«Тавоф этиб бизлар босган изларни ҳам, эслашарлар бир кун келиб бизларни ҳам»

3568

«Фидокорона хизматлари учун»
ордени соҳиби Раҳматжон
Қурбоновни хотирлаб…

– Ҳар гал «Алиқамбар» куйини чалганимда руҳимда аллақандай енгиллик сезаман… – шундай дея Бола бахшига ўз кечинмаларини баён қиларди саксон ёшларга яқинлашиб қолган Мадраҳим Шерозий.

Тўрхалтасига рубоб жойлаб олган болакай ногаҳон нуронийлар суҳбатинини эшитиб, тўхтаб қолди. Бола бахши Абдуллаев уйи олдида кечаётган гурунг уни сеҳрлаб қўйганди. Кимдир кузатиб турганини илғаган Мадраҳим Шерозий ялт этиб қаради.
– Ассалому алайкум, – деди болакай икки қўлини кўксига қўйиб.
Бола бахши ҳамсуҳбатига изоҳ берди:
– Кўчамиздаги Хударган созчининг боласи бу. Насиб қилса, ундан зўр ҳофиз чиқади.
– Шундайми? – Шерозий дуога қўл очди. – Аллоҳим овозингга шира берсин, торинг булбулдай сайрасин, элда азиз бўлгин!
…Ўшанда Раҳматжон саккиз ёшда эди. Худойберган созчи ўғлига тор олиб берган куни қўлини маҳкам тутиб, «Маромига етказиб чалмасанг, қўлингга тор олувчи бўлма», дея қатъий тайинлаганди.
Хива мусиқа мактабида Ғайбулло Убайдуллаевдан рубоб чалишни ўрганаркан, Раҳматжон соз тарихи, қандай ясалиши, куй қандай таралиши ҳақида кўп саволлар берарди. «Бўладиган бола бошидан маълум» деганлари шу бўлса керак», дея Ғайбулло ака шогирдидан меҳрини аямасди.
…Раҳматжон Қурбонов санъаткор бўлиб туғилган эди. Худойберган ака ва Ленинза опанинг 13 фарзанди орасида ажралиб турарди. Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов уларникига ҳар келганида бошини силаб, порлоқ толе тиларди. Беш ёшида тор чалишни ўрганган Раҳматжон ўн-ўн икки ёшида устозининг барча қўшиқларини ёд олди. 5-6- синфда ўқиб юрган кезларидаёқ эл оғзига тушди. Хива туманида ўтказиладиган маданий тадбирларнинг барчасига уни таклиф қилишарди.
Серфарзанд оилада улғайган барча болалар қатори унинг ҳам суяги меҳнатда қотди. Ўқувчилик кезлари ғишт заводида ишлади. Шавқиддин эшон бобо хонадонида хизматда бўлди, пода боқди. Аммо қаерда, нима билан машғул бўлмасин, фикру ўйи мусиқада эди.
1975 йилда Комилжон Отаниёзовнинг ўлими мухлислар учун оғир жудолик бўлди. Хивалик шинавандалар ўз қалбларидаги ташналикни қондириш учун тез-тез Худойберган аканинг уйига келишарди. Бу ерда Раҳматжон Қурбонов тўлиб-тошиб, Қомилжон Отаниёзовнинг қўшиқларини куйларди. Бу пайтда у Урганчдаги Харратов номли мусиқа билим юртида таҳсил олиш баробарида Хивадаги «Нақш» ансамблида мусиқа раҳбари бўлиб ишларди. 1978 йили Урганчда филармония ташкил қилиниб, Бобомурод Ҳамдамов бадиий раҳбар, Раҳматжон Қурбонов мусиқа раҳбари этиб тайинланди.
