Учинчи ренессанс сабоқлари

16

ёхуд «Темур тузуклари»ўқув қўлланмаси ҳақида айрим мулоҳазалар

Янги Ўзбекистоннинг барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Янги бунёд этилган, янгитдан таъмирланган ва янгича жиҳозланган маърифат масканларида янгича ­дунёқарашли устозлар илму ҳунар талабгорларига иштиёқ билан таълим беришга киришди. Энг асосийси, билим олувчилар ва билим берувчилар замонавий мезонлар асосида тайёрланган янги дарсликлар ҳамда янги ўқув қўлланмаларидан фойдаланмоқда.

Шу ўринда, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари ўқувчилари учун мўлжалланган «Темур тузуклари» ўқув қўлланмасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида тўхталиш жоиз. Жорий йилда нашрдан чиққан ушбу қўлланма тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиё ва иқтисод фанлари номзоди, профессор Улуғбек Азизов масъул муҳаррирлигида, бир гуруҳ олимлар муаллифлигида тайёрланган бўлиб, «Kolorpak» МЧЖ босмахонасида чоп этилган.

Темурбеклар мактабларининг мақсади

Темурбеклар мактаблари – Янги Ўзбекистон маҳсули бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаб­буси билан ташкил этилган.
«Темурбеклар мактаби»нинг асосий вазифалари халқимизнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало, Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида, Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни ­тарбиялашдан иборат.

Тузук нима?

«Тузук» сўзининг луғавий маъноси қонун-қоидалар тўплами, низом, деган маъноларни англатади. Бошқача айтганда, Тузук – Конституция (лотинча «Constitution» – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни, деганидир.
«Темур тузуклари» Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлиб, шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Атоқли рус олими Д.Логофет «Темур тузуклари»ни ўрганиб, унга Туркистонда Европадан 500 йиллар олдин вужудга келган Конституциявий кодекс, бошқача айтганда, Амир Темур салтанатининг Конституцияси, деб юксак баҳо берган.
Мустақиллик йилларида «Темур тузуклари» қайта-қайта нашр этилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Турли манбаларда бу асар «Темур тузуклари» («Тузуки Темурий»), «Темурнинг айтганлари» («Малфузоти Темурий») ва «Темур ҳақида хотиралар» («Воқиоти Темурий») деган номлар билан аталади. Унинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Бугунги кунда «Темур тузуклари»ни жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, жумладан, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Россия, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади.
«Темур тузуклари» асосан тожу тахт соҳиблари учун муҳим қўлланма ҳисобланган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг аксарияти бу асардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхонасида асраган ва давлат сиёсий фаолиятида муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланган.
Тарихга мурожаат этадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон (1628-1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821-1842) ва Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885-1910) моҳир котиб­ларига буюриб, «Темур тузуклари»дан ўзлари учун нусха кўчиртирганлар.

Амир Темурнинг давлат бошқаруви тизими

Соҳибқироннинг улкан хизматларидан бири – давлат бошқарувини ташкил қилиш билан боғлиқ. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижроия тармоқларига бўлинишига асосланган мазкур тизимни жорий этишда Амир Темур кўр-кўрона эмас, балки ўзи яшаб турган воқеликни назарда тутган ҳолда иш юритган.
Таниқли тарихчи олим Азамат ­Зиёнинг фикрича, бу тизимда салтанат даражасига кўтарилган давлатнинг жўғрофий ҳудудлари доирасида яшовчи халқларнинг турмуш тарзи, анъаналари, маънавий-руҳий эҳтиёжлари ҳам инобатга олинган. Давлат бош­қаруви тизимига Амир Темур олиб кирган янгиликнинг моҳияти ҳам аслида шу билан белгиланади.
Амир Темур олий давлат идораси мақомида қурултойни белгилаган. Бугунги тушунчадаги конгресс, ассамблея, мажлис, съезд кабиларга тўғри келадиган ушбу сиёсий институт ­бошқарув маҳкамаси ва давлат аҳамиятига молик бўлган энг асосий масалаларни ҳал этиб, унда салтанатдаги барча йирик сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва маданий соҳа намояндалари иштирок этган.
Ўша даврда ҳам сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий муносабатларни тўғри йўлга қўйиб, улардан жамият манфаати йўлида фойдаланиш учун қатъий интизомга асосланган, талабчан ижроия механизми зарур эди. Соҳибқирон ана шундай тизимни ярата олган.
Амир Темур салтанатининг ижро этувчи тизимидаги саккиз вазирлик ва яна бир неча муассасалар молия, солиқлар, даромад ва харажатлар, мулк­чилик, етиштириладиган ҳосил, чорва, яйловлар аҳволи, ободончилик, хабар ва почта, ҳарбий ва адлия соҳаларини бошқарган.

