Бу кунлар шукуҳи

825

Янги Ўзбекистондаги энг улуғ ишларда мен шундай ҳикматларни кўрдим. Улар билан фахрландим. Гарчи ёшим улғайиб бораётган бўлса-да, қонимда ўзгача жўшқинлик – бунёдкорлик туйғуларини сезмоқдаман.
Ватаннинг юксак довонларини кўрмоқлик бахтига етганимизга шукр!
Ва яна шуни айтмоқчиманки, Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда бунёд этамиз. Бунинг учун эса эзгу ғояларни ҳақиқатга айлантираётган УЛУҒ ЕТАКЧИ, ­миллат сардори атрофида бирлашишимиз лозим.
Шунда бундан-да юксак довонларга биргаликда кўтарилажакмиз. ­
Мен бунга ишонаман.

Йўловчи бир манзилга етиб, бир нафас тин олар экан, ортга боқиб, юрган йўлини сарҳисоб этади. Кўрган манзараларини, воқеликларни таҳлил қилади, хулоса ва ҳикматлар чиқаради.
Инсон умрини ҳам йўлга менгзаш мумкин. Умр йўлларининг гоҳ машаққат сўқмоқлари, гоҳ роҳат манзиллари бор.
Мен айни лаҳзаларда, чораги кам бир асрлик умр йўлларимда шундай хулосага келмоқдаманки, Ватаннинг бир парчаси бўлган инсоннинг умр сўқмоқлари унга туташ, тақдири у билан боғлиқ экан. Айниқса, хизматини эл билан боғлаган инсоннинг тақдири ҳам, ўй-фикрлари ҳам юрт тақдирига уйғун кечар экан.
Мен Ватаннинг муаззам бир бўлаги, таъбир жоиз бўлса, юраги бўлган азим Тошкентда туғилиб, вояга етдим. Хизмат тақдирим шу кентга, шу элга боғланди. Турли идораларда, бошқарув нуқталарида ишладим. Шу сабаб азим шаҳарнинг дардини, ютуғини теранроқ англадим.
Бугун умрнинг яна бир довонида ортга боқиб, салкам ярим аср давомида Тошкентнинг не-не қувонч, не-не ташвишларига шерик бўлганимни кўрмоқдаман.
Қувончлиси шуки, айни дамда бошкентимизнинг янги довони барчасидан баландроқ ва муҳташамроқдир.