Ҳайратлар шалоласи

1430

Сангардак шаршараси ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У Сариосиё туманида. Суви пурвиқор тоғнинг 150 метр баландликдаги улкан қояларидан камалакдек товланиб оқиб тушади. Ёйсимон шаклдаги эни 80 метрча келади. Баъзи жойларда кучли шовва ҳосил қилиб ёки тош­дан-тошга урилиб, пастга отилади. Ям-­яшил сунбулалар эса шаршарага алоҳида кўрк бағишлайди.

– Дунёда ўхшаши йўқ Сангардак шаршараси бетакрор манзараси билан асрлар оша инсониятни ҳайратга солиб келади, – дейди Термиз давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Сайфулла Турсунов. – Ўзгача тароватдан баҳраманд бўлиш учун нафақат ҳамюртларимиз, балки Жанубий Корея, Афғонистон, Хитой, АҚШ, Россия каби мамлакатлардан ҳам кўплаб сайёҳлар бу гўшага ошиқадилар. Шу ўринда эътиборингизни бир далилга қаратмоқчиман. ХVl аср ўрталарида бу ерга келган усмонли турк саркардаси Сейди Али Раис ўзи яратган «Миръотул мамолик» («Мамлакатлар кўзгуси») номли асарида Сангардак шаршараси ҳақида қуйидаги жумлаларни битиб қолдирган:
«Чаҳоршанба шаҳарчасига бориб, Ҳожа Яқуб Чархий қабрини зиёрат этдик. У ердан Чағаниёнга, яъни Ҳисори Шодмонга келдик. Ўзбек султонларидан Темур Султон номига қўйилган ерга келиб, сўнгра Сангардак тоғидан ошдик. Тоғдан ёмғир ёққандек сув томчилари тўхтовсиз томиб турарди. Тоғ этагида шу томчилардан бир катта сой ҳосил бўлган эди. У ерда Ҳақ таолонинг қудратини томоша қилдик».
Ҳа, Сангардак шаршараси – табиат мўъжизаларининг ёрқин намунаси. Аҳолининг айтишича, унинг зилол суви тоғлардаги музликлардан пайдо бўлади. ­Бошқа маълумотларга қараганда, бу шаршарани ҳосил қилувчи булоқ манбаи қоялар бағридаги кўлда жойлашган.
Кейинги пайтларда шаршара ҳудуди ободонлаштирилиб, ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратилди. Қизилсув дарёси соҳили хавфсиз ҳолатга келтирилди. Шунингдек, шаршарага элтувчи йўллар кенгайтирилди.
– Мен ҳар йили ёзда оилам ёки дўстларим билан 3-4 бор шу ерга келиб, дам оламан, – дейди қумқўрғонлик Абдулазиз Холматов. – Бу йил шаршаранинг суви бироз камайди. Кексаларнинг тушунтиришларича, ёғингарчилик кам бўлган ёки қурғоқчилик рўй берган йилларда шундай ҳолат кузатилар, лекин сув бутунлай қуриб қолмас экан. ­Серёғин келган йилларда эса кучли шаршара ҳосил бўлиб, унинг шовуллаши бир неча километр нарига ҳам эшитилиб тураркан. Тепадан Сангардак сойига оқиб тушаётган сув шунчалар тиниқ ва мусаффоки, кафтингизга олиб қарасангиз, юзингизни кўзгуда кўргандек бўласиз. Бундан ташқари, у жуда совуқ. Ёзнинг қоқ чилласида ҳам бир қултум ичсангиз, тишларингизни зирқиратиб юборади.
Суҳбатга «Зодиак касаба сайр» масъулияти чекланган жамияти раиси Зафар Номозов қўшилиб, шундай дейди:
– Ҳозир бу ерда экотуризмни ривож­лантириш ҳамда хорижий сайёҳларни чорлаш учун кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётир. Шаршара чор-атрофида серҳосил боғ-роғлар барпо этилган. Шунингдек, бир неча тадбиркор саёҳатчиларга атаб меҳмон уйлари қурган ва яна қуришда давом этмоқда. Сангардак шаршараси баҳор, ёз, куз ойларида фусункор кўриниши билан хорижлик сайёҳларни ўзига ром этса, Сангардак ва Хондиза йўли бўйидаги Нелу қиш­лоғидаги тиниқ сувли булоқ ёнида ўсаётган, диаметри ­22 метр­­га тенг кўҳна чинор уларнинг ҳайратини янада оширади.
Қадимги Скандинавия халқлари шаршараларни боқий дунёга ўтиш дарвозаси ҳисоблашган. Шунга кўра, уларга сиғинишган, пойида қурбонликлар қилиб, илоҳий маросимлар ўтказишган. Ҳозир эса шаршараларга табиат ҳодисаси сифатида қаралади. Шундай эса-да, улар аввалгидек ўз жозибаси билан катта-кичикни бирдек лол қолдиради. Бунинг сабаблари кўп. Масалан, Сангардак шаршарасидан оқадиган зилол сув одамни тинч­лантиради, ортиқча ­безовталанишлар ва асабийлашишларни бир зумда бартараф этади. Ғаройиб табиати ва салқин шабадаси бу ерни одамларнинг севимли зиёрат масканига айлантирган. Шунинг учун офтоб нури деярли тушмайдиган хушҳаво манзилни кўриш учун сайёҳлар оқиб келишади.
Биз ана шундай ноёб табиий бойлик­ларга эга эканлигимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»