Асоссиз қарздорлик унга ким барҳам беради?

924

Ҳаммамизга маълумки, юртимиз бўйлаб хонадонларга давлат бюджети ҳисобидан АСКУГ (ТГНҲАТ) тизимига уланган ақлли ва замонавий электрон ­ҳисоблагичларни бепул ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Поп туманида ҳам…
Аммо шу жараёнда эшитган қулоққа хуш келмайдиган сўзлар аҳоли ичида оралаб қолди. Гап шундаки, эски ҳисоблагич янгисига алмаштирилганидан сўнг асоссиз қарздорлик пайдо бўлмоқда.

Поп тумани «Ифтихор» маҳалласида яшовчи Улуғбек Пирматов ана шундай муаммога дуч келганлардан. Унинг турмуш ўртоғи Шоҳиста Исроилованинг айтишича, 5 миллион сўм асоссиз қарздорлик юзага келган.
– 2018 йил Фарғонага кетган эдик, – дейди Шоҳиста Исроилова. – Маълум фурсатдан сўнг қайтиб келдик. Ўша вақтлар газ ҳисоблагич бирор киловатт ёзмагани сабабли тумангаз ходимлари ускуна икки йил давомида ишламаган, яъни ишдан чиққан, дея хулоса қилишди ва 5 миллион сўм қарзни қўйиб кетишди. Кейинроқ текширишлар натижасида ҳисоблагич ишлаётгани маълум бўлди. Аммо бу қарздорлик ҳақидаги маълумот вилоятга жўнатилган экан, энди эса тумангаз идорасидагилар масалага нуқта қўёлмаяпти.
Улуғбек Пирматовнинг қўлида ушбу хонадонда қайта ҳисоб-китоб­лар натижасида собиқ назоратчи А.Нишонов томонидан техник хатолик сабабли нотўғри далолатнома киритилгани ва асоссиз қарздорлик юзага келгани мазмунидаги тумангаз тақдим этган ҳужжат бор. Унда асоссиз қарздорликни бартараф қилиш учун «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиалининг 2021 йил 21 апрелдаги 224-сонли буйруғи баён этилган. Аммо муаммо 4-5 ойдирки, ҳал этилмаган. Хонадон эгаларининг тегишли ташкилотларга мурожаати ҳам жавобсиз қолмоқда.
02010190541 рақамли газ ҳисоб­лагич эгасининг айтишича, эски газ ҳисоблагич янгисига алмаштирилаётгандаги охирги кўрсаткич 800 киловат бўлгани ҳолда ўз-ўзидан ­компьютерда 1192 киловат қарзни кўрсатган. Фуқаро Фикрет Ғаффоров «Поп тумангаз» газ таъминоти бўлимига тегишли фотосуратлар билан мурожаат қилади. Муаммо ҳал этилиши ваъда қилинади. Аммо масала ҳамон очиқ қолмоқда.
Туманнинг Ҳамид Олимжон номли маҳалласида яшовчи Марям Мирзаева хонадонида ҳам юқоридаги каби ҳолат кузатилган.
– Ҳисоблагич февраль ойида ишдан тўхтаган экан (буни кейин билдик) ва ҳеч қандай огоҳлантириш бермасдан туриб далолатнома расмийлаштирилган, – ­дейди ­Марям онанинг ўғли Эркин Мирзаев. – Яқинда табиий газдан 2300000 сўм миқдоридаги қарздорлик ҳақида хабар келди. Ҳайрон бўлиб, «Поп тумангаз»га борсак, ҳисоблагич ишламагани сабабли хонадоннинг ҳажмига қараб, ҳисоб­ланган экан. Уйимиз эски, битта овқат ва битта иситиш печкаси (у фақат қишда) ишлатилади, холос. «Ҳисоблагич ишдан чиққан бўлса, нега ўз вақтида назоратчи хабардор қилмади», дея ташкилотга юзландик. Айтишича, назоратчи ишдан кетган ва бу ҳолатни тўғрилаб бўлмас экан, қарздорликни эса тўлашга мажбур эканмиз. Ноилож, 2000000 сўм тўладик, яна 300000 минг сўмдан зиёд асоссиз қарздорлигимиз бор.