Дарҳақиқат, Раҳматжон 16-17 ёшларида профессионал санъаткор сифатида танилган ва тан олинган эди. Шунинг учунми, 1979 йили Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кирганида устоз­лари унга «Сиз ўқигани келдингизми ё дарс бергани?», деб ҳазиллашарди. Консерваторияда Ҳалима Носирова, Шавкат Муҳаммедов, Ориф Алимахсумов, Суйима Ғаниева каби улуғ устозлардан санъат ва адабиёт сирларини пухта ўрганди. Фавқулодда истеъдоди ва улкан билимга эгалиги туфайли тўртинчи босқич талабаси зиммасига ўқитувчилик масъулияти юкланди.
– Ҳар бир киши ўзи танлаган касб сирларини пухта эгаллаши, ўқиб ўрганиши лозим. Бу ҳаммага тааллуқли. Дўхтирга ҳам, муаллимга ҳам. Бўлмағур мутахассисларни кўрсам, дилим ранжийди. Шоир айтганидек, «Кимки бўлмиш ўз ишига ҳийлагар, Унда йўқ инсонликдин асар», деган эди ҳофиз суҳбатлардан бирида.
Раҳматжон Қурбонов учун билим биринчи ўринда турарди. «Бешикдан қабргача илм изла» ҳикматига қатъий амал қилар, ўз устида ишлашдан, изланишдан, ўрганишдан бир кун, бир лаҳза ҳам тўхтамасди. Балки шу сабаб у нафақат хонанда ва созанда, балки санъатшунос, адабиёт ва тарих билимдони сифатида ҳам элда обрў қозонди. Санъат умрбоқийлигига ҳисса қўшди. Муносиб шогирдлар тарбия­лади.
Йигирма тўрт ёшида довудий овоз соҳиби, дея эътироф қилинди. Ундан олдин ва кейин ҳеч кимга насиб қилмаган бу номни кўтариб юриш масъулиятини Раҳматжон Қурбонов яхши англаганди. У нафақат Хоразм сувораларини, балки Тошкент-Фарғона йўналишидаги ашулаларни, Бухоро шашмақомини ҳам авж пардаларда куйлади. У оддий ижрочи эмасди. Яратувчи ижодкор эди. Устози Комилжон Отаниёзов изидан бориб, еттинчи – нимпарда суворани яратди.
– Cанъат тақдири уч тоифага боғлиқ: яратувчи, ижрочи, тингловчи. Мақомларимизни тарихий обидаларни асрагандай асрашимиз керак. Японлар сакура ашуласини 800 йилдан буён қадрлайди. Бир ярим минг йилдан буён яшаб келаётган созларимиз бор. Уларни ким асрайди? – деганди суҳбатларнинг бирида.
Ҳа, ҳофиз доим санъатни асрашга даъват қилиб келган. 17 йил «Лазги» ашула ва рақс ансаблига раҳбарлик қилган йиллари ўзбек санъатини янги асарлар билан бойитган. Жаҳоннинг турли давлатларида санъатимиз жозибасини кўз-кўз қилган. Кейинчалик – Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида, Хоразм вилояти маданият бошқармасида фаолият кўрсатган даврларида ҳам маданият ва санъат ривожига муносиб ҳисса қўшган. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм бўлинмаси раҳбари сифатида юзлаб истеъдодларни кашф этган.
