Дўстлик ришталарини мустаҳкамланган эзгулик поезди

1419

Мамлакатимиз минтақамиздаги Афғонистон билан чегарадош уч давлатнинг бири. Ушбу давлат билан умумий чегарамиз 144 километрга узанган.

Чегара сарҳадларимиз, гарчи бош­­қа қўшниларимизникидан қисқароқ бўлса-да, бизнинг бу ўлка билан алоқаларимиз унинг тарихи, хусусан, маданий ва гуманитар, умуммаданий мерос нуқтаи назаридан қараганда, хийла чуқур ва мустаҳкам ришталарга эга. Хусусан, ушбу мамлакат ҳудудида тарихда аждодларимиз бир қанча давлатчиликлар, салтанатларга асос солгани яхши маълум.
Ғазнавийлар, Темур ва темурийлар, бобурийлар барпо этган ва ўз вақтида гуллаб-яшнаган жамиятлар кишилик тарихидан муҳим ўрин эгаллагани айни ҳақиқат. Биргина «Ҳирот адабий мактаби» сифатида тилга олиниб, кейинчалик нафақат шарқ ва мусулмон дунёси, балки бутун олам сўз санъатига дояликни ҳақли равишда даъво қилган Мир Алишер даҳосини бугун ким инкор эта олади?!.
Шу маънода гапирганда, бизни ушбу мамлакат билан нафақат ҳудудий жиҳатдан яқинлик, балки ўтмишнинг ёрқин хотиралари, маданият ва санъат, анъаналар ҳамда қадим зеҳният (менталитет) ҳам боғлаб туради. Қолаверса, ҳозир ҳам мамлакатнинг шимолий қисмида миллионлаб миллатдошларимиз ҳаёт кечириши афғон диёрига ва унинг халқига бўлган ­дўстона муносабатимизни чандон ошириши бор гап.
Деярли 40 йилдан буён нотинч бўлган жафокаш афғон диёрида тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш жараёнларида Ўзбекистон фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар билангина чекланиб қолмаяпти. Бугун мамлакатимиз энергетика, таълим, иқтисодиёт, транспорт соҳасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонис­тондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни яхшилашга катта ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, Президент Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш ва уни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ўнлаб минтақавий ва халқаро форматлардаги концептуал лойиҳаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Бироқ, энг аввало, шахсий ташаббус, яъни оғир кунларни бошдан кечираётган ён қўшнига ёрдам қўлини узатиш, унга мадад бериш, ўйлайманки, бундай инсоний хоҳиш-ироданинг индаллоси ҳисобланади. Барча дунё давлатлари ва халқлари бу ердаги ижтимоий-сиёсий, гуманитар танг аҳволдан яхши хабардор. Узоқ йиллик урушлар, бунинг устига, жаҳонни қамраб олган пандемия келтириб чиқарган гуманитар инқироз мамлакат аҳолисининг силласини қуритганини барча бирдек кўриб турибди. Шундай бир оғир паллада Ўзбекистоннинг қўшни давлат халқини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлагани, ёрдамга шошгани, айтиш мумкинки, кенг жамоатчилик томонидан юксак баҳоланди.
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биродар Афғонистон халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами чин маънода икки давлат бирдамлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Яъни, 1300 тоннага яқин бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат инсонпарварлик ёрдами эзгулик поездида Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрига ­етказилди.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид,
Афғонистон муваққат
ҳукумати расмий вакили:

– Бугунги синовли даврда бизга кўрсатаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлагани ва бирдамлиги учун дўст Ўзбекистон Президентига, унинг халқига барча афғонистонликлар номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Биз бир дарёнинг икки соҳилида яшайдиган, умумий сарҳад, тарих ва маданиятга эга халқлармиз. Ўзбекис­тон томонидан етказиб берилаётган электр энергияси туфайли бугун хонадонларимиз чароғон. Афғон ҳукумати мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаб, дўст ва биродар ўзбек халқи билан барча йўналишларда ҳамкорликни фаол ривожлантириш, икки томонлама хайрли ва қатор истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга интилмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига биринчилардан бўлиб эътибор қаратганини, унинг сиёсатини кўп миллатли халқимиз чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳолайди.