– Аввал ишлаган назоратчилар кўрсаткични уйга келмасдан, ҳисоб­лагичга солиштирмасдан ошиғи билан базага киритаверган, – дей­ди «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи М.Ҳайитова. – Ташкилот бу ҳолат юзасидан ҳеч қандай чора кўролмаслигини, асоссиз қарздорликни ишдан бўшаб кетган назоратчини топиб, ундиришимни айтишди. Мен уни топ­дим, лекин у бу қарздорликни ёзмаганини ­айтди. Хуллас, ташкилот айбни собиқ назоратчига ағдарса, собиқ назоратчи ташкилотга ағдарди. Охир-оқибат фойдаланмаган газ учун ҳақ тўладим.
– Шу йилнинг май ойи бошларида табиий газ ҳисоблагич янгисига алмаштирилди ва бир муддатдан кейин ўчиб қолди, – ­дейди Ҳамид Олимжон номли маҳаллада яшовчи Адҳамжон Мирзараҳимов. – Кейин аёлим 50000 сўм тўлов қилиб келди. Шунда ҳам газ ёнмади. Вазиятни ўрганиш учун ташкилотга борсам, 300000 сўмдан зиёд қарздорлик борлиги учун газ ёнмаётган экан. Мен ойма-ой табиий газ учун тўловни канда қилмасдим. Кейин ташкилотнинг вилоят бўлимига ариза юбордим. Аммо муаммонинг ҳал бўлишидан ҳамон дарак йўқ. Ҳозирги кунда «Поп тумангаз» газ таъминоти бўлими томонидан табиий газ вақтинчалик очиб берилган, лекин қарздорлик ҳам, устига-устак, унинг фоизи ҳам ошиб бормоқда.
Туманнинг «Тинчлик» маҳалласида фақатгина ёз фаслида истиқомат қилувчи 02010190670 ҳисобрақамли истеъмолчининг айтишича, шу йилнинг май ойи бош­ларида табиий газ ҳисоблагич янгисига алмаштирилган пайтда, истеъмолчи ҳақдор бўлгани ҳолда, орадан бир муддат ўтгач, фуқаронинг мобиль телефонига табиий газдан қарздор экани ҳақида хабар келган ва газдан узиб ­қўйилган.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаро ҳамроҳлигида «Поп тумангаз» газ таъминоти бўлимига бордик. Чамаси ярим соат давом этган суҳбатда масала ҳал бўлмади. Фақатгина муаммоли вазият бўйича вилоят бошқармасига ариза юбориш кераклигини айтилди. «Лекин эски ҳисоблагич муддати ярим йилга кечиккани сабаб, ариза юборилган тақдирда ҳам ижобий ҳал бўлмайди, аксинча, ўзингизга ортиқча ғавғо бўлади», деган жавобни ҳам эшитдик. Пандемия вақтида юқоридаги ҳолат бўйича турли тўловлар ва шу турдаги амаллар 2021 йил 1 августга қадар узайтириш ҳақидаги ҳукумат қарори бўлим бошлиғининг ёдидан кўтарилган ёки умуман бехабар…
Биз аҳолининг юқорида аҳолининг норозилигига сабаб бўлган бир неча ҳолатни келтириб ўтдик. Туман марказидаги уч-тўртта маҳалладан шунча арзу-дод чиқди. Қолган етмишдан ортиқ маҳаллада бундай муаммоли вазиятлар қанча экан?!.
Ишни чувалаштираётган яна бир жиҳат, мазкур ҳолатлар бўйи­­ча «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиалига юборилган аризалар ҳамон жавобсиз қолмоқда.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, аҳолини сарсон ва турли шубҳаларга солаётган бу каби ҳолатлар қачон ўз ечимини топади?

Шоҳрух РАҲИМОВ,
Зуҳра НОРЙИГИТОВА,
журналистлар