Соҳибқироннинг 12 муҳим тузуги

«Темур тузуклари» давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услуб­лар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар ва меъёрларни ўз ичига олган.
«Темур тузуклари»нинг марказида инсон, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш туради. Шу маънода, Соҳибқироннинг ҳуқуқий қарашларида, аввало, мамлакат ишлари тузуки алоҳида аҳамиятга эгадир.
«Темур тузуклари» талаблари доирасида Амир Темур ўз салтанатини ўн икки тоифадаги кишилар билан мус­таҳкамлагани тарихдан яхши маълум. Бу ҳақда: «Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим», дейди Соҳибқирон ҳазратлари.
«Темур тузуклари»да давлат бошқарувининг ҳар бир соҳаси ва ҳар қайси мансаб даражаси бўйича муайян тузук­лар битилган. Амир Темур 12 та энг муҳим тузукни ўзига шиор қилиб олган ва салтанатни тасарруфида сақлаш учун уларга қатъий амал қилган.
Шу жиҳатдан, биз таҳлил этаётган ўқув қўлланмасида ҳам Амир Темур тузуклари айнан 12 та мавзуга ажратилгани бежиз эмас. Бинобарин, «Ўз ­тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур», дейди Соҳибқирон бобомиз.
Шундай қилиб, 27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тўра-тузуклар қолдирган.

«Темур тузуклари» ва Ўзбекистон Конституцияси

Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва қонунчилик тизими бутун Темурийлар салтанатида, ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз аксини топиб, улкан амалий аҳамиятга эга бўлган. Жумладан, Буюк Ипак йўли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилганки, бу билан савдо-тижорат ривожига катта ҳисса қўшган, Шарқу Ғарб мамлакатларини бир-бирига янада яқинлаштирган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасининг учинчи бандида ушбу Асосий Қонун «ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий таж­рибасига таяниб» қабул қилинди, деб таъкидланган. Албатта, ўзбек давлатчилиги ривожи тарихий тажрибасининг энг муҳим қисми – Амир Темур ва темурийлардан мерос ҳуқуқий, сиёсий ва тарихий манбалардан, айниқса, «Темур тузуклари», «Бобурнома», «Жаҳонгир тузуги», «Ҳумоюннома», «Зафарнома» каби кўплаб нодир асарлардан иборатдир.
Соҳибқирон қолдирган қонуний меъёрлар ва ҳуқуқий нормалардан Конституциямизнинг турли қисм ва бобларида, жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси», «Ўзбекистон Республикаси Президенти», «Вазирлар Маҳкамаси», «Суд ҳокимияти», «Мудофаа ва хавфсизлик» бобларининг муайян моддаларида, замон талаб­ларини назарда тутган ҳолда, ижодий фойдаланилган.
Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаган Амир Темур ҳақли равишда «Куч – адолатда» деган олий меъёрни ўзига шиор қилиб олган ва ҳатто ушбу ҳикматни узук-муҳрига ўйиб ёздирган.
Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлган. Улуғ Соҳибқирон ўз давлати ҳудудларида тузук-тўра ва шариат қоидалари устуворлигини амалда таъминлаган. Бу ҳақда, жумладан: «Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим; ойлик ҳақларини сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваракайига бердим», дейилади «Темур тузуклари»да.
Бундан ташқари, Соҳибқирон салтанатида касбу ҳунар ва маърифат аҳли мунтазам иш билан таъминланган. Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарларга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилган. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-текин учун зарур уруғлик ва меҳнат қуроллари тайёрлаб берилган. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган бундай амалий мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Амир Темур асос солган буюк давлат ўзининг турли босқичларида – ҳам Турон, ҳам Хуросон, ҳам Эрон, ҳам Ҳиндистонда адолат меъёрларига асос­ланган тузум сифатида олам аҳлининг диққатини ўзига тортиб, ҳануз тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги кунда Соҳибқироннинг суд ва қонунчиликка муносабати ҳам алоҳида ўрнак вазифасини ўтайди. Зеро, бундан олти аср бурун Мовароуннаҳр суд тизимида ўзига хос тартиб ва қоидалар мавжуд бўлган.