Исматулла Эргашев,
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Афғонистон
бўйича расмий вакили:

– Афғонистоннинг янги раҳбарияти Ўзбекистоннинг биродарлик, яхши қўшничилик муносабатларидан жуда ҳам миннатдор. Улар бир гапни айтишяптики, мана шу кунларда Ўзбекистон Президентининг шахсан топшириғи билан етказилган инсонпарварлик ёрдами Афғонис­тон халқига жуда-жуда керак эди. Афғон халқи инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида етказилганидан миннатдор бўлди, биз буни одамлар юз-кўзидан, муносабатидан аниқ сездик.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ташқи ­сиёсатидаги ўзига хос устувор йўна­­лиш­лардан бири бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутиб, яқин, қўшни ва ҳамкор мамлакатларга нафақат ҳаммаслак бўлиш, балки зарур ҳолларда уларни моддий қўллаб-қувватлашни, инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишни ҳам ўз ичига олади. Ташқи сиёсатимиздаги бу янгича руҳ, прагматик қараш давлатимизнинг халқ­аро миқёсдаги обрў-эътиборини оширишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари иштирокида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг биродар афғон халқига ўз вақтида кўрсатган инсонпарварлик ёрдами халқларимиз ўртасида асрлар оша давом этиб келаётган тарихий, маданий ва маърифий алоқаларнинг яна бир исботи ўлароқ, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Тўра Боболов,
Сурхондарё вилояти ҳокими:

– Қўшни Афғонистон халқи шуни алоҳида эътироф этдики, синовли кунларда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди ҳамда энг оғир вазиятда ҳам чегараларни очиб, савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатишга имконият яратиб берди.
Бўлиб ўтган ўзаро мулоқотларда чегараолди ишчи гуруҳининг фаолият кўрсатиши бўйича таклифлар билдирилди. Бу ишчи гуруҳи икки давлатдаги тадбиркорларга ҳам кенг имконият яратиб берилишига хизмат қилади.
Мулоқотлар чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, чегара- олди савдосини ривожлантириш, Сурхондарё ва Балх вилоятлари қўшма ишчи комиссияси фаолиятини давом эттириш, шунингдек, мавжуд тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Қудратулло Абу Ҳамза,
Балх вилояти губернатори:

– Ўзбекистон Президенти томонидан инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида кўрсатилибгина қолмай, балки бу алоҳида эҳтиёж, яъни, халқларимиз ўртасида асрлар оша давом этиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир ифодасидир.
Бу ёрдам аслида Афғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.
Биз чегарадошмиз, савдо-сотиқ соҳасини бундан кейин ҳам ривожлантириб, давом эттиришимиз лозим. Бундан, энг аввало, биз манфаатдор бўламиз. Ўзаро мулоқотларда бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди. Мазкур ишларни янада жадаллик билан давом эттиришимиз зарур.
Икки биродар халқларимизнинг самимияти бардавом бўлсин.

Саидмуҳаммад Ҳошим,
афғонистонлик тадбиркор:

– Ўзбекистон узоқ тарихдан давом этиб келаётган эзгу анъаналарни давом эттирди. Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Амир Темурнинг ўғли Мирзо Шоҳруҳ бу заминда кўп яхши ишларни амалга оширган. ­Кўприклар, масжиду мадрасалар бунёд этган. Уларнинг ҳозиргача сақланиб келаётганлари ҳам бор.
Бугун Ўзбекистон ҳукумати ана шу тарихий дўстлик ришталари мустаҳкамлигини яна бир бор ­намоён қилди. Биз афғон халқи буни юксак қадрлаймиз.

Дурдона АЛИМОВА