Тарихий Шушага журналистлар ташрифи

968

       Яқинда  Озарбайжондаги бир гуруҳ ташкилотларнинг ишчи-ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қадимий шаҳар Шушага сафар уюштирилди. Уни Озарбайжон нодавлат-нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги ташкиллаштирди.

Мен ҳам ҳамкасбларим сафида Шушага боришимни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Чунки арманлар босиб олгани учун бу шаҳарни фақат телевизордан кўргандим, барибир ўз кўзларинг билан кўриш бошқача экан… Аввалига машинамиз “Ғалаба” йўли бўйлаб қадимий шаҳарга кўтарилгач, мен шонли армиямиз ўз мақсадига эришиш учун қандай қийин йўлни босиб ўтганини тушундим. 44 кунлик уруш пайтида Шушани озод қилган Озарбайжон армиясининг мисли кўрилмаган операцияси ҳарбий ишлар тарихида қоладиган қаҳрамонлик намунасидир.

Шуша шаҳрига кириб келар эканмиз, узоқ вақтдан бери от пойгалари ўтказилган “Жидир-дузи”га етиб келдик. Бу ердан Дашалти қишлоғи яқинидаги даранинг улуғвор ва гўзал манзарасини кўриш мумкин экан. Табиатнинг бетакрор инъомларидан бирига мен айнан шу нуқтада гувоҳ бўлдим десам, янглишмаган бўламан. “Жидир-дузи” яқинида Вагиф мақбараси жойлашган.  У 1992 йил 8 майда шаҳар босиб олингандан кейин арман вандаллари томонидан вайрон қилинган. Шаҳар озод қилинганидан кейин мақбара қайта тикланиб, асл ҳолига келтирилган. Маскан билан яқиндан танишгач, «Юхор Гевҳар-оға» масжидига ташриф буюрдик. У ерда шаҳидлар руҳини хотирлаш учун дуолар ўқилди. Шундан сўнг  шаҳарнинг бошқа тарихий жойларига ташриф буюрдик.

Шуни таъкидлаш лозимки, Шушанинг улкан сайёҳлик салоҳияти бор. Жойлашуви, тоза ҳавоси ва шифобахш булоқлари туфайли уни кўпчилик  йирик курорт шаҳри сифатида тан олади. Аммо сўнгги бўлган жангу жадаллар шаҳарни анчагина вайрона аҳволга олиб келгани рост. Аммо Озарбайжон ҳукуматининг бошлаётган саъйи-ҳаракатлари туфайли Шуша тез орада яна сайёҳларнинг севимли жойига айланишига умид қилинмоқда.

Қарийб 30 йил давомида босқинда бўлган Шуша арман вандализмига дучор бўлди. Шаҳар озод қилинганидан кейин турар-жой бинолари, ёдгорликлар, инфратузилма объектлари тикланиб, шаҳарнинг  аввалги қиёфасига қайтариш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Бош режага кўра, Шуша олтита блокдан иборат бўлади. Ишлар тез орада якунланади ва шундан сўнг маҳаллий аҳоли бемалол ўз она шаҳри Шушага қайтиши мумкин.

Фарид Зоҳрабов,

Trend.az” интернет

нашри журналисти