«Намунали» бошоғриқ

1124

Шароф Рашидов туманининг «Тоқчилик» МФЙ ҳудудидаги 375 та «намунавий коттеж»да истиқомат қилувчи аҳоли ўтган янги йилни совуқ уйларда кутиб олган эди. Гап 2017 йилгача қурилган сариқ рангдаги намунавий коттежлар (сифатсиз қурилган бу уйларни шундай ном билан аташга ҳам уяласан киши) ҳақида гап кетмоқда.

Бу ерга кўчиб келганлар «намунавий коттеж»ларни бир амаллаб яшаш учун мослаштиришга ҳаракат қилишяпти. Кимдир номигагина, кимдир капитал таъмирлаб уйига кирган. 2015-2016 йилларда фойдаланишга топширилган бу намунавий коттежлар туман марказидан ҳам, Жиззах шаҳридан ҳам анча чеккада жойлашган. Ёз ойларида иссиқдан, қиш ойларида совуқдан уйга кириб бўлмайди. Бу коттежлар атрофи дала ва зовурлардан иборат бўлгани учун кечалари чивин кўплигидан ухлаб бўлмайди. Канализация тармоқлари қурилмаган. Энг ачинарлиси, ҳудудда мактаб ҳам қурилмаган. Ёшлар туман ва шаҳар марказидаги мактабларга қатнайди.
Мен ўзим яшаётган коттежни деярли 100 фоиз қайта таъмирлаб, кўчиб кирдим, деб хато қилган эканман. Бу уйларни қурган қурувчиларнинг меъморчилик санъати олдида қойил қолмасдан илож йўқ. Қурилиш­ларнинг мураккаблиги – уйлардаги камчиликлар бирданига аён бўлмаслигида. Кўчиб кирганимизга икки йил бўлмасдан поллар чирий бошлади. Уларни ҳозиргача ямоқ қилиб келаман. Тўлиқ алмаштиришга эса, имкониятим йўқ.
Деворлар қорайиб, нураб, шувоқлари тўкилмоқда. Яқинда, уят бўлса ҳам айтишга мажбурман, уй ичидаги ҳожатхона 1,5-2 метр чуқурликка қулаб тушди (суратда). Яхшиямки, ичида ҳеч ким бўлмаган. Йўқса, касалхонага қатнайвериб, полнинг ямоғига ишлатадиган пулимизни ҳам дори-дармонга сарфлаб юборардик. Олдинда бизни яна қандай янги синовлар кутиб тургани аён эмас.
Хуллас, бу уйнинг камчиликларини бартараф этган сайин муаммолар кўпайиб бормоқда. Ҳар ойда банкка уй учун кредит тўловларини тўлаб келаман. Бу тўлов 2031 йилгача давом этади. Уйнинг камчилик­ларини қачонгача бартараф этишим эса ноаниқ.
Бу ерда истиқомат қилувчиларни яқинлашиб келаётган қиш мавсуми ҳозирданоқ ваҳимага солмоқда.
Беш йилдан буён, айни қиш палласида – кунлар жуда совиб кетган пайтларда табиий газ босими пасайиб кетиши аҳолини жуда қийин аҳволга солиб қўймоқда. Ота-оналар фарзандлари эрталаб илиқроқ сувда ювинишларига шароит ҳам қилиб бера олишмайди. Вақти-вақти билан бериб келинган ичимлик суви берилиши кейинги пайтларда тартибга тушиб қолди. Лекин бу ­сувни қиш ойларида илиқроқ даражада иситишнинг иложи бўлмаяпти. Чунки табиий газда босим, электр энергиясида кучланиш паст. Уйларга ўрнатилган иситгич ускунаси – «Аристон»лар сув, табиий газ ва электр энергияси мунтазам бўлсагина ишлайди. Бу манбаларнинг бирортасида узилиш бўлса ёки босими паст бўлса ҳам ишламайди.
Эрталаб болалар қалтираб, жунжикиб мактабга кетишади. Кечқурун яна совуқ уйларда тунни ўтказишади. Ичкари ташқаридан ҳам совиб кетади. Бундай шароитда болалар қандай дарс қилишсин? Айниқса, чақалоғи бор оилалар жуда қийин аҳволда қолишади. Совуқдан касал бўлиб, шифохонага ётганлару, қатнайдиганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу ҳудудда биронта ҳам тиббиёт муассасаси йўқ. Беморлар шаҳар ёки туман марказига боришга мажбур. Бунинг учун 7-8 километр ёки ундан кўпроқ йўл босиш керак бўлади.
Ушбу намунавий коттежлар ҳудудида қиш ойларида табиий газ босими пасайиб, чой қайнатишнинг ҳам иложи бўлмай қолади. Шунинг учун аҳоли электр энергиясидан кўпроқ фойдаланади. Оқибатда тез-тез «свет» ўчиб туради. Ишонмасангиз, табиий газ, электр энергиясисиз кўплаб кеча-кундузларни муздай уйларда ўтказган шу ерлик аҳоли билан суҳбатлашиб кўринг.
Энди ўзингиз ўйланг, эрта тонгда бола совуқдан дир-дир қалтираб турса, бир неча чақиримдаги мактабга йўл машиналарида туртиниб-суртиниб борса, мактабда дарс қилмагани учун ўқитувчисидан дашном эшитса, соғлиғи ёмонлиги туфайли синфдошлари, тенгдош­лари билан ўйнай олмаса, келажакда у қандай кадр бўлиб етишади? Биз келажакда ундан қандай қилиб ўзимиз кўрсата олмаган меҳр-муҳаббатни, ҳурматни талаб қила оламиз?
Бу саволларга мутасаддилар қандай жавоб беришар экан? Умуман, жавоб беришармикан? Ҳамма гап шунда…

Т.Ҳакимов.
Шароф Рашидов тумани