаш зарур. Бу, кимлардир иддао қилаётганидек, демократияга зид ҳисобланмайди. Чунки демократия ва сўз эркинлиги оғзига келганни гапириш эмас, балки ҳар бир шахс ўзи айтган сўзга ўзи жавоб беради, деганидир.
Биз эса блогерликни даъво қилаётганлардан, жилла қурса, видеолавҳа билан мақоланинг фарқига боришларини сўрардик. Улар ўзбек тили курс­ларига қатнаб, тўғри ёзишни ўрганишса, сухандонлик мактабларида сабоқ олишса, машҳур сайтларни кузатиб бориб, ахборот-маълумотларни кенг оммага одоб-ахлоқ ва босиқлик билан, ҳаммага тушунарли, содда-равон тилда етказишса, нур устига нур бўларди.
Энг асосийси, андишанинг оти қўрқоқ эмаслигини, бақир-чақир ва таҳдид билан жамиятда обрў топиб бўлмаслигини доимо ёдда тутмоқ лозим.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»