Мажбурий эмас, аммо…

778

сифат ва малака аккредитацияси фаолиятда нечоғли муҳим?

Деярли ҳар куни оиламиз учун озиқ-овқат ёки яримтайёр маҳсулотлар харид қиламиз. Аммо нимагадир маҳсулотни ишлаб чиқараётган корхона, хизмат кўрсатиш соҳаси ёки лабораториядаги жиҳозларнинг тўғри ишлаши, улар кўрсатаётган натижанинг ҳақиқатан ҳам аниқми, йўқми экани билан камдан-кам ҳолатда қизиқамиз.

Бизнеснинг қонун-қоидаларини яхши ўзлаштирмаган тадбиркорлар кўпинча фойда ортидан қувиб, маҳсулот ёки хизмат сифати устида ишлашни бир четга суриб ­қўйишади. Натижада маҳсулот ишлаб чиқаришда сифатга эътибор берилмайди
Юртимизда 2019 йили ташкил этилган Ўзбекистон аккредитация маркази завод ва корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг инсонга зарари бор-йўқлигини, мувофиқликни баҳолаш органларининг фаолияти тўғри йўлга қўйилган ёки қўйилмаганини ўрганади.
Айни пайтда марказда 50 нафарга яқин мутахассис корхоналарнинг лаборатор ва техник шароитларини, ходимларнинг малакасини, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш органлари фаолиятини ўрганиш билан шуғулланади.
Аккредитация хизмати ихтиёрий бўлиб, марказга ҳозирги кунда асосан маҳсулотини хорижга экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркорлар мурожаат қилишмоқда. Сабаби, хорижлик ҳамкорлар тадбиркорлардан корхонанинг айни турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун аккредитациядан ўтган ва унинг сифати мунтазам ишончли чиқишига кафолат бера оладиган ҳужжат сўрашади. Бу ҳужжатни эса аккредитация маркази йўлга қўйилган фаолият ва маҳсулотни ўргангачгина бериши мумкин.
– Илгарилари марказимизга аккредитациядан ўтиш истагида бўлган мурожаатларнинг 100 тадан 99 таси ўтган бўлса, ҳозирги кунда маҳсулот ва хизматларга, ишчиларнинг малакасига қўйилаётган талабдан келиб чиқиб, ҳолат бир мунча ўзгармоқда, – дейди Аккредитация маркази директори Ансабхон Зокиров. – Масалан, 2021 йилнинг бошидан буён 120 та буюртма кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 32 таси аккредитациядан ўтган. Яъни ўта олмаслик ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Бунинг сабабини таҳлил қиладиган бўлсак, кўпинча ташкилот ёки корхоналарнинг аккредитациядан ўтишини ходимларнинг малакаси белгиламоқда. Синовдан ўтолмаётганларнинг кўпида ходимларнинг малакаси етишмаслиги кузатилмоқда. Чунки шароит, ускуна ва ҳатто ҳужжатларни пул билан сотиб олса бўлади. Аммо ходимларнинг малакаси сотиб олинмайди. Бунинг учун малака, вақт, кўникма, қунт, ўқиш ва хоҳиш керак бўлади. Афсус­ки, бугун кўпчилик соҳаларда ходимларнинг малакаси қониқарли аҳволда эмас. Хусусан, йўналишимиздан келиб чиқадиган бўлсак, мувофиқликни баҳолаш органлари ходимлари учун еттита малака ошириш маркази фаолият юритмоқда. Биз аккредитациядан ўтолмаган ташкилотларга камчилик қайси ўриндалигини, уни тузатиш учун нима қилиш кераклигини, ходимларнинг қайси йўналишда билимини ошириш зарурлигини тушунтирамиз.
Амалдаги тартибга кўра, мажбурий аккредитация бекор қилинган. Масалан, мувофиқликни баҳолашдаги ташқи кўрикни ўтказиш учун аккредитация олиш талаби бекор қилиниши натижасида 268та лабораторияда 52 тадан кўрсаткич қисқармоқда. Бу эса аккредитация олиш учун сарфланадиган маблағ иқтисод қилинишига замин яратади.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»