Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

2177

Мамлакатимиз ташқи сиёсат стратегиясида нуфузли халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласи устувор аҳамиятга эга бўлиб, бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бундай ҳамкорлик алоқалари кучайиб бормоқда.

Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Дўстона ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлмиш мазкур ташрифдан кўзланган мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро таж­риба алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш борасида келгусидаги йўналишларни белгилаб олишдир.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари ташриф давомида мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, бу орқали кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан таништирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратилла Рафиқовнинг Қозоғис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси Сатибалди Даулеталин раҳбарлигидаги делегация вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов меҳмонларга Президентимиз томонидан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари, хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар, уларнинг аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётгани тўғрисида батафсил маълумот берди. Айниқса, Марказий Осиё минтақасида янги тамойилларнинг кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган қатор муаммолар ҳал этилиб, қўшни давлатлар билан дўс­тона муносабатлар ривожлангани ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш имкониятлари яратилганига алоҳида урғу берилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг тобора ривож топиб бораётгани, шунинг­дек, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги алоқалар мус­таҳкамланиб, янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ­фаолиятининг устувор йўналишлари, мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Таъкид­ланганидек, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва 6 миллионга яқин касаба уюшма аъзосини бирлаштирмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунининг қабул қилингани жуда катта воқелик бўлди. Мазкур қонун билан касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ваколатлари кенгайгани, хусусан, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари тузилгани, тадбиркорлик, хусусий мулк устуворлиги шароитида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали муҳофазалаш имконияти кенгайгани қайд этилди.
Республикамизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик натижасида Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса жамоа шартномаларини тузиш амалиёти йўлга қўйилгани таъкидлаб ўтилди.
Бош келишув асосида бугунги кунда мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудий келишувлар, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари амал қилаётганига эътибор қаратилди. Мазкур локал ҳужжатларнинг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма- босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган ­кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларига кўра, ижтимоий ҳимояталаб қатламларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, жисмоний имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Меҳмонларга шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 24 та санаторий, 1 та дам олиш ­маскани, 23 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи мавжудлиги, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида экани тўғрисида маълумот берилди. Федерация қошидаги Юридик клиника ҳамда унинг тизимида йўлга ­қўйилган аҳоли билан Қайта алоқа механизми фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси ва Қайта алоқа механизми, тизимдаги санаторийлар фаолияти билан бевосита танишдилар.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси ташрифи давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш, жамоатчилик назоратининг шакл ва услубларини ривожлантиришда икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва самарали ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида тўхталинди.
Ўз навбатида, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда олиб борилаётган бугунги ўзгаришлар Янги Ўзбекистоннинг янги тарихини ­бошлаб бергани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар.
Делегация аъзолари Ўзбекис­тон касаба уюшмалари фаолиятидаги илғор тажрибалардан ўрганилиши лозим бўлган жиҳатларнинг кўп эканини таъкидлаб, хусусан, санатор-курорт муассасалари тизимини такомиллаштириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, туризм соҳасини ривожлантириш, халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳаларида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си тажрибасини ўрганиш истагида эканликларини билдирдилар.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот
хизмати раҳбари