Учдан кейин кеч

1901

Япон адиби Масару Ибуканинг Нурмуҳаммад Наргиза Ҳамидулла қизи таржимасида чоп этилган «Учдан кейин кеч» китобидаги кўп мавзулар эътиборимни жалб этди.

Улардан бири соғлом ҳаёт тарзи, яъни болаларнинг пиёда юриши қанчалик фойдали экани ҳақидадир.
Технологиялар ривожланган, тезкор давр­­да яшаяпмиз. Автомашиналар қатнови кўплиги сабаб оналар кўчаларда фарзандларини қўлларидан ушлаб, боланинг бемалол юришига рухсат бермайди. Аслида шошилмай юриш инсон учун фойдали машғулот бўлиб, инсоннинг фикрлаш жараёнига ижобий таъсир этади.
Асарда қайд этилишича, япон ота-оналар фарзандларининг пиёда юришлари ва мустақил бўлишлари учун 7 ёшидан бошлаб мактабга пиёда ва ёлғиз юборишади. Ёки болаларнинг ўзлари метро, автобуслардан фойдаланишади. Уйга қайтиш жараёни ҳам худди шу тарзда кечади. Шунингдек, япон мактабларида фаррош ишга олинмайди. Ўз синфларини ўқувчиларнинг ўзлари тозалашади ва улар учун бу шунчаки иш эмас, балки вақтларини қувноқ ўтказишлари учун машғулот ҳисобланади. Ушбу машғулот «о-сўжи» деб аталиб, ўқувчилар канда қилмай ҳар куни так­рорлашади.
Япон мактабларидаги яна бир қизиқ ҳолат бу – ошхонада овқатларнинг ишчилар эмас, балки ўқувчилар томонидан тарқатилишидир. Болалар супуришади, чангларни артишади, идишларни йиғиштиришади. Бу ишларнинг барчасини мамнуният билан бажаришади.
Япон мактабларининг бирида ўқитувчи бўлган Кёко Такишиманинг айтишича, ушбу ҳаракатлар болаларга қадам-бақадам ўргатилади. Машғулотлар уларнинг ўзига бўлган ишончи ортишига, меҳнатнинг қадрига етишига, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва бир-бирларига нисбатан ҳурмати ортишига сабаб бўлади.
Менинг фикримча, улар шу тариқа меҳнатсеварликка ўргатилади. Кичиклигидан ­мустақил ва меҳнатсевар бўлиб улғайган фарзандлардан келажакдаги фаолиятларида катта-катта ютуқлар кузатилади. Умуман олганда, япон педагогларининг хилма-хил методларидан, ўқувчиларга ҳам таълим, ҳам тарбия берувчи машғулотларидан ибрат олса, арзийди.

Гулбадан НИШОНОВА,
Тошкент шаҳридаги Ёджу
техника институти талабаси