БОКУНИНГ АРМАН-ЎРИС БОЛЬШЕВИКЛАРИ БОСҚИНИДАН ОЗОД ЭТИЛГАНИНИНГ 103 ЙИЛЛИГИ

1106

Бундан 103 йил муқаддам, яъни 1918 йил 15 сенябрь куни Туркия генерали Нури пошшо қўмондонлиги остидаги Кавказ Ислом армияси Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрини арман-ўрис большевикларининг босқинидан озод этди.

Боку шаҳри арман-ўрис большевиклари босқинидан озод этилган кун – Озарбайжоннинг XX аср тарихидаги энг шавкатли саҳифаларидан бири саналади. Ўша йили Усмонийлар Туркияси ўзи ўта мушкул аҳволда бўлса-да, қардош Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш мақсадида ўзининг Кавказ Ислом армиясини йўллади.

15 сентябрь санаси турк ва озарбайжон халқлари ўртасидаги азалий биродарликнинг энг ёрқин рамзларидан бири сифатида эътироф этилади.

1918 йилнинг сентябрь – октябрь ойларида бир қатор Европа давлатларининг эътирозларига қарамай, Усмонийлар Туркияси бошига кулфат тушган Озарбайжонга биродарлик қўлини узатиб, ўз олдидаги тарихий вазифасини муносиб адо эта билди.

Бокунинг душман босқинидан озод этилиши турк халқининг инсонпарвар халқ эканлигини яна бир бор намоён этди. Хусусан, Нури пошшо 16 сентябрь куни арман-ўрис босқинидан озод этилган Бокуга кириб бориб, ғалаба парадини ўтказар экан, енгилган ўрис офицерларига ҳурмат-ла муносабат билдирди. Нури пошшо, гарчи турк армияси Бокуни озод қилиш операциясида ўзининг 1130 нафар аскарини йўқотган бўлса-да, ўрислардан хун олмади, аксинча, иқтисодий жиҳатдан мураккаб бир вазият ҳукм сураётганига қарамай, ўрис офицерлари ва уларнинг оилаларига моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатди.

Озарбайжоннинг ўша даврдаги энг давлатманд кишиларидан бири бўлмиш Гажи Зейналабдин Тагиев бугунги кунда Озарбайжон Давлат филармониясининг биноси сифатида фойдаланиладиган саройда турк армияси шарафига тантанали дастурхон тузаб, турк қўмондони Нури пошшо ва унинг офицерларига совға-саломлар улашди.

Озарбайжон халқи турк аскарларининг жасоратини ҳеч қачон унутмайди, уларнинг хотирасини ҳамиша ёд олиб, қалбида сақлайди. Миллий мустақиллигини тиклаган озарбайжон халқи ҳар йили 15 сентябрь куни 1918 йили Озарбайжон озодлиги йўлида ҳалок бўлган турк жангчиларининг Боку, Шамаз, Гейчайдаги қабрларини зиёрат қилишади. Ҳалок бўлган турк жангчиларининг хотирасига Бокудаги Шаҳидлар ҳиёбонида ўрнатилган ёдгорлик олдида эса ҳар йили хотирлаш маросими ўтказиб борилади.

Озарбайжон халқи турк армиясининг ёрдамини ҳеч қачон унутмайди, қардош юрт озодлиги учун жонини фидо этган турк аскарларининг хотирасини ҳурмат-ла ёд этади.

Ҳарбий таржимон Шокир Долимов
истеъфодаги подполковник