Қошиқдаги хавф

22

«Ishonch» газетасини мунтазам ўқиб бораман. Ёритилаётган кўплаб танқидий-таҳлилий мақолалар кўпчилик қатори мени ҳам мушоҳадага ундайди.

Хусусан, газетанинг шу йил 12 август сонида чоп этилган «Трансёғлар чангали» мақоласини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Келтирилган далиллардан эса ҳар биримиз ўзимиз ва ­оиламизни, жамият саломатлигини ўйлашимиз, бефарқ бўлмаслигимиз, миллат генофондини асрашимиз шарт, деган фикр ўтди хаёлимдан.
Гап миллат генофонди ҳақида кетар экан, нафақат транс­ёғлар, балки гени ўзгартирилган озиқ-овқатлар, дунёда кечаётган турли воқеа­-ҳодисаларнинг маънавий-ижтимоий таъсиридан ҳам ҳимояланишни ўрганишимиз керак.
Таомдан тортиб кийимгача, турмуш тарзимиз, жамиятда ўзимизни тутишимизгача кун сайин ўзгармоқда. Инсоннинг феъл-атвори ўзгариб, жоҳиллик, манманлик, атрофдагиларни менсимаслик, ўзбилармонлик авж олмоқда. Аслида, буларнинг барчаси овқатланишимиз билан ўзаро боғлиқ. Зеро, машойиҳлар бежизга, «сен нима тановул қилсанг, ўшанинг ўзисан» дейишмаган.
Ота-боболаримиз ­таомланишда, кийинишда ўзлари яшаётган ҳудуд, иқлим хусусиятларидан келиб чиқишган. Бугунги глобаллашув замонида бундай ёндашувга бутунлай зид ҳаракатларни кўряпмиз. Ваҳоланки, бизнинг таомномамиз нафақат жисмимизга, руҳиятимизга ҳам таъсир кўрсатади. Ҳалол-ҳаромни фарқламай тановул қилишимиз оқибатида турли касалликларга чалиняпмиз, маънавиятимиз мўртлашяпти.
Овқатланишимиздаги муаммолар ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар билан ҳам боғлиқ. Кўпчилик оилаларда танлаб тановул қилиш имкони йўқ. Шу сабаб, биринчи нав­батда, сифатига эмас, нархига эътибор қаратилади. Айримлар эса овқатланиш маданиятига эга эмаслиги оқибатида ўз соғлиғи кушандасига айланади.
Аслида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш азалдан глобал муаммолардан бири саналади. Илгарилари ҳам олимлар бу мавзуда турли қарашларини, таклифларини баён қилишган. ­Англиялик иқтисод­­чи Т.Р.Мальтус (1766-1834) аҳоли жон сони геометрик, озиқ-овқат ресурслари эса математик ўсиш тартибида бўлади, деган ­фикрни илгари сурган. Бу маълум бир маънода тўғри ҳам. Дунёдаги етук иқтисодчи олимлар она заминимизнинг озиқ-овқат имконияти 13-15 миллиард аҳолини боқишга аранг етади, деб бонг ураётгани бежиз эмас. Озиқ-овқат тақчиллигини енгиш мақсадида ўтказилаётган кўплаб тажрибалар уруғлик генетикасини (соя, картошка, макка, буғдой, помидор, бодринг ва ҳ.к.) тубдан ўзгартириб юборяпти. Кўп­лаб олимлар бунинг оқибатида онкологик касалликлар, семизлик каби турли нуқсонлар кўпаяётгани ҳақида бонг урмоқда. Бироқ, ҳалигача озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олишнинг самарали ва безарар усуллари ўйлаб топилмаяпти. Бу эса канцероген ва фармацевтика соҳаси корчалонларининг тили бир деган қарашларни ёқлайди гўё. Бириси касал қилади, униси даволаш баҳона чўнтак қаппайтиради.
Бу озиқ-овқатлар ичида энг кўп ишлатиладигани соя ва пальма ёғи бўлиб, ундан олинадиган ёғ-мой концентрати гўшт-сут, кондитер, фармацевтика, парфюмерия ва бошқа маҳсулотларда ҳамда «Е» маркали ранг-бўёқнинг минглаган кўринишида ишлатилиши, уларнинг савдо расталари, дорихона дарчаларида ўзини кўз-кўз қилаётгани ҳақиқатдир. Журналист Зебо Намозова ушбу масалани холислик билан таҳлил қилган.
Менимча, ушбу масалада ҳукумат қарори ижросини таъминлашга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз керак. Трансёғларнинг зарари ҳақида билганларимизни яқинларимизга тушунтиришдан, тарғиб қилишдан тўхтамаслигимиз зарур. Фойда кетидан қувиб, халқ саломатлигини унутган тадбиркорлар фаолияти юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Биз табиатан ёғни хуш кўрадиган халқмиз. Шунгами, ёғ танлаб ўтирмаймиз. Аммо улар саломатлигимизга бевосита таъсир қилаётгани бу масалада қарашларимизни ўзгартиришни тақозо этади.

Ислом БОБОЖОНОВ,
Тўрткўл туманидаги 67-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси