Ечимини кутаётган муаммолар

1289

Шу йилнинг март ойида «Ishonch» газетасида Қамаши тумани Нагаҳон қишлоғида жойлашган 10-умумтаълим мактабидаги камчиликлар тўғрисида «Зиёга муҳтож зиё маскани» мақоласи чоп этилганди.

Унда таълим муассасасидаги муаммолар қаламга олинган эди. Орадан олти ой вақт ўтди. Яна вазият билан танишиш учун таълим муассасасига бордик.
Ўзгариш бор. Жорий таъмир натижасида мактабнинг ҳусни очилибди.
Ичкари кирдик. Биринчи қаватдаги йўлакда чироқлар ёниб турибди. Илгариги дилни хира қилувчи қоронғулик чекинган. Оёқдан зах ўтадиган хонага кирдик. Янги ленолиум тўшалибди. Аммо хира ёнадиган чироқлари ўша-ўша жойида турибди.
Олти ёшли болаларнинг тайёрлов хонасидаги эски, йиртилиб кетган ленолиум ҳам ҳамон ­жойида. Мактаб директори Норбуви Ҳамидованинг айтишича, хонага янги ленолиум тўшаш масаласи яқин орада ўз ечимини топади. У, шунингдек, иккинчи қаватдаги ёнмайдиган чироқлар ўрнига 30 та кам энергия сарфлайдиган лампочкалар олиб келгани, энди улар алмаштириб чиқилишини қўшимча қилди.
Ташқи ҳовлини ёритиш учун яқин ўн кун ичида тўртта прожектор қўйиларкан. Бу масала ечими туман ҳокимлиги томонидан назорат қилинаётгани айтиб ўтилди.
Мактабнинг иситиш қозонхоналари табиий газга мўлжалланган экан. Табиий газ эса йўқ. Қозонхонага кўмир ёқиб, муаммога ечим ҳам анчайин қийин. Кўп кўмир кетаркан. Шу боис қўлбола печкалардан фойдаланилаётгани айтилди. Ечим – қозонхонани алмаштириш. Муассаса раҳбари бу масала бўйича ҳам изланаётганини айтиб ўтди.
Ёнғин хавфсизлиги ҳовузини таъмирлаш, четини темир панжара билан ўраш ва темир қопқоқ қўйиш масаласи ҳам ўлда-жўлда. Ваҳоланки, мактаб муаммолари ҳақида юқори ташкилотларга, таҳририятга шикоят хати ёзган Раҳматилла Менгиров айнан ёнғин хавфсизлиги ҳовузи бўйича ҳам ёрдам сўраган.
Гарчи, давлат томонидан мактабнинг жорий таъмири учун ажратилган 250 миллион сўмга сезиларли ишлар қилинаётган бўлса-да бу маблағ ёнғин хавфсизлиги ҳовузи таъмирига ортмаётир. Хўш, энди нима қилиш керак? Айнан ёнғин хавфсизлиги ҳовузи масаласида ва мактабдаги бошқа катта харажат талаб қиладиган масалаларга яна (масалан, ишламаётган иситиш қозони) мақсадли маблағ ажратиладими? Бу муаммолар нечоғлик муҳим ёки муҳим эмас? Жавобни яна мутасаддилардан кутиб қоламиз.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»