Раҳматжон Қурбонов меҳнаткаш инсон эди. Концерт дастурлари учун сценарийлар ёзар, уларга режиссёрлик қиларди. Паҳлавон Маҳмудни ғойибона устози деб билиб, рубоийлар битди. 2004 йилда чоп этилган «Етмиш икки шаҳр» номли рубоийлар тўплами мухлисларга маъқулу манзур бўлди. 2011 йилда «Санъатнома» туркумининг биринчи китоби «Санъатнинг сирли олами» номи билан чоп қилинди. Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан эл оралаб, устознинг шеър ва ғазалларини тўплади. «Мен ўзбекнинг ўғлиман» китобига ўз шеърларини ҳам илова қилиб «Устоз йўлидан» дея ном берди. Икки тўплам бир китобда жам бўлиши шеърият ихлосмандларини мамнун қилди. Шу йили «Уч бўстон булбули» драмасини ёзиб тугатди ва саҳналаштирди. Юбилей тадбирида драмада бош қаҳрамон образини гавдалантирди. 2020 йилда «Санъатнома»нинг иккинчи ва учинчи китоблари босмадан чиқди. Юзлаб ашулалар яратди. Айниқса, «Хиваки»га бор меҳрини берди. Санъаткорнинг меҳнатлари «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», ­«Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
Ҳофизнинг ­жияни, «Ичан қалъа» музей-қўриқхонасининг Хоразм мусиқа санъати тарихи бўлими мудири Комилжон Аминов 2021 йил арафасида Раҳматжон Қурбонов билан бўлган сўнгги суҳбатини кўзда ёш билан эслайди:
– Раҳматжон оғамнинг орзулари кўп эди. Хиванинг сўнгги хонлари Исфандиёрхон ва Абдуллахонлар ҳақида драма ёзиш истаги ҳақида гапирганди. «Пандемия тугасин, биргаликда жаҳон бўйлаб сафарга чиқамиз. Музей жамоаси Хоразм санъати тарихини экспонатларда намойиш қилса, биз жонли ижрода кўрсатиб берамиз», деганди. Оғам навбатдаги китобида Хоразм сувораларининг моҳир эгалари Полли дузчи ва Қаландар банги ҳақида ёзиш нияти борлигини айтди. Биргаликда маълумот изладик. Буни қарангки, Полли дузчи ҳатто расмга ҳам тушмаган экан. Қаландар ота бефарзанд ўтганига ўлим гувоҳномаси ҳам олинмаган, қабри йўқолиб кетган экан. Раҳматжон Қурбонов Қаландар отанинг ­қабрини қайта тиклаб, обод зиёратгоҳга айлантирди. У санъат ҳам, санъаткор ҳам қадр топиши керак, деб ­ҳисобларди.
Раҳматжон Қурбонов ҳеч қачон мансаб, унвон, шуҳрат талашмаган. Минглаб мухлислари талаб қилишига қарамасдан, «халқ артисти» унвони берилмаганидан хафа бўлмаган. Асл санъат дурдоналарини яратиш насиб этганининг ўзини катта бахт деб билган.
«Ҳозирги айрим санъаткорларимиз томошабинларнинг вақтинчалик олқиш­лари-ю қарсакларига қараб иш тутишади. Ўз санъатини шу томошабинларнинг олқишларига қараб баҳолашади», дерди. Абадиятга дахлдорликни қарсаклар белгиламайди, деб ҳисобларди. «Ҳозирги кунда мусиқа санъатимиз бир оз ғарб ва бошқа миллат мусиқаларига аралашиб кетгандай туюляпти. Бунинг асл сабаби бизда тингловчилик маданияти сал оқсоқроқ ва яхши йўлга қўйилмаганидадир. Мусиқа тинглаш маданиятини биз болалар боғчасидаёқ шакллантиришимиз, мактабларда, ўрта ва олий ўқув даргоҳларида ривожлантиришимиз ва шунга яраша ўқув қўлланмалари яратишимиз лозим», деганди бир суҳбатда ҳофиз куюнчаклик билан.
Раҳматжон Қурбоновни таниганлар таъсирчан инсон эди, деб таърифлашади. Огаҳий ғазалидан илҳомланиб, шамшод дарахтини излаб топгани ва Хивадаги ҳовлисига эккани бунинг бир исботидир. Манманга манман, камтарга камтар эди, деб эслашади. У нафақат унвони йўқ халқ ҳофизи, балки унвони йўқ олим, беминнат дўст, етук шоир ва адабиётшунос, бир сўз билан ифодаланганда, комил инсон эди.
«Тавоф этиб бизлар
босган изларни ҳам,
эслашарлар бир кун келиб
бизларни ҳам»
деб куйлаган эди хонанда.
Йиллар ўтгани сайин ўзбек санъатининг порлоқ қуёши, нодир истеъдод, ноёб овоз соҳиби сифатида Раҳматжон Қурбоновнинг қадри ҳам баландлайверади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ҳофиз «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани бунинг яққол исботидир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»