Енгилмас аждодимизнинг ҳарбий-назарий тафаккури

Янги типдаги мунтазам армиянинг ташкил этилиши, сиёсий уюшув, ҳаётнинг барча жабҳалари, айниқса, иқтисодиётнинг ғалаба қозониш йўлидаги стратегик вазифага бўйсундирилиши, мустаҳкам интизом, ҳар бир жангчи томонидан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қоидаларига риоя қилиниши, ­дипломатик воситалардан усталик билан фойдаланиш каби омиллар рақиб устидан зафару ғалабани таъминлаган. Амир Темур ўзининг бутун ҳукмронлиги даврида бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаган.
Машҳур араб тарихчиси Ибн Араб­шоҳ ёзганидек, «Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли (киши)ларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди». Бинобарин, Соҳибқироннинг асосий мақсади алоҳида бўлган мулкларни мустаҳкам ва қудратли давлатга бирлаштиришдан иборат бўлган.
Қисқача айтганда, Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши билан ҳарбий иш соҳасида улкан ўзгаришлар юз берган, улар Шарқу Ғарб ҳарбий-назарий тафаккури тараққиётида катта роль ўйнаган.

«Темур тузуклари» ўқув қўлланмасининг аҳамияти

Истиқлолга эришгач, кўп йиллар давомида «Темур тузуклари»ни илмий-назарий томондан ўргансак-да, унинг амалий аҳамияти эътиборимиз марказидан четда қолиб келгани ҳам бор гап. Зеро, Мустақиллигимизнинг йигирма тўққизинчи йилига келибгина, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ­Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан «Темурбеклар мактаблари» тузилгани, ўттизинчи йилида эса, «Темур тузуклари» ўқув қўлланмаси яратилгани бу фикрни аниқ тасдиқлаб турибди.
Ушбу ўқув қўлланма замонавий полиграфия ютуқлари негизида нашр этилган. Китобнинг кўркам муқоваси, юксак дид билан безатилган жозибадор саҳифалари ва нафис дизайнли фотолавҳалари дарҳол диққатни ўзига тортади. Қўлланманинг электрон нусхаси ҳам мавжуд.
Китоб содда, тушунарли ва равон тилда ёзилган. Унинг мундарижаси сўзбоши, кириш, асосий мавзулар ва хулоса қисмларидан иборат. Нашрга мўъжаз атамалар луғати ҳавола қилинган бўлиб, бу тарихий мавзудаги матнни ўзлаштиришни янада осонлаштиради. Қўлланмага Амир Темур ва Темурий шаҳзодалар ҳақидаги мухтасар маълумотлар, шунингдек, ушбу тарихий шахс­ларнинг портретлари ҳам илова қилинган.
Энг муҳими, ўқув қўлланмада «Темур тузуклари»нинг мазмуни ва аҳамиятини ўсмир ёшлар учун тушунарли услубда очиб беришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, китобда улуғ бобомиз тузукларининг «Илм ва тарбия тузуги», «Давлатни бошқариш тузуги», «Қонун устуворлиги тузуги» каби 12 та мавзу бўйича тасниф этилгани худди шу эзгу мақсадга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ғояларини рўёбга чиқариш учун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётган ҳозирги давр­­да «Темур тузуклари» китоби бўйича ёшларимизга сабоқ берилиши ниҳоятда долзарб ва муҳим масала ҳисоб­ланади. Зеро, Амир Темур ҳазратлари ўз даврида давлатчилик фалсафаси тарихида янги дунёқарашга асос солган ва уни амалда муваффақиятли татбиқ этган улуғ зотдир.

Хулоса қилиб айтганда, «Темур тузук­лари» ўқув қўлланмасида, бир томондан, миллий давлатчилигимиз тарихида улкан аҳамият касб этган машҳур тузуклар мазмунан қанчалик чуқур ва моҳиятан нечоғлик кенг соҳаларни қамраб олганига теран назар солинган бўлса, иккинчи томондан, ушбу тузуклар ҳозирги давр­­да ҳам катта амалий аҳамиятга эгалигига таянилган ҳолда, уларнинг мағзи ёшларимиз учун тушунарли услубда очиб берилган.
Буларнинг барчаси жуда муҳим. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Темурбеклар мактаби» ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур».

Акмал САИДОВ,